SQB ўзбек тили учун йирик очиқ матнлар базаси — UzLPC лойиҳасини тақдим этди

16:35 | 30.10.2026
•
23
SQB ўзбек тили учун йирик очиқ матнлар базаси — UzLPC лойиҳасини тақдим этди
Катталаштириш

Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ҳаётимизга жадал кириб келаётган даврда, ақлли дастурларнинг ўзбек тилини қанчалик мукаммал тушуниши ва тўғри таржима қилиши жуда муҳим. Ўзсаноатқурилишбанк (SQB) Сунъий интеллект департаменти ушбу йўналишда муҳим қадам ташлади ҳамда ўзбек тили учун йирик муқобил матнлар тўплами — Uzbek Large-Scale Parallel Corpus (UzLPC) лойиҳасини якунлади.

UzLPC сунъий интеллект моделларини ўзбек тилида мукаммал мулоқот қилиш ва таржима қилишни ўргатишга мўлжалланган улкан рақамли билимлар базасидир. Бугунги кунга қадар матнларни автоматик тарзда ўзбек тилига ўгиришда турли услубий ва мантиқий хатолар кўп кузатилар эди. SQB томонидан яратилган ушбу ресурс айнан шу муаммони бартараф этишга хизмат қилади.

Лойиҳа кўлами рақамларда:

• 2,3 миллиондан ортиқ мослаштирилган гаплар жуфтлиги (инглиз ва рус тилларидан ўзбек тилига);

• 17,9 миллиондан зиёд сўз қўлланилиши;

• 819 мингдан ортиқ уникал сўз бойлиги.

Маълумотлар базасидаги матнлар Tatoeba платформаси ҳамда ўзбекча Википедия каби ишончли манбалардан жамланган. Шунингдек, маълумотларнинг 10 фоиздан ортиғи юқори аниқликдаги таржима сифатида қайта ишланган.

Ушбу ташаббус SQBънинг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасидаги имкониятларини кенгайтириш стратегияси доирасида бажарилди. Техник жараёнлар Huawei Technologies компанияси билан ҳамкорликда, юқори қувватли Atlas 800I A2 сервери ҳамда Qwen3.5-122B-A10B илғор сунъий интеллект модели ёрдамида амалга оширилди.

SQB Сунъий интеллект департаментининг маълум қилишича, бундай бой маълумотлар базасининг яратилиши мамлакатимизда рақамли технологиялар ва SI ечимларни ривожлантиришда янги босқични бошлаб беради ҳамда дастурчи ва тадқиқотчиларимиз учун муҳим таянч бўлиб хизмат қилади.

SQB ўзининг ижтимоий масъулияти ва технологик ҳамжамиятни қўллаб-қувватлаш тамойилидан келиб чиқиб, ушбу лойиҳа натижаларини барча учун бепул ва очиқ (CC BY-SA 4.0 лицензияси бўйича) тақдим этди. Эндиликда ҳар бир маҳаллий дастурчи, тадқиқотчи ва IT-мутахассиси ўз лойиҳаларида ушбу базадан эркин фойдаланиши мумкин.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади