Трамп Америка қудратини қандай тикламоқчи?
Дональд Трамп 2025 йил 20 январдан расман АҚШнинг 47-президенти сифатида иш бошламоқда.
Якшанба куни Вашингтонда ўз тарафдорлари олдида чиқиш қилган Трамп янги сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаб берди. Унинг фикрича, бу билан Америка янги даврга қадам қўяди ва ўтган тўрт йиллик «таназзул»га барҳам берилиб, «куч, тараққиёт ва қадр-қиммат» замони бошланади. Бир гуруҳ сиёсатшунослар Трампнинг иқтидорга қайтишини АҚШ миллий қудратининг қайта тикланиши сифатида баҳолаётган бўлса, бошқалари ички ва халқаро майдонда бўлиниш ҳамда хавф-хатарлар кучайишидан хавотирда.
Инаугурация: Анъана ва янгиликлар
Трампнинг инаугурацияси бутун дунёнинг диққат марказида турибди. Маросим совуқ об-ҳаво сабаб ва хавфсизлик нуқтаи назаридан Капитолийнинг ички қисмига кўчирилди. Охирги бор бундай қарор 1985 йили Рональд Рейганнинг иккинчи инаугурацияси чоғида қабул қилинган эди.
Дональд Трамп қасамёд пайтида қўлини бирйўла икки – бири шахсий коллекциясига, иккинчиси эса Авраам Линкольнга тегишли Инжилга қўяди. Бунда Трамп ўзини тарихий етакчилар, мамлакатни оғир даврларда ўзгартира олган шахслар меросхўри сифатида кўряпти, деган рамзий маъно бор. Унинг инаугурация нутқи охирги ўн йилликлардаги энг узоқ нутқлардан бири бўлиши кутилмоқда. Унда иқтисодиётни тиклаш, миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва ташқи сиёсатдаги асосий вазифалар билан боғлиқ ташаббусларга эътибор қаратилади.
Маросимда Американинг етакчи сиёсатчилари ва кўплаб хорижий меҳмонлар, жумладан, Италия бош вазири Жоржа Мелони, Аргентина президенти Хавьер Милей ва британиялик сиёсатчи Найжел Фараж қатнашади. Консерватив ва ўта ўнг қанот ҳаракатлар вакилларининг иштироки Трамп маъмуриятининг умуммафкуравий қадриятларга асосланган янги халқаро коалиция яратиш ниятида эканини англатади.
Ички сиёсатда улкан режалар
Трамп лавозимга киришган илк кунидаёқ 200 га яқин фармон ва буйруқ имзолаб, қатъий қадамлар қўйишга тайёрлигини намоён қилмоқчи. Унинг таъбири билан айтганда, бу ҳаракатлар Жо Байден маъмуриятининг «радикал ва аҳмоқона фармонлари»ни бекор қилишга қаратилган.
Трамп маъмуриятининг асосий йўналишларидан бири ноқонуний миграцияга қарши кураш бўлади. У биринчи куннинг ўзидаёқ «жанубий чегара орқали босқинга чек қўйиш»ни ва миграция қонунларини кучайтириб, Мексика билан чегарада девор қурилишини қайта бошлашга ваъда берди. Бундай чоралар қишлоқ хўжалиги каби мигрантлар ишчи кучи катта бўлган соҳаларда тангликка сабаб бўлиши, оммавий депортациялар давлат бюджетига ўн миллиардлаб долларга тушиши мумкин. Шунга қарамай, президент бу ҳаракатлар тартибни тиклаш ва миллий манфаатларни ҳимоя қилишга хизмат қилади, деган фикрда.
