Уловидан тўлови қиммат
Бугун шахсий автомашина сотиб олиш бир пайтлардагидек осонликча ушалмайдиган орзу эмас.

Бугун шахсий автомашина сотиб олиш бир пайтлардагидек осонликча ушалмайдиган орзу эмас. Кечагина камбағаллик мақомидан чиқиб, эскироқ бўлса-да, оила корига ярайдиган улов харид қилишга қодир юртдошларимиз сафи кенгайяпти. Чўнтагида 1500 доллар пули бор одам ўртача техник ҳолатдаги машинага эга чиқиши мумкин. Ҳарқалай, Андижон шаҳридаги автомобиль бозорига йўли тушганлар ана шундай манзарага гувоҳ бўлиши бор гап.
Қолаверса, шу кечакундузда интернетдаги olx.uz эълонлар платформасида эгалари томонидан 10 миллион сўмдан 20 миллион сўмгача нарх қўйилган 1 минг 200 га яқин автомашина сотувда турибди. Имкониятдан келиб чиқиб, 12 миллион сўмга «Тико», 13 миллион сўмга «Лада», 15-18 миллион сўмга «Матиз» ёки «Нексия» харид қилишингиз мумкин. Бироқ бу билан мақсадга тўлатўкис эришиб бўлмайди. Чунки сотиб олинган мулкни ўз номига расмийлаштириш жараёнидаги чиқимлар эндигина оғзи ошга етган камхаржроқ мардумнинг пешонасини тириштириб, иштаҳасини бўғишини бу масаладан хабардор кишилар яхши билишади.
Илғаётганингиздек, гап расмийлаштириш харажатлари ҳаддан зиёд баландлиги, сўқимдан тўқимнинг қимматлиги ҳақида бораётир. Келинг, иддаоларимиз қуруқ бўлмасин, мана шу жараёндаги хизматлар нархини ҳисобкитоб қилиб кўрайлик. Айни пайтда автомашина олдисотди шартномаси учун нотариусда жами 1 миллион 716 минг сўм тўланиши керак. Шундан сўнг харид қилинган машинани йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида давлат рўйхатидан қайта ўтказиш даркор.
Бунинг учун 4 миллион 180 минг сўмга давлат рақами сотиб олинади, 3 миллион 10 минг сўм тўлаб рўйхатдан ўтказилади. Бундан ташқари, техник паспорт учун 616 минг, ариза йиғимига 44 минг сўм тўлаш шарт. Шу тариқа ЙҲХБдаги чиқимларнинг жами миқдори 7 миллион 850 минг сўмга етмоқда. Унга юқорида қайд этилган нотариусдаги давлат божи ва кўрсатилган хизмат харажатлари қўшилса, 9 миллион 566 минг сўмни ташкил этаётир.
Ана энди инсоф билан айтингчи, тиришибчираниб 15-20 миллион сўм йиғиб машина сотиб олган одамнинг яна салкам 10 миллион сўмга яқин маблағ тўлаб ҳужжатларни бутлашга «қорни оғрийди»ми, йўқми? Умуман, машина нархи 50 миллион сўм бўлган тақдирда ҳам расмийлаштириш миқдори мулк баҳосининг бешдан бирига тенг бўлиши ижтимоий давлат илгари сураётган тамойилларнинг асл моҳиятига зид келмаяптими?
Мавзуга дахлдор идораларнинг масъуллари айни муаммога тўқнаш келаётган минглаб юртдошларимизни «олдисотди шартномаси ягона йўл эмаску, ана, қанчаданқанча одам машинасини ишончнома асосида миниб юрибди», дея юпатиши мумкин. Тўғри, сотувчи ҳам рози бўлса, автомашина харидори нотариусга боя қайд этилган маблағнинг борйўғи саккиздан бир қисми миқдорида, яъни 1 миллион 188 минг сўм давлат божи тўлаб, сотиш ҳуқуқи билан берилган ишончнома асосида ҳаракатланиши мумкин.
Бироқ атрофимизда ана шундай муносабатлар ортидан жабрланиб муаммога гирифтор бўлаётганлар кун сайин кўпаяётганини, бунга мутаносиб равишда фирибгарлик жинояти ҳам ортиб бораётганини сезяпмизми? Фуқаролик ишлари бўйича судларда худди шу масалага оид ошибтошиб ётган низоларничи?
Масаланинг кўламини тиниқроқ тасаввур этишингиз учун биттагина мисол келтириш билан кифоялансак. Андижон шаҳрида яшовчи Рустамжон (ўзининг илтимосига кўра, фамилиясини келтирмадик) бир йилдан бери миниб юрган «Нексия3» машинасини бировдан (шартли равишда «иккинчи қўл» дейлик) ишончнома асосида 8 минг долларга «барака қилганди».
Сотувчи ҳам автоуловни бир муддат аввал Мирзоҳид исмли шахсдан 9 минг долларга сотиш ҳуқуқи билан берилган ишончнома асосида харид қилган ва еттисаккиз ой миниб юргач, пулга эҳтиёж сезиб уловни Рустамжонга ўтказган. Ҳозир машина «биринчи қўл», яъниким Мирзоҳиднинг номида. Шу йил апрель ойи ўрталарида кўчада Рустамжонни ЙҲХБ инспектори тўхтатади ва унинг бошқарувидаги машинага мажбурий ижро бўлими томонидан тақиқ қўйилганини маълум қилади.
