Ҳусийлар кимлар ёхуд жангари гуруҳ қандай қилиб геосиёсий ўйинчига айланди?
Сўнгги кунларда матбуот саҳифаларида Саудия Арабистонига ҳужумлар уюштираётган жангари гуруҳ – ҳусийлар (ёки ҳутийлар) номи тез-тез тилга олинмоқда. Жумладан, 10 октябрь куни уюштирилган ҳужумда Ар-Риёд аэропортида 12 киши ҳалок бўлди, 309 киши эса яраланди.

Ҳужум учун жавобгарликни Яман ҳудудидаги ҳусийлар ўз бўйнига олди. Хўш, улар кимлар, нега Саудия Арабистони билан можарога боришяпти? Бир пайтлар кичик партизан гуруҳларидан иборат бўлган кучлар қандай қилиб жаҳон эътиборидаги сиёсий ўйинчига айланди, деган саволлар туғилади.
Ҳусийлар қандай пайдо бўлганди?
Октябрь ойида бошида Саудия Арабистони томонидан қўллаб-қувватланган Яманнинг халқаро миқёсда тан олинган ҳукумати ҳусийлар позицияларига қарши ҳужум бошлаганини эълон қилди. Бу 2014 йилдан бери давом этаётган Яман фуқаролар урушининг сўнгги босқичидир. Ҳусийлар ҳали ҳам пойтахт Санани ҳам ўз ичига олган ҳолда мамлакатнинг катта қисмини эгаллаб туришибди ва Яқин Шарқ можаросида муҳим ўйинчи бўлиб қолмоқда.
Ҳусийлар номи билан танилган “Ансар Аллоҳ” ҳаракатининг пайдо бўлиши ва юксалиши Яман тарихига сингиб кетган бўлиниш билан чамбарчас боғлиқ. Исломнинг суннийлик мазҳаби мамлакатнинг текис жанубий ҳудудларида тарқалди, шиалар тарафдори бўлган Зайдийлар эса тоғли шимолий ҳудудларда ҳукмронлик қила бошладилар. 1839 йилдан бери Яманнинг жануби Британия протекторати бўлиб, Қизил денгиздан Адан кўрфазига чиқиш йўлини назорат қилишга интилган, шимол эса Усмонли империясига тегишли эди. Ўнлаб йиллар давомида икки ҳудуд турлича ривожланди, жануб советлар ёрдами ва таъсирга таянди. 90-йиллар бошида Жанубий Яман парчаланиб бораётган СССРнинг қўллаб-қувватлашини йўқотиб, ниҳоятда заифлашгандан сўнг, икки давлат бирлашиш учун музокаралар бошлади. 1990 йилда Яман Республикаси эълон қилинди, Шимолий Яман етакчиси Алим Абдуллоҳ Солиҳ янги давлатнинг раҳбари бўлди. Бироқ, асрлар давомида мавжуд бўлган шимол ва жануб ўртасидаги қарама-қаршиликлар сақланиб қолди ва кейинги кўплаб можароларнинг манбаига айланди.
1992 йилда Саъада шимолий вилоятида “Имонли ёшлар” ҳаракати пайдо бўлди. Унинг мақсади суннийлик таълимотларига ва Ғарб ҳаёт тарзига қарши туриш ва кейинчалик бутун Яман бўйлаб ҳокимиятни эгаллаш эди. Ҳаракатнинг мафкуравий илҳоми ўзини Шимолий Ямандаги барча зайдийларнинг имоми деб эълон қилган Ҳусайн ал-Ҳуcий эди. Унинг раҳбарлигида ҳаракат кескинлашишда давом этди ва Қўшма Штатлар ва Исроилнинг ўлимига чақирувчи расмий шиорни қабул қилди. Вақт ўтиши билан ҳаракат “Ансор Аллоҳ”, яъни “Аллоҳ тарафдорлари” номи билан машҳур бўлди. Солиҳ ҳукумати ал-Ҳуcий тарафдорларини таҳдид деб билди ва уларни 2004 йил июнь ойида ҳибсга олишни бошлади. Бу марказий ҳукуматга қарши қуролли қўзғолонга олиб келди. Сентябрь ойида ал-Ҳуcий ўлдирилди ва тарафдорлари ўшандан бери унинг номини қабул қилиб, ҳусийларга айландилар. Имомнинг вафотидан бери унинг укаси, 47 ёшли Абдул-Малик ал-Ҳусий етакчи бўлиб қолмоқда. 2004 йилдан 2010 йилгача ҳусийлар Солиҳ кучларига қарши “Саадия урушлари” деб номланган ҳаракатни олиб боришди, бу уларнинг тарихидаги ҳаракатни кучайтирган муҳим мафкуравий воқеа эди.
2011 йилда “Араб баҳори” бошланди. Бу ҳаракатлар 33 йил давомида Солиҳ томонидан бошқарилган Яманга ҳам таъсир кўрсатди. Намойишчиларнинг босими остида ва масжидга қилинган ҳужумда яраланганидан сўнг, у ҳокимиятни вице-президент Мансур Ҳодийга топширишга рози бўлди. Ҳусийлар томонидан қўллаб-қувватланган жанубий вилоятлар норозиликларнинг асосий кучига айланди. Ҳокимият алмашинувидан сўнг, Яман иқтисодий таназзул ва сиёсий беқарорлик билан ажралиб турадиган ўтиш даврига кирди. Янги президент Ҳодий тезда машҳурлигини йўқотди, Солиҳ эса армия билан мустаҳкам алоқаларни сақлаб қолди. У ҳусийларга Ҳодийга қарши бирлашишни таклиф қилди ва Солиҳ билан йиллар давомида курашганига қарамай, улар рози бўлишди. 2014 йилда Солиҳ томонидан қўллаб-қувватланган ҳусийлар шимолдан жанубга ҳужум бошладилар ва бу бугунги кунгача давом этаётган фуқаролар урушига сабаб бўлди. 21 сентябрда улар Яман пойтахти Санони эгаллаб олишди. Ҳодий аввал жанубга, кейин Саудия Арабистонига қочиб кетди ва у ерда Саудия Арабистони расмийларини ҳусийларга қарши курашишга чақирди.
Ўшандан бери ҳусийлар Яманнинг шимолий ва ғарбий қисмини, жумладан, Сано шаҳри ва Боб ал-Мандиб бўғозига яқин жойлашган Қизил денгиз соҳилларини назорат қилишда давом этишди. Улар Яман ҳудудининг 40% гача, аҳолисининг 80% гача бўлган қисмини назорат қилади. Яманнинг халқаро миқёсда тан олинган ҳукумати, Президентлик раҳбарияти кенгаши, бир вақтлар бирлашган давлатнинг қолган қисмини назорат қилади. У Аданда жойлашган, аммо вазият ёмонлашганда, у Ар-Риёдга кўчиб ўтади.
Саудия билан тўқнашув ва Фаластин масаласи
2014 йилдан бери ҳусийлар бир нечта жабҳаларда жанг қилиб келмоқдалар. Улар асосан Яман ички кучларига қарши курашмоқда. Буларга нафақат ҳукумат қўшинлари ва жангари гуруҳлар, балки Аданга бўйсунишни истамайдиган кичик мустақил гуруҳлар ҳам киради. Ҳусийлар шунингдек, “Ал-Қоида” ва ИШИД билан боғлиқ гуруҳларга қарши курашиб, уларнинг Яманда ўрнашиб олишига тўсқинлик қилишди. Ҳусийларнинг яна бир душмани Жанубий ўтиш кенгаши бўлиб, у БАА кўмагида Яман жануби учун мустақилликка интилган ҳукуматга қарши ташкилот эди. Шу билан бирга, улар бир муддат марказий ҳукуматга қарши тактик иттифоқчилар бўлишган.
2015 йилдан бери ҳусийларга Саудия Арабистони бошчилигидаги ташқи коалиция ҳам дуч келди. Сунний қироллик ўз чегараларида яхши қуролланган ва кенг жанговар тажрибага эга кучли шиа ҳаракатининг пайдо бўлганидан хавотирга тушди. Ар-Риёд, айниқса, ҳусийлар шиа Эроннинг қўллаб-қувватлашидан баҳраманд бўла бошлаганидан, ундан қурол ва пул олаётганидан хавотирда эди. 2015 йилга келиб, Саудия Арабистони ҳам Теҳроннинг илтимосига биноан ўзининг асосий нефть таъминоти йўллари - Ҳўрмуз ва Боб ал-Мандиб бўғозлари тўсиб қўйилиши мумкинлигидан хавотирлана бошлади. Ҳусийларга қарши коалицияни Мудофаа вазирлигига эндигина раҳбарлик қилган валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон бошлаган. Саудия Арабистонига БАА, Баҳрайн, Қувайт ва Қатар қўшилди. Вақт ўтиши билан, араб дунёсидан ташқаридаги баъзи давлатлар ҳам уларни қўллаб-қувватлай бошладилар. Коалиция ҳусийларни Санодан тезда қувиб чиқаришга ва қонуний ҳукуматни тиклашга умид қилган, аммо ҳарбий ва техник устунлигига қарамай, бунга эриша олмади. Яман ичидаги фуқаролар уруши сингари, можаронинг бу қисми ҳам вақти-вақти билан авж олиб, сезиларли ютуқларга эришмаган ҳолда узоқ давом этган таназзул босқичига кирди. 2026 йил октябрь ойида Ар-Риёд “Яман тонги” операцияси доирасида ҳусийларга қарши янги ҳужум эълон қилди.
Ҳусийлар расмий шиорида АҚШ ва Исроилга қарши курашни алоҳида тилга олинади. 2023 йилгача қарама-қаршилик асосан таҳдидлар даражасида бўлган, аммо Ғазодаги қонли урушдан сўнг, ҳусийлар можарода фаластинликлар томонини олдилар. Улар Исроилнинг Ғазо секторини тарк этишини ва Қўшма Штатлар Тел-Авивни қўллаб-қувватлашни тўхтатишини талаб қилишди. Ҳусийлар Қизил денгизда юк ташишга тўсқинлик қила бошладилар ва босим ўтказишга уриниш учун савдо кемаларига ҳужум қилишди. Шундан сўнг, АҚШ Буюк Британия ва Исроил билан биргаликда ҳусийларнинг позицияларига қарши ҳужумлар уюштирди.