Шунингдек, Трамп АҚШдаги гендер сиёсатига ҳам ўзгаришлар киритишга қатъий бел боғлаган. У трансгендерларни армиядан чиқариб ташлаш, трансспортчиларнинг аёллар ўртасидаги мусобақаларда қатнашишини тақиқлаш ва ЛГБТ мафкурасининг таълим ҳамда корпоратив соҳалардаги таъсирини қисқартиришни режалаштиряпти. Бу қадамлар консерватив доиралар ва «инклюзивлик» сиёсатини жини суймайдиган айрим бизнес вакиллари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Табиийки, иқтисодиёт Трамп маъмурияти учун устувор йўналишлардан бири бўлади. У Apple бош директори Тим Кукнинг АҚШда янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш режаларини амалга оширишини қўллаб-қувватлашга ваъда берди. Шунингдек, у нефть ва газ қазиб чиқаришни фаоллаштириб, саноат ва уй хўжаликлари учун энергия харажатларини камайтиришни мақсад қилган. TikTokнинг АҚШдаги фаолиятини қайта тиклаш унинг протекционизм стратегиясининг намунаси бўлиб, платформа қатъий назорат асосида ишлашни давом эттиради.
Шунингдек, Трамп АҚШ иқтисодиётини ҳимоялаш мақсадида импорт тарифларини ошириш курсини давом эттиришини маълум қилди. Трамп барча импорт маҳсулотларга 10 фоизлик, Хитойдан келадиган товарларга эса 60 фоизлик божхона йиғими жорий этишни режалаштирмоқда. Унинг фикрича, бу чоралар савдо ҳамкорларини шериклик шартларини қайта кўриб чиқишга мажбур қилиб, АҚШ савдо балансини яхшилайди. Аммо америкалик ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу чора-тадбирлар истеъмолчилар учун нархларни кескин ошириб юбориши мумкин. Бунга жавобан маъмурият эҳтимолий зарарларни қоплаш мақсадида бизнес учун солиқ имтиёзлари пакетини тайёрламоқда.
Бирлашув ва арктика даъволари
Дональд Трампнинг энг баҳсли ғояларидан бири Канадага АҚШнинг 51-штати сифатида қўшилиш таклифидир. Унинг фикрича, бу Шимолий Американинг иқтисодий ва стратегик барқарорлигини таъминлайди. Трамп ушбу таклифни маданий ва иқтисодий алоқаларнинг яқинлиги, шунингдек, икки мамлакат энергетик ресурсларини бирлаштириш имконияти билан асослаяпти.
Бу даъволар фонида Трамп Гренландияни сотиб олиш ҳақидаги баҳс-мунозараларга ҳам замин яратди. Трамп ушбу ҳудудни назорат қилиш АҚШга, айниқса, ресурслар ва ҳарбий кучларни жойлаштириш нуқтаи назаридан Арктикада стратегик устунлик беришини тахмин қиляпти.
Ҳозирда кўпроқ сиёсий саҳнадаги спектакль деб баҳоланаётган бу улкан режаларни амалга оширишга жиддий киришилса, АҚШнинг иттифоқчилар билан муносабатлари кескинлашиши, Арктикадаги геосиёсий танглик кучайиши ва янги ҳудудларни интеграция қилиш учун катта сармоя талаб қилиниши мумкин.
Канада интеграцияси ва Гренландияни сотиб олиш Трампнинг АҚШ таъсирини кучайтиришга қаратилган ташқи сиёсат стратегиясининг рамзлари сифатида намоён бўлмоқда. Ушбу даъволар, амалга ошиши ё ошмаслигидан қатъи назар, Трампнинг тарихда узоқни кўзлаб иш тутган ва қатъий ҳаракат қилган лидер сифатида ном қолдиришга интилаётганини англатади.
Ташқи сиёсат: ошкора зиддият ўрнига прагматизм
Трамп АҚШнинг глобал етакчилигини мустаҳкамлашга қаратилган курсни эълон қилди, бироқ у узоқ муддатли можароларда иштирок этиш ниятидан йироқ.
