Шерали Жўраев: «Биринчи муҳаббатим – санъат!»
Қўшиқ инсонни ўзгартириши мумкинми? Ҳа, агар у Шерали Жўраев ижросида бўлса. Ҳар сафар Шер аканинг қўшиқларини тинглагунча бир одам, тинглаб бўлгач бошқа одамман: тозароқ, ҳамдардроқ, донороқ, эзгуроқ. Ҳақиқий санъат инсон кўнглини тарбиялар экан. Шу сабабли Шерали Жўраев билан суҳбат уюштириш таклифини жон деб қабул қилдим, гарчи интервью мен учун ноодатий, ноқулай ва мураккаб жанр бўлса ҳам.
– Келинг, суҳбатимизни ҳаммани қизиқтирадиган саволдан бошлаймиз. Қачон «Истиқлол» санъат саройида яккахон концерт берасиз?
– Тез орада яккахон концерт бериш ниятим бор. Айрим ташкилий ишларни ҳал қилишимиз керак. Яқинда дебоча бир дастур қилиб, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида халқ эътиборига ҳавола этдик.
– Бугун ҳамма тирик, жонли овоз жинниси. Бу фонограмманинг таъсири, албатта. Аммо зўр овоз билан ҳам кўнгилларга кириб бора олмаётганлар қанча. Овози бор-у, қўшиғи йўқ хонандалар талай. Умрбоқий қўшиқ учун фақат овознинг ўзи кифоями?
– Умрбоқий қўшиқ учун, албатта, овоз керак. Овозсиз, шунчаки чиройли мусиқа устидан гапириб қўяқолиш ҳам мумкин, одамлар куй сеҳрига маст бўлиб эшитаверади. Аммо қай бирининг умри узун бўлишини овоз белгилайди. Кейин оҳанг ва мақом ҳам муҳим. Мусиқа одамнинг генида бор нарса. Эшитгандирсиз, одамнинг тупроқдан яралган жисмига руҳ куй орқали кирган. Гўдак болаларга мусиқа қўйиб берсангиз, ўйнаб кетади. Буни уларга ҳеч ким ўргатмаган. Ўша дамда уларнинг руҳи рақсга тушаётган бўлади. Яхши қўшиқдан руҳ шифоланади, ёмон қўшиқдан эса хасталанади. Яъни мусиқа одамнинг руҳи учун яратиладиган нарсадир.
Яхши қўшиқ инсоннинг руҳида қолади, ана шундан у умрбоқий бўлади. Овози яхшилар кўп. Фақат яхши қўшиқ куйлаш учун куйловчида овоздан ташқари илм ҳам бўлиши керак, яъни мусиқа илми. Мактаб кўриш лозим. Профессионал бўлиши керак. Ўз қўшиғини топиш масаласи муҳим. Бу истеъдоднинг санъатдаги ўз йўли, услуби деганидир.
Бир пайтлар, ёшлигимда мен ҳам Маъмуржон Узоқов, Комилжон Отаниёзовларнинг қўшиқларини севиб тинглаб, уларга ўхшатиб айтгим келарди. Айтардим ҳам. Расул қорини роса тинглардим. Таваккал Қодировнинг баланд, сопранога ўхшаш ингичка овози бор эди, у кишининг қўшиқлари менинг овозимга тўғри келмаса ҳам, бирор нима ўрганиш учун тинглардим. 13-14 ёшларда инсоннинг овози ўзгаришни бошлайди. Илгари баланд пардаларни олган овоз ўшанинг ярмигача ҳам кўтарила олмаслиги мумкин. Шахсан ўзимда шундай ҳолат бўлган. 14 ёшгача Комилжон Отаниёзов, Маъмуржон Узақовларнинг баланд пардаларини мен ҳам олардим. Бир куни туманимиздаги маданият уйига Маҳмуд ака деган бир устозга шогирд тушишга бордим. У киши Маъмуржон акаларнинг қўшиқларини жуда яхши айтарди. Мени эшитиб кўрмоқчи бўлишди. Бир қўшиқни бошладим. Аммо авжига келганда овозим ҳеч чиқмайди денг. «Жўна, сендан қўшиқчи чиқмайди!» деб юборишди. Уйга қайтаётганда тутқатордан келаяпман-у ич-ичимдан йиғлайман. Шунда бир ички овоз айтди: «Минг яхши қилиб, ўзига ўхшатиб айтганингда ҳам, барибир у қўшиқ Маъмуржон Узақовники бўлиб қолаверади. Сен ўз йўлингни, ўз қўшиғингни топишинг керак!» Шундан кейин мен ўз йўлимни топиш учун излана бошладим.
