Уч авлод йўлсозлари бир даврада
Жиззах вилоят Автомобил йўллари бош бошқармасида бошқарма касаба уюшмаси томонидан ”Уч авлод учрашуви” тадбири бўлиб ўтди.
Йўллар нафақат қишлоқларни шаҳарларга, шаҳарларни давлатларга балки, айтиш жоиз бўлса, кўнгилларни ҳам бир-бирига боғлайдиган воситадир. Текис ва равон йўллар дилларни хушнуд этади, турли хил кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олади. Йўли абгор манзилларга меҳмон ҳам оғриниб бориши табиий. Мамалакат тараққиёти, халқнинг яшаш тарзи ва кайфияти айнан шу манзилдаги йўллар сифатига қараб баҳоланиши ҳам бор гап. Айниқса, йўл қурилиши билан шуғулланувчи инсонлар жамиятга хизмат қилувчи, эзгу ва савобли иш билан банд бўлган фидоийлардир.
Бугун Жиззах вилояти йўл-қурилиш соҳасидаги бунёдкорлик ишларини кўриб соҳа фидойилари меҳнатига тасанно айтамиз.
Кекса авлод вакилларини қадрлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган азалий қадриятларимиздан биридир. Бу биринчи навбатда кекса авлод вакилларига бўлган ғамхўрлик ва эътиборни кучайтириш бўлса, иккинчидан ёш авлод учун улкан тарбия ва тажриба мактаби бўлади.
Шу руҳда, жорий йилнинг 12 апрел куни Жиззах вилоят Автомобил йўллари бош бошқармасида бошқарма касаба уюшмаси томонидан ”Уч авлод учрашуви” тадбири бўлиб ўтди. Унда йўл-қурулиш соҳасида узоқ йиллар меҳнат қилган фидойи касб эгалари, фаолият юритаётган ишчи-ходимлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик иштирок этишди. Тарих, бугун ва келажакни ўзида мужассам этган бундай маънавий-маърифий тадбирлар эл-юртимиз ҳаётида гўзал анъанага айланиб бораётгани ҳақиқат.
Тадбирни Жиззах вилоят Автомобил йўллари бош бошқармаси касаба уюшма қўмитаси раиси Шуҳрат Анорбоев очиб берди ва “Уч авлод учрашуви” каби маънавий-маърифий тадбирлар эл-юртимиз ҳаётида гўзал анъанага айланганлиги, бундай тадбирлар ёшларга шижоат бағишлайдиган дийдорлашув тадбири эканлиги, уч авлод вакиллари бирлашса, хайрли ишларга қўл урса, ривожланиш бўлиши, ватан равнақ топиши ҳақида сўз юритдилар.
Шундан сўнг, автомобил йўллари қурулиши тизимида узоқ йиллар фаолият юритиб келган меҳнат фахрийлари ва соҳа вакиллари эътиборига “Йиллар ва йўллар” видеоролиги намойиш этилди.
Тадбир давомида сўзга чиққан фахрийлар ҳаёти ва меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси, ёшлик давридаги ўзига хос қийинчиликлар, меҳнат палласидаги машаққатлар, ниҳоят, нуронийлик пайтида кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида ўз дил сўзларини, самимий фикрларини изҳор этди. Шу билан бирга Янги Ўзбекистоннинг порлоқ келажаги учун ҳар бир камол топаётган ёшларимиз тинимсиз ва содиқ хизматда бўлишларини алоҳида таъкидлаб ўтди. Ўзбекистон кўзлаган улкан марраларни кексаларимизнинг ўгитлари, ўрта авлод вакилларининг фидокорлиги, матонати ва албатта ёшларнинг шижоатисиз забт этиб бўлмаслиги эътироф қилинди.
Мазкур тадбирда 1-авлодга мансуб “Меҳнат қаҳрамони” ордени билан тақдирланган Карим Жабборов, "Дўстлик" ва "Қизил байроқ" ордени билан тақдирланган“ Маннон Бўроновлар, шунингдек, қуйи корхоналарда фаолият юритган Илёс Султонов, Жўрақул Анорбоев, Туроб Деҳқонов, Нўмонжон Ахмедов, Мавлон Норқўзиев, Ҳайдар Каримов, Акрам Маматхўжаев каби автомобил йўлларини барпо этишда жонкуярлик кўрсатган шахслар номлари ёдга олинди.
Зокир Мансуров Вилоят Автомобил йўллари бош бошқармасида 15 йилдан ошиқ ўзининг фидокорона меҳнати билан раҳбарлик қилган ва бу даврда Жиззах шаҳридаги “Халқдар дўстлиги” шоҳ кўчасининг кенг ва равон бўлиб қурилишида ўз ҳиссасини қўшган. Бундан ташқари йирик қурилиш ҳисобланган “Айдар-Арнасой” кўли сув омборини барпо этишда у ерга элитувчи йўлларни қуришда меҳнати синган ҳамда “Шуҳрат” ордени билан тақдирланган.
Хосият Турдимуҳаммедова ва Оқил Солиевлар ҳам вилоят автомобил йўлларининг текис ва равон бўлишида фидокорона меҳнат қилишиб, ҳозирги кунда “Меҳнат фахрийси” сифатида улуғланмоқда.
Шунингдек, 2-авлодга мансуб фахрийлар қаторида иштирок этган Рустам Халиқов ўз билим ва тажрибаларини ёшларга улашди.
“Янги Ўзбекистон” йўлларини барпо этишда 3-авлод устози Улуғбек Бўронов Зомин йўлларининг тубдан ўзгаришига ва янгидан янги йўллар қурилишига улкан ҳисса қўшгани учун “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.
Тадбирнинг бадиий қисмида меҳмонлар ажойиб куй-қўшиқлар ва бадиий чиқишлардан баҳраманд бўлишди. Тадбир сўнгида бир гуруҳ меҳнат фахрийларига бошқарма касаба уюшма қўмитаси томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Дарҳақиқат, йўл қурилиши – инсонлар ҳаёти, хавфсизлиги ва фаровонлиги учун хизмат қиладиган, тинимсиз меҳнат, масъулият ва фидойиликни талаб қиладиган савобли иш. Зеро, йўлларимиз равон бўлса, манзиллар ҳам яқин бўлаверади.
Машҳура ЖЎРАҚУЛОВА
”ISHONCH”
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0