Яшил иқтисодиёт – ҳаёт-мамот
Президентимиз ташаббуси билан 2025 йил юртимизда «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили» деб эълон қилинди. Зеро, яшил иқтисодиётга ўтиш Ўзбекистон учун нафақат экологик масъулият, балки барқарор ривожланишнинг янги моделига ўтиш ҳам демакдир.
Хўш, яшил иқтисодиёт нима? У келажакда қандай натижалар бериши мумкин? Қуйида шу хусусда сўз юритамиз.
Яшил иқтисодиёт табиат ресурсларидан эҳтиёткорона фойдаланишни, чиқиндиларни камайтиришни ва уларни қайта ишлашни, энергетика самарадорлигини оширишни, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ҳамда барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган иқтисодий фаолият моделидир. Унинг асосий мақсади табиий ресурсларни тежаш, иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини камайтириш ва иқтисодиёт ўсишини экологик жиҳатдан барқарор ҳолда сақлашдир. Яшил иқтисодиётга ўтиш ривожланаётган мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам янги иқтисодий имкониятлар яратиши мумкин.
Ўзбекистон иқтисодий ўсиш суръатлари билан жаҳон бозорида муҳим ўрин эгалламоқда. Бироқ бу ўсишнинг экологик жиҳатлари ҳам мавжуд. Мамлакатимизда экологик муаммолар, жумладан, сув ресурсларининг камайиши, ҳавонинг ифлосланиши ва қишлоқ хўжалигидаги интенсификация жараёнлари иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашни қийинлаштиради. Шу боис яшил иқтисодиётга ўтиш нафақат табиий ресурсларни самарали бошқариш, балки иқтисодий ва ижтимоий ривожланишни ҳам янги йўналишда олиб бориш заруратини келтириб чиқаради.
Энди яшил иқтисодиёт келгусида Ўзбекистонни қай даражада ўзгартириши мумкинлигини соҳалар мисолида батафсилроқ кўриб чиқайлик.
Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш
Ўзбекистон арид (қурғоқчил) минтақада жойлашган. Демак, сув ресурслари унинг ривожланиши учун жуда муҳим ҳисобланади. Сув таъминоти ва сув ресурсларини самарали бошқариш ўлкамиз келажаги учун стратегик аҳамиятга эга. Бугунги кунда юртимизда суғориш учун кўп сув сарфланади. Бу сув камайишига ва тупроқ ёмонлашишига олиб келади. Яшил иқтисодиётга ўтиш орқали сувни тежаш технологияларини жорий этиш, қишлоқ хўжалигида замонавий суғориш тизимларини яратиш мумкин. Бунда сувсиз ҳолатдаги қишлоқ хўжалиги технологияларининг ривожланиши ва инновацион ечимларнинг қўлланилиши муҳим роль ўйнайди.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда сувни тежаш бўйича «ақлли» технологияларни жорий этиш ва суғориш тизимларини модернизациялаш мамлакатни экологик жиҳатдан янада барқарор қилишга ёрдам беради. Масалан, замонавий технологиялар, дронлар ёрдамида ўлчовларни аниқ ўлчаш ва сув ресурсларини бошқариш орқали қишлоқ хўжалигида сувни тежаб ишлатилиш мумкин.
Барқарор қишлоқ хўжалиги
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги асосий иқтисодий сектор бўлиб, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Яшил иқтисодиётга ўтиш орқали, органик қишлоқ хўжалигига, агроэкологик технологияларни қўллаш ва тупроқни ҳимоя қилиш бўйича инновацион ечимларга ўтиш мумкин. Бу, ўз навбатида, нафақат атроф-муҳитни сақлаш, балки қишлоқ хўжалигининг барқарор ўсишини таъминлашга ҳам ёрдам беради. Яшил иқтисодиёт, шунингдек, қишлоқ хўжалигида кимёвий моддалар ва пестицидлар истеъмолини камайтириш, қайта тикланувчи ресурслар асосида ишлов бериш, ишлаб чиқариш тизимларини жорий этишга ёрдам беради.
Қайта тикланувчи энергия манбалари
Ўзбекистон энергия сектори ривожида катта ўзгаришларни амалга оширмоқда. Ҳозир юртимизда асосан газ ва нефть манбалари ишлатилмоқда. Бироқ қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш иқтисодиётда янги имкониятлар яратади. Қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш, уларни тўлиқ ишлатиш Ўзбекистонга энергия таъминоти барқарорлигини оширишга ёрдам беради.
Яшил иқтисодиётга ўтиш орқали қуёш панеллари ва шамол генераторларини ишлаб чиқариш, уларни энергия тизимига жорий этиш мумкин. Бунда Ўзбекистон қайта тикланувчи энергия манбаларига сармоя киритиши орқали келажакда энергия таъминотини тўлиқ мустаҳкамлашга эришиши мумкин. Шунингдек, бундай технологияларни жорий этиш орқали мамлакатда янги иш ўринлари яратилиши ва иқтисодий ўсиш суръатлари ошиши кутилмоқда. Энг асосийси, атроф-муҳит ифлосланишининг олди олиниб, аҳолини тоза экологик энергия манбалари билан таъминлаш имконияти яратилади. Шунингдек, энергия таъминоти етиб бормаган ҳудудларни энергия билан таъминлаш мумкин.
Иқлим ўзгаришига қарши кураш
Ўзбекистон иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавфларни ҳис қилмоқда. Ҳароратнинг кўтарилиши, қурғоқчилик, сув ресурсларининг камайиши ва бошқа экологик муаммолар мамлакатнинг ривожланишига таҳдид солмоқда. Яшил иқтисодиётга ўтиш иқлим ўзгаришига қарши курашишда янги ёндашувларни ишлаб чиқишга имкон беради. Экологик таълим, иқлимга мослашиш ва атроф-муҳитга зарар келтирмайдиган технологияларни ривожлантириш Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига қарши курашишида муҳим ўрин тутади.
Иқлимни ҳимоя қилиш учун яшил иқтисодиётга ўтиш нафақат мамлакатдаги экологик барқарорликни таъминлашга, балки иқтисодий имкониятлар яратишга ҳам ёрдам беради. Бунда энг муҳим йўналишлардан бири саноатнинг яшил технологияларини жорий этишдир.
Саноат ва яшил технологиялар
Яшил иқтисодиётга ўтишда саноатнинг роли беқиёс. Яшил иқтисодиёт саноатнинг экологик жиҳатдан самарали ишлашига ёрдам беради. Бу энергия тежаш технологияларини жорий этиш, чиқиндиларни қайта ишлаш, хомашё ресурсларини унумли ишлатиш ва ишлаб чиқариш жараёнларида атроф-муҳитни ҳимоя қилишни ўз ичига олади. Шунингдек, яшил технологияларни жорий этиш орқали саноат ишлаб чиқаришининг экологик асоратларини камайтириш мумкин. Яшил ишлаб чиқариш ва энергия самарадорлиги, нафақат атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, балки янги иқтисодий имкониятлар яратишда ҳам муҳимдир.
Экологик таълим ва жамоатчиликни жалб этиш
Яшил иқтисодиётга ўтиш ҳар бир фуқаронинг фаол иштирокини талаб қилади. Экологик таълим ва хабардорликни ошириш, жамоатчиликни яшил иқтисодиётга жалб этиш, фуқароларга экологик хатти-ҳаракатларни тарғиб қилиш, тўғри ахборот тарқатиш ва экологик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш муҳимдир. Ўзбекистонда ёшларни яшил иқтисодиётга кенг жалб қилиш барқарор ривожланиш учун ҳам зарур.
Яшил иқтисодиёт Ўзбекистоннинг келажаги учун жуда муҳим. Бу нафақат экологик муаммоларни ҳал қилиш, балки иқтисодий ўсишни янги, барқарор ва экологик нуқтаи назардан ривожлантиришга имкон беради. Сувни тежаш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, саноатни экологик жиҳатдан тўғри йўналтириш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш Ўзбекистонни яшил иқтисодиётга олиб боришнинг асосий омилларидир.
Яшил иқтисодиётга ўтиш Ўзбекистонда янги иш ўринлари яратиш, иқтисодий ўсишни барқарорлаштириш ва экологик муаммоларни ҳал этишга ёрдам беради. Бу борада жамиятнинг, давлатнинг ва фуқароларнинг биргаликдаги ҳаракатлари зарур.
Адамбой МАШАРИПОВ,
Урганч давлат университети
Экология ва ҳаёт фаолияти
хавфсизлиги кафедраси доценти
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0