– Ижодкор шахси ҳақида. Абдулла Орипов умрининг сўнгги кунлари бу масала ўткирлашди. Ҳақиқий ижодкор – Оллоҳ назари тушган, истеъдод юққан инсон. Бошқа тарафдан, у ҳам одам, хато қилиши мумкин. Ўзингиз куйлаганингиздек «Бир гуноҳинг кечирмади дўсту ёру гўзал дилдор... Кечиргувчи вафоли ёр тополмадим сандан бўлак (яъни Оллоҳдан бўлак)» Дарҳақиқат, мухлислар, омма шафқатсиз, кечириши қийин. Сизнингча, ижодкорнинг хато қилишга, қусурларга эга бўлишга ҳаққи борми? Санъаткор шахси унинг ижодига соя солиши тўғрими?
– Санъат илоҳий. У покизаликни яхши кўради. Шоирларга эса Яратганнинг назари тушган бўлади. Ахир улар гўзал шеърларни худди биров айтиб тургандек, аллақандай ички, илоҳий бир овоз таъсирида яратишади-ку. Аммо инсон бўлгандан кейин хато қилади. Абдулла ака жуда улуғ инсон эди. Мен унинг шахсини яхши билар эдим. Абдулла Орипов советлар тузуми пайти ҳам «Ўзбекистон қачон мустақил бўлади?!» деган гапни баралла қўрқмай айтиб юрган инсон эди. Шеърлари худди тупроққа ўхшайди, шундай кафтингизга олсангиз, гиёҳ-чечак ўсиб чиқадигандек туюлади. Шоирнинг ҳам ўзига яраша камчилиги, хатоси бўлади. Сиз, бегоналар, унга дўст, яқин бўлсангиз, бориб хизматини қилинг, устозингиз, ошнангиз бўлса, хабар олинг. Бегона бўлсангиз, узоқроқ кетинг – тамом. Уни тушуна олиш керак. Абдулла ака советлар тазйиқи остида яшаган, қалби нозик, юраги безиллаб қолган инсон эди. Ҳар бир сўзи учун неча жойда ҳисоб бериши керак бўлган. Ҳатто улуғланиб, азиз бўлган пайтлари ҳам эҳтиёткор бўлиб қолганди. Буни тўғри тушуниш даркор. Санъаткорнинг маънавий қиёфасига қайтадиган бўлсак, у имкон қадар пок бўлишга интилиши шарт. Лекин халқ, омма ҳам унинг хатоларини тушуниши, инсон эканини эътибордан қочирмаслиги, санъати, ижоди бошқа-ю, яшаш тарзи бошқа эканини қабул қилиши лозим. Гуноҳлари учун ўзи Яратганнинг олдида жавоб беради, биз инсонлар эса истеъдодларни қадрлашимиз керак. Улар ҳар куни туғилавермайди.
– Сиз нафақат қўшиқ айтасиз, шоирлигингиз ҳам бор, қатор қўшиқларингизнинг сўзини ёзгансиз. Эшитишимча, ёшлигингиздан адабиётга алоҳида эътиборингиз ва иқтидорингиз бўлган экан. Адабиёт ҳаётингизда қандай ўрин тутади?
– Адабиётга қизиқишимга отам раҳматлик сабаб бўлганлар. У киши фермада чўпон бўлиб ишлардилар. Аммо илмга жуда хайрихоҳ инсон эдилар. Менга ёшлигимдан китоб ўқишимни уқдирардилар. Кўп китоблар олиб келиб берганлар. Улар орасида ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг «Хамса» асари ҳам бор эди. Ўқийман-у, лекин тушунмайман. Шунга қарамай ўқийвераман. Аммо арузда оҳангини жуда жойига қўйиб ўқирдим. Отам дод деб юборардилар, бу бола олим бўлади, дердилар. Оиламизда олимлар, уламолар кўп йиғилишарди. Ўзимча ҳайрон қоламан: отам оддий чўпон бўлса ҳам, нега илм аҳли уйимизда кўп йиғиларди? Кейинчалик эшитишимча, отамнинг оталари, боболари катта бой ва зиёли инсонлар ўтишган, яъни қонимизда илмга, зиёга интилиш кучли бўлган. Ана шу нарса уйимизга илм аҳлини чорлаган бўлса, ажаб эмас.
Мен Алишер Навоий, Жалолиддин Румий, Заҳриддин Муҳаммад Бобур, Махтумқулини кўп ўқиганман ва ҳамон ўқийман. Уларнинг ижоди тубсиз бир уммон. Ҳазрат Навоийда илоҳиёт ажиб бир тарзда намоён. Уни ўқиб домла Анвархон қори йиғлаб юборадилар. Чунки Навоийда ишоралар, бундан 5 минг йил аввалги воқеа-ҳодисаларга ҳам ишоралар бор. Улкан ишоралар. Хуллас, мен ёшлигимдан шундай асл адабиёт ичида ўсдим. Ундан менга, руҳиятимга нимадир юқмаган бўлиши мумкин эмас.
– Замонавий шеъриятимизга қандай баҳо берасиз? Кузатасизми замонавий шоирлар ижодини?
– Бир марта Олимжон деган олим дўстимиздан бугунги шоирларимиз ҳақида сўрадим. Ўнтача китоб келтириб берди замонавий шоирлардан. Бир-бир ўқиб бир чекка олиб қўявердим. Озгина ўқийман-у, аммо негадир аввал бу нарсаларни ўқигандек бўлавераман, яъни янгилик кўрмадим. Албатта, яхши ёзишаяпти, тўғри ёзишаяпти. Аммо уларни ўқисам, бу ёқда ҳазрат Навоий қолиб кетаяпти. Мен Навоийга қайтгим келаверади. Замонавий шоирларам Навоийни кўп ўқисалар яхши бўларди. Янада кўпроқ ўқисалар...
Навоийни англатиш, тушунтириш бўйича мактабларда ўқитувчилар, уйда ота-оналар ҳам меҳнат қилиши керак. Ўзбек халқидек бағрикенг, меҳмондўст, беғубор миллат дунёда йўқ. Ўзбек энг истеъдодли ва тезпишар халқ, яъни бизда истеъдодлар кўп чиқади. Бу миллатнинг болаларини яхши ўқитиш керак. Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Борбурнома»да турк султонларига ғазал ўқилади, мўғул хонларига эса туюқ дейди. Яъни мўғулларда ғазал йўқ. Ғазал юксак бадиий жанр, уни мўғул тушунмайди, турк тушунади деяпти Бобур. Нафис ва юксак шеърият, адабиёт бизнинг миллатимиз қонида бор.
– «Ўлтирур»нинг тарихини айтиб берсангиз. Мен, негадир, уни Навоий ғазали билан айтилган деб юрардим. «Шерали Жўраев сўзи ва мусиқаси» деган гап мени илк эшитганимда ҳайрон қолдирганди.
– «Ўлтирур» – йўлда ёзилган қўшиқ. Хўжанддан қайтаётганимизда нимагадир шундай бир нарса ёзгим келиб қолди. Йўлда гўзал манзараларга дуч келдик. Шундан илҳомландимми ёки ўшанда йўл бўйида ўтирган нотаниш аёлданми. Хуллас, манзара чиройли эди. Қизнинг ғамгин чеҳрасини тасаввур қилдим. Йўлда давом этавердиг-у, аммо ўша қиз хаёлда қолди. «Нега ундай ўтирибди, бирор дарди борми?» деган фикрлар мияда айланаверди ва куй, ортидан сўзи ўз-ўзидан хаёлимга келаверди. «Ўлтирур» бизнинг гўзал ўзбек аёлларига аталган қўшиқ, унда аёлларимизнинг барча фазилатларини ўзида жамлаган бир маъсума образи бор. Умуман, мен йўлда кўп ижод қиламан. «Оппоқ ойим» ҳам шундай, йўлда яратилган қўшиқлардан. Энди Навоийникига ўхшатдим деганингизга келсак, мисол асосида тушунтираман бу ҳолатни. Бир ёзган нарсам бор эди:
Бир гумон бордир маним қалбимда доим бегумон,
Бу гумондин лаҳза ҳам кўнглим тополмас ҳеч омон,
Воҳ, не тонг, боққач ул моҳрўй рухсорим этмишдир сомон,
Бу нигоҳдин қочмоқ истаб ўзни ташлаб ҳар томон,
Чун ҳазондек пойин ўпдим зора топсам деб омон.
Воҳ, қутулмоқлик гумондир барги ҳазондек ҳам ётиб,
Нозанинлар сайр этарда нозик аёғига ботиб,
Илтифот қилғай яна ширин-шакар сўзлар қотиб,
Бу не сориғ барг экан деб, олгай рўмолиға тақиб,
Кўзу сўзидан йироқроқ кўрмадим ўзни ҳамон...
Яъни Оллоҳнинг назаридан пана жой йўқ, бироқ бир япроқ унинг назаридан қочмоқчи бўлиб ерга узилиб тушади, шунда нозанинлар сайр қилиб юриб, у япроқни кўриб қолишади ва чиройли экан деб юзларига тақиб олишади. Япроқ яна ўша рухсор қаршисига бориб қолади (яъни нозанинда Оллоҳ ҳуснининг тажаллиси бор, япроқ шу ҳусннинг олдига бориб қолди). Бир даврада шу қўшиқни айтсам, катта бир ёзувчи «Ваҳ, ҳазрат Навоий жуда зўр ёзган-да», дейди. Бу менга берилган энг юксак баҳо эди. Ҳа, фикр у кишиники, Навоийдан илҳомланиб, руҳланиб ёзилган муҳаммас бу. Худди шундай «Ўлтирур»да ҳам ҳазратнинг иси бор.