Украина ва Россия. Трамп Россия – Украина можаросини бир неча ойда тугатишга ваъда берган. Аммо халқаро таҳлилчилар унинг таклифлари ҳар икки томонни қониқтиришига шубҳа билан қарамоқда. Эҳтимол, Трамп Москвага можарони музлатиш ва санкцияларни сақлаб қолиш шартини қўйиши мумкин. Аммо бу ташаббус қанчалик самара бериши номаълум.
Хитойга чекловлар. АҚШ иқтисодий ва ҳарбий соҳаларда Хитойга босим ўтказишни давом эттиради, шу билан бирга, Ҳинд – Тинч океани минтақасидаги бошқа давлатлар билан шерикликни мустаҳкамлайди. Устувор йўналишлардан бири – Филиппин каби муҳим нуқталарда ҳарбий базаларни кенгайтириш.
Яқин Шарқ. Трамп ҳамиша яҳудийларни қўллаб-қувватлашини таъкидлаган бўлса-да, Исроил ва Фаластин ўртасида янги музокараларни бошлаш ташаббусини илгари сурмоқда. Шунингдек, Теҳроннинг ядровий дастури асосий таҳдидлардан бири бўлгани боис Эронга қарши санкциялар янада кучайтирилиши мумкин.
Ички сиёсат: Ислоҳот ва хатарлар
Суд тизими. Трампнинг дастлабки қадамларидан бири Адлия вазирлигини ислоҳ қилиш бўлади. Президент бир қатор резонансли ишларни қайта кўриб чиқишни режалаштириб, буни «адолатнинг мустақиллигини тиклаш» зарурати билан асосламоқда.
Энергетика ва экология. АҚШ яна Париж келишувидан чиқади. Иқтисодий ўсишни рағбатлантириш мақсадида нефть ва газ қазиб чиқаришни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилади. Бироқ бу қарор экологик фаоллар томонидан жиддий қаршиликка учраши турган гап.
Туғилганлик бўйича фуқароликни бекор қилиш. Маъмурият туғилганлик асосида автоматик равишда фуқаролик берилишини бекор қиладиган қонун лойиҳасини таклиф қилади. Бу қадам ноқонуний миграцияга қарши курашга қаратилган кенг қамровли чоралар доирасига киради, аммо катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлиши мумкин.
Хуллас, Дональд Трампнинг қайтиши жасоратли қарорлар ва кескин можаролар даврининг бошланишини англатади.
Иқтисодиёт: протекционистик чоралар туфайли қисқа муддатли иқтисодий ўсишга эришилиши мумкин, аммо узоқ муддатли даврда нархларнинг ошиши ва ташқи савдодаги қийинчиликлар катта хатарларга айланиши эҳтимолдан холи эмас.
Халқаро муносабатлар: Хитой ва Россияга нисбатан қатъий ёндашув глобал тангликни кучайтирса-да, АҚШнинг стратегик аҳамиятга эга минтақалардаги мавқеини мустаҳкамлаши мумкин.
Жамият: баҳсли ички ислоҳотлар сабабли жамиятдаги бўлиниш кучаяди, норозилик намойишлари эса Трамп президентлиги даврида оддий ҳолга айланиши мумкин.
Англаганингиздек, Дональд Трамп Америка қудратини тиклаш мақсадида ўз лавозимига киришяпти. Унинг қатъий сиёсати ҳеч қандай муросага ўрин қолдирмайди. Бу эса ушбу қудрат учун АҚШ қанча бадал тўлаши керак, деган саволни пайдо қилади. Унинг стратегияси миллионлаб сайловчиларнинг умидларини оқлайдими ёки мамлакатни янги бўҳронлар сари етаклайдими? Бу саволга жавобни яқин бир-икки йилда оламиз. Ҳозир эса бир нарса аён: Трамп даври – бутун дунёга таъсир кўрсатувчи ўзгаришлар даври бўлади.
Жаҳонгир НАҲАНОВ,
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0