Энергетика тизимидаги масъуллар ўз вазифасида ишлашга лойиқми?
2023 йил декабрь ойида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «Генерация тарафидан ишонтириб айтаманки, 2024 йилдан 100 фоиз ўз ички эҳтиёжимизни қоплаш имкониятимиз пайдо бўлади. Биз буни таъминлаймиз, бизга шундай вазифа қўйилган. Агар бу вазифани бажара олмасак, ўйлайманки, нафақат мен, балки тизимимиздаги барча масъуллар ишлашга нолойиқмиз», дея баёнот берганди.
Ўшанда кўпчилик тизимда муаммолар бутунлай барҳам топишидан умидвор бўлган бўлса, ажаб эмас.
Мана, вазиятни ўнглаш учун етарлича вақт ўтди. Хўш, шу давр мобайнида нима ўзгарди?
Ҳеч нарса! Бошқа ҳудудларни қўя туринг, ҳатто пойтахтда ҳам вазият яхшиланмади. Ижтимоий тармоқлар электр таъминотидаги узилишлардан норозиликларга тўлиб-тошди. Демак, вазир жанобларининг ваъдаси пуч экан. У на соҳадаги ишларни яхшилади, на истеъфо берди.
Қишда газ билан рўй берган ҳолат ҳали ҳеч кимнинг ёдидан чиқмаган бўлса керак. Хуллас, ёзда электр, қишда газ муаммоси. Бунга эса, масъуллар таъбири билан айтганда, йиллар давомида тизимга эътибор қаратилмагани ёки об-ҳаво ноқулай келиши сабаб. Уларнинг топиб олган баҳоналари шу!
Ваҳоланки, давлат энергетика соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш учун етарлича маблағ ажратяпти, шарт-шароит яратяпти. Хусусан, 2022 йилда Тошкент шаҳрида «Электр энергетика соҳасини трансформация қилиш ва электр энергиясини барқарор узатиш» лойиҳаси тақдим қилинган ва уни амалга ошириш учун Халқаро тараққиёт ассоциацияси (Жаҳон банки гуруҳи) томонидан 380 миллион, Яшил иқлим жамғармаси томонидан эса 43 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилгани ҳақида хабар берилган эди. Натижа эса… Унинг қандайлигини ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз.
Шундай экан, нега мутасаддилар ажратилган маблағлар нималарга сарфлангани ва бажарилган ишлар хусусида маълумот беришмайди?
Борди-ю, тизимда нимадир қилинган бўлса, ҳеч бўлмаса, пойтахтда вазият яхшиланиши керак эмасмиди?
Хабарларга кўра, Тошкентда электр таъминотидаги узилишлар бўйича Бош прокуратура яқинда кенг кўламли текширувлар ўтказган. Маълум бўлишича, муаммо фақат об-ҳавода эмас, балки тизимда жиддий камчиликлар бор. Тармоқларнинг 26 фоизи таъмирга муҳтожлиги, 90 та подстанциянинг 9 таси модернизация қилиниши лозимлиги, 11 та лаборатория машинасининг 6 таси эскиргани, кадрлар етишмовчилиги (сўнгги 3 йилда ходимларнинг 30 фоизи ишдан бўшаб кетган, уларнинг 45 фоизи эксплуатация бўйича мутахассислар) каби ҳолатлар шулар жумласидан. Бундан ташқари, 9 минг 749 километрлик электр тармоғининг 26 фоизи (2 минг 540 километр) таъмирталаблиги, 90 та подстанциядан 9 тасини модернизация қилиш, 2 тасининг қувватини ошириш зарурлиги ойдинлашган. 11 та махсус лаборатория автомашинасининг 6 таси замонавий талабларга жавоб бермаслиги, тунги вақтда фақат 2 таси навбатчилик қилиши, бу бир вақтнинг ўзида бир нечта ҳудуддаги аварияларни тез аниқлаш ва бартараф этишда қийинчилик туғдириши, тизимдаги 1154-рақамли CALL-марказ орқали мурожаатларни қабул қилувчи операторлар 5 нафарни ташкил этиши, шу сабабли оператор билан уланиш учун 60-70 тагача навбат юзага келаётгани ҳам қайд этилган.
Текширув натижаларига кўра, 28 нафар масъул шахс ишдан олиниб, жавобгарликка тортилган. Вазифасидан озод этилганлар орасида «Тошкент шаҳар электр тармоқлари» раҳбари ҳам бор.
Кошки шу билан муаммолар барҳам топиб, вазият ўнгланиб кетса?.. Бу биргина пойтахтдаги ўрганишлар натижаси, холос. Тошкентдаки, аҳвол шундай бўлгач, вилоят марказлари, чекка-чекка ҳудудлардаги ҳолат ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Ажаб, ўтган йиллар мобайнида тизимга шунча эътибор қаратилиб, етарлича маблағ ажратилса-ю, вазият ўнгланмаса…
Модомики, шундай экан, энергетика тизимидаги масъуллар ўз лавозимларида ишлашга лойиқми?
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0