– Ўғилларингизни ҳамма танийди, қизларингизни эса йўқ. Бу табиий, албатта, қизларни бегона кўзлардан авайлаб-асраш керак. Лекин газетамиз аёллар учун. Шу сабабли муштарийларимиз ҳаётингизда катта роль ўйнайдиган, сизга яқин аёллар ҳақида гапириб бера оласизми? Айниқса, онангиз ҳақида...
– Менда қатьият, шижоат, қаттиққўллик бўлса – отамдан, юмшоқкўнгиллик – онамдан. Онам Баҳринисо ая ўрта бўйлик, юмшоқкўнгил инсон эдилар. Бутун умри меҳнатда ўтган, оиладаги 6 фарзанднинг парвариши, рўзғор хизматларидан қадди букилса-да, ҳеч нолимаган инсон. Бутун умр дуо қилиб ўтди, дуо қилганда ҳам ўзига сўрамасди, балки бутун халқни дуо қиларди. 95 ёшларидан ётган жойларидан ҳам намоз ўқиб ўтдилар. Аёлим онамнинг дуоларини кўп олган, энди ўзи ҳам у кишига ўхшаб бораяпти. Уч қизим бор: Шукрона, Баҳрона, Муштарий. Шукрона психологияни битирди. Баҳрона ва Муштарий бу йил талаба бўлишди. Қизларимиз мактабдан ташқари илмни уйда олишди, ҳозир ўқишга ҳам қизларни машина олиб бориб олиб келади, тамом. Кўчада кўп юришмайди, ҳар ҳолда фалончининг қизи деган номлари бор. Қизларни авайлаб-асраш керак. Қиз бола кўпроқ отасидан хусусият, фазилат оларкан. Қизларимга мендан кўп нарса ўтган, бу қувонтиради.
– «Биринчи муҳаббатим»ни муҳаббатнинг мадҳияси дейишади. Бу қўшиққа юрагингиздан бир чимдимгина бўлсин қўшмаганингизда, бунчалик натижа бермасди. Ўзингизнинг биринчи муҳаббатингизни эслайсизми? У сизга нималар берган, нималарга туртки бўлган?
– Айнан «Биринчи муҳаббатим»да менинг эмас, шоирнинг дардини куйланади. Бу қўшиқда мен Абдулла аканинг армонли муҳаббатини, қолаверса, бир-бирига етиша олмаган ошиқлар дардини куйлаганман. Яъни шахсий дардим йўқ у ерда. Шахсан ўзимнинг биринчи муҳаббатимга келсак, мен ёшлигимда китоблар ичида ўсган бола эдим. Қизлардан қочардим, уларга муҳаббат изҳор қилиш тугул, кўзига тик қарашга журъат топилмасди. Китоб инсонни шундай тарбиялар экан, яъни муҳаббатга, умуман туйғуларга жиддий, масъулият билан қарашга ўргатаркан. Менинг биринчи муҳаббатим – санъатдир. Мен ижодга қаттиқ берилдим. Номимиз танилиб, мухлислар кўп бўлди, улар орасида мухлисалар ҳам бор эди. Аммо мен ўзим уйланажак қизни хаёлан Лайлию Ширинга қиёслар, шундай қизга уйланаман дердим. Бир кун бир жойдан чиқиб машинамга ўтираётсам, ўртаяшар бола «Шер ака! Манави қиз сизни яхши кўради!» деб қолди. Қарасам, 12 ёшлар чамасидаги бир қизалоқ чеккароқда турибди. Ёш болаларнинг ҳазили дея индамай йўлимда кетавердим. Аммо тақдирни қарангки, орадан йиллар ўтиб ўша қизга уйландим, ҳозир у фарзандларимнинг онаси. У ёшлигиданоқ «Турмушга чиқсам, фақат шу одамга тегаман», дер экан. Хуллас, тақдиримиз қўшилган экан-да. Қўшиқларим эса ҳар доим ҳам ўзимнинг ички дардларим, шахсий ҳаётимга алоқадор бўлавермайди. Умуман, шахсий дардни куйлаш билан санъат санъат бўлмайди. Санъат элнинг, қалбларнинг дардини куйлаши керак.
Интервью 2017 йил 26 январда “Суғдиёна” газетасида чоп этилган.
Суҳбатдош Шаҳноза Соатова
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0