Автоулов дарҳол жарима майдонига олиб кирилади. Маълум бўладики, Мирзоҳид бировдан маълум миқдордаги қарзи сабаб фуқаролик судида жавобгар бўлиб, ундан ҳақдор фойдасига 26 миллион сўм ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати МИБга келиб тушган. Ижрочилар жавобгар номидаги мулкларни, жумладан, «Нексия3» машинасини ҳам тақиққа олишади. Чунки қонун талаби шундай – автоулов сотиш ҳуқуқи билан ишончнома асосида бош қасига берилганлигининг аҳамияти йўқ.
Рустамжон машинани қайтариб олиш учун Мирзоҳидга роса тўрт ярим ой илтимос қилди: «Ака, илтимос, қарзингизни ёпиб, машинани олиб чиқиб беринг. Тирикчилик манбаим шу. Бунақа дахмазаси борлигини билганимда икки дунёда ҳам олмасдим».
Мирзоҳид деганларининг табиатида асли фирибгарликка мойиллик борми ё чинданда 26 миллион сўм топиб қарзини узишга қурби етмасмиди, буниси бизга қоронғи. Билганимиз шуки, унинг Рустамжонга берган «эртага, индинга» деган ваъдалари билан роппароса 137 кун ўтди. Рустамжоннинг сабр косаси тўлди. Бировлардан қарзқавола қилиб, ўзганинг муаммоси учун 26 миллион сўмни тегишли ҳисоб рақамига ўтказди.
Жарима майдонида сақланган кунлар харажатлари эса дард устига чипқон бўлди. Биласизки, машинангиз бу хосиятсиз майдонга кирдими, ёзда чангга беланиб, қишда ёғинсочин остида тургани учун кунига 30 минг сўмдан ҳақ олинади. Хуллас, ана шу «хизмат»га ҳам Рустамжон 137 кун учун 4 миллион сўмдан зиёдроқ маблағ тўлади ва... уловини қайтариб олди.
Энди яна 10 миллион сўм пул топса, Мирзоҳидга тағин бир илтимос қилиб, уловни номига ўтказиб олмоқчи. Кейин эса унинг қарзини ёпиш учун сарфлаган пулларини ундириш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича судга арз қилмоқчи.
Жуда кўпчиликни ўйлантираётган муаммони ҳис қилишингиз учун бошқа мисол шарт эмасдира? Ҳолбуки, атрофимизда Рустамжонга ўхшаб, олдисотди харажатларидан қочиб, ишончнома асосида машина олган ва югурюгуру сарсонгарчиликдан боши чиқмай қолган юртдошларимиз, ғирт анжанча шевада айтганда, «ашинча». Жарима майдонларига посбонлик қилувчиларнинг таъкидлашича, «стоянка»ларда узоқ вақтдан буён чанг ва занг босиб ётган машиналарнинг 90 фоизи айни пайтда ишончнома асосида миниб юрганлар эмас, балки юқоридаги каби «биринчи қўл»лар пиширган «каша»нинг оқибати эмиш. Қайдам?!
Мавзу доирасида айрим рақамларни таҳлил қилсак. Андижон вилоятида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларда 2025 йилнинг дастлабки 9 ойи давомида 49 минг 860 та автомобиль учун ишончнома расмийлаштирилган бўлса, жорий йилнинг айни даврида бу кўрсаткич 52 минг 887 тага етган. Ўтган йилнинг ҳисобот даврида автомототранспорт воситаларининг олдисотди шартномалари 35 минг 88 тани ташкил этган бўлса, жорий йилда бу рақам анча камайиб, 29 минг 683 тага тушган.
Нотариуслар ўзаро мулоқотларда таъкидлашларича, жуда кўпчилик олдисотди шартномалари доирасидаги расмийлаштириш харажатлари юқорилиги боис мажбурликдан ишончнома билан ҳаракатланишга розилик билдирмоқда. Ана энди мақола аввалида қаламга олинган автоулов нархлари масаласига қайтсак. Масъул идоралар расмийлаштириш харажатлари одамларнинг харид қобилиятига нечоғлик мутаносиблигини нима учун ўйлаб кўришмаяпти?
Жилла қурса, давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ тўловларни табақалаштирилган тартибда ишлаб чиқиш мумкин эмасми? 1,5 минг долларлик шалағи чиққан аравага базўр қурби етган оиланинг иқтисодий аҳволи 50-100 минг долларлик «иномарка»ни варанглатиб юрган боёнларнинг туриштурмушидан ер билан осмонча фарқ қилишини тушуниш учун катта ақл шарт эмасдир ахир?!
Масалани бошқача шаклда ҳам таққослаб кўрайлик: нима учун 200 минг долларга квартира харид қилган одам нотаруисда 2 миллион сўмга ҳам етмайдиган бож билан мулкини номига ўтказиши мумкину, 15-20 миллион сўмлик транспортни тўлақонли шахсий мулк сифатида тасарруф этмоқ учун салкам 10 миллион сўм сарфланиши керак?
Бугунги реал воқелик ЙҲХБлардаги рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ жараёнлардан манфаатдор идоралар мутасаддилари тарози посангисини мана шу мезонлар асосида қайта созлаб олишлари зарурлигини тақозо этмоқда. Чунки амалдаги ҳолат «ижтимоий адолат» деган тамойилга сираям мос келмаяпти. Ишонаверинг…
Нурилло НЎЪМОНОВ
«ИШОНЧ»