Нега ҳусийлар муҳим ўйинчига айланди?
Ҳусийлар рақиблари томонидан “террорист ва исёнчи” сифатида тавсифланади ва улар Яқин Шарқ можаросида таҳдидли ўйинчига айланган. Улар дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан бирида жойлашган бўлишсада, кенг ҳарбий тажрибага ва анча кучли қуролларга эга. Қўшма Штатлар томонидан қўллаб-қувватланадиган мусулмон давлатларининг улкан коалициясига дуч келганларига қарамай, улар 12 йилдан ортиқ вақт давомида Яманнинг катта қисмини назорат қилиб келишган ва яқин орада уларнинг ҳокимияти қулаши ҳақида ҳеч қандай аломат йўқ. Қайтанга жангари гуруҳ минтақанинг энг қудратли давлатларидан саналган Саудия учун ҳақиқий бош оғриғига айланмоқда. Ҳусийларнинг ҳарбий салоҳияти симметрик кучда эмас, балки асимметрик уруш олиб бориш қобилиятида намоён бўлади.
Уларнинг асосий имкониятлари - зарба берувчи дронлар, баллистик ва қанотли ракеталар, мобил ракета учириш платформалари, кучларни тезда муайян йўналишларда жамлаш қобилияти, Яманнинг мураккаб тоғли рельефидан самарали фойдаланиш ҳамда тарқоқ ва нисбатан мослашувчан қўмондонлик тизими билан чамбарчас боғлиқ. Ҳусийларнинг кучайиб бориши ва қурол-яроғ арсеналининг ўсиши бир неча омиллар билан боғланади: улардан энг асосийси шиалар ёрдами саналади (Теҳрон амалда бундай ёрдамлар берилишини рад этади). Маълумотларга кўра, айрим давлатлар ҳусийларга ракеталар, дронлар ва бошқа қуроллар бўйича катта иқтисодий ва техник ёрдам кўрсатади. Бундан ташқари, ҳудуддаги бошбошдоқлик, қароқчилик ва контрабанданинг авж олиши ҳам ҳусийларга қўл келади. Шунингдек, собиқ Яман армиясининг улкан захираси айнан уларнинг қўлидадир, чунки мамлакатнинг катта қисмини ҳусийлар назорат қилади. Мана шу ва бошқа омиллар гуруҳга Саудия ва Исроилгача етиб борадиган баллистик ракеталар учириш ва қуроллар билан таҳдид қилиш имконини бермоқда.
Ҳусийлар асосан Исроил ва араб монархияларига қарши ўз курашини белгилаб олган ва жуда хавфли ўйин қиляпти. Улар ўз манфаатлари йўлида ҳаракат қилиб, рақибларини ўз ресурслари ва эътиборини Ливан “Ҳизбуллоҳ”и ва Ироқдаги шиа гуруҳларига ўхшаш Яманнинг шимолидаги кичик тоғли ҳудудга қаратишга мажбур қилади. Ҳусийлар минтақавий рақибларига улкан таъсир кўрсатиши мумкин бўлган Боб ал-Мандиб бўғозини ёпиш билан доимий таҳдид солмоқда. Жангари гуруҳ шунингдек, Саудия Арабистонини минтақавий ўйинчи ва сунний исломнинг ҳимоячиси сифатидаги ролини заифлаштиради. Ар-Риёднинг Яман ҳукуматига ёрдам бера олмаслиги ва партизанлик ҳаракатини мағлуб эта олмаслиги, унинг баҳсли вазиятларда куч кўрсатишга қодир Яқин Шарқ етакчиси сифатида ўзини тўлиқ намоён этишига тўсқинлик қилмоқда. Ҳусийларнинг Саудия инфратузилмасига, хусусан, нефт иншоотларига доимий рейдлари ва ҳужумлари қироллик оиласи учун катта безовта қилувчи омил бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, ҳусийларга қарши кураш Саудия Арабистонини Покистон ва Туркияга яқинлаштирди ва бу улар ўртасида мудофаа шартномасининг тузилишига олиб келди.
Ўзбекистон позицияси
Аниқ ва равшан: Ўзбекистон ҳудуддаги ҳар қандай зиддиятларга қарши. Хусусан ТИВ ҳусийчиларнинг Саудия Арабистони пойтахтидаги халқаро аэропортга йўллаган ракета зарбасини қатъий қоралади. Жараёнда Ўзбекистоннинг 49 ва 29 ёшлардаги икки фуқароси енгил жароҳат олган. Вазирлик бундай ҳужумларни зудлик билан тўхтатишга чақирди.
Аброр Зоҳидов
Ishonch.uz







