Ватан муҳаббати ила юртлар обод бўлур
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР ҳазратлари билан суҳбат
– Ассалому алайкум! Муфтий ҳазратлари, қимматли вақтингизни ажратиб, таклифимизга розилик билдирганингиз учун ташаккур. Ватан ўзи нима эканини халқона, содда тилда, диний-маърифий, ижтимоий жиҳатдан талқин қилиб бергансиз. Суҳбатимиз аввалида шу мавзуга мухтасар тўхталиб ўтсак.
– Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ваалайкум ассалом вараҳматуллоҳи вабаракотуҳ! Ватан ҳақида гап кетганда, кишини беихтиёр ҳаяжон қамрайди. Чунки кенгроқ оладиган бўлсак, ҳазрати Одам алайҳиссалом биринчи қадам қўйган тупроқ, зурриётлари то қиёматга қадар истиқомат қилувчи мўътабар заминимиз бизга маскан қилиб берилган. Хосроқ қилиб айтганда эса, киндик қонимиз тўкилган ва бир умр яшайдиган юртимиз бизга тақдир қилинган ватанимиздир.
Айниқса, хизмат тақозоси билан хориж сафарларида юрган чоғларда юрт соғинчини, она Ватан тафтини ҳис қилмайдиган инсон бўлмаса керак. Мусофир бўлмагунча ватан ва юрт қадр-қимматини англаб бўлмайди, дейишади. Худди балиқ сув билан ҳаёт бўлганидек, одам ҳам ватани, миллати билан қадрлидир.
Ояти каримада бундай келади: «(Эй Муҳаммад!) Албатта, Сизга (ушбу) Қуръонни фарз қилган Зот, шак-шубҳасиз, Сизни қайтиш жойига (Маккага) қайтарувчидир...» (Қасас сураси, 85-оят). Тафсирларда келтирилишича, бу оят Макка билан Мадина орасидаги Жуҳфа деган жойда – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзи ва ота-боболари туғилган жойга муштоқ бўлган вақтларида нозил бўлган. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ватанларидан чиқиб кетишни хоҳламадилар. Макка мушрикларининг у зотга зулмлари ҳаддан ошгандан сўнггина Аллоҳнинг изни ва кўрсатмаси билан ундан чиқиб кетдилар. Чиқиш вақти келганида кўзга ёш олдилар, кўнгиллар бўшашиб кетадиган сўзлар айтдилар: «Макка, сендан кўра менга севимлироқ шаҳар йўқ. Агар қавмим сени ташлаб чиқишимга мажбур қилмаганида асло сендан бошқа жойни макон тутмасдим», дедилар (Имом Термизий ривояти).
– Машҳур қоидада айтилганидек, бир нарсани билмаслик ё кўрмаслик ўша нарсанинг йўқлигига далил бўлолмайди. Айтмоқчиманки, баъзи кимсалар Ватан ҳақида сўз очилиши билан истеҳзоли кулишади ё энсаларини қотиришади. Ҳатто туғилиб ўсган жойга нисбатан муҳаббат бўлишини инкор этишади. Ҳолбуки, бу туйғунинг уларда бўлмаслиги унинг умуман йўқлигини билдирмайди. Шундай эмасми, ҳазрат?
– Бугунги кунда шу масала ўта долзарб. Чунки ким Ватан нима эканини яхши англаб етмас экан, унинг Ватанда яшашидан ҳеч бир маъно йўқ. Шу ўринда замондош олимлардан бири айтган фикрни келтириб ўтсак: «Бугунги кунда бўлаётган тўс-тўполон, уруш-жанжаллар, ноҳақ қон тўкилиши, нотинчлик ҳамда обод жойларнинг вайрон этилишидаги энг катта сабаб одамларда ватанпарварлик ҳисси етишмаслиги, ўзгалар ватанини ҳурмат қилмасликдир». Шу ўринда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг гапларини эслайлик: «Аллоҳ таоло юртларни Ватан муҳаббати ила обод қилур».
Муҳаббатни пайдо қилиш учун, аввало, хоҳиш ва ирода бўлиши ва уни яхши, деб баҳолай оладиган салоҳият ҳам керак. Шунинг учун Ватанга муҳаббат тилда эмас, амалда кўринадиган ишлар сирасидан. Масалан, киши ўз уйини, оиласини, яқинларини яхши кўрадими? Оила ҳам мўъжаз бир ватан-да. Кимда янглиш тушунча бўлса, Ватанига шу зайлда қарасин. Энг яқинидан бошлаб, диндош, миллатдошларига қадар ўйласа, кифоя. Ватанига муҳаббати бор-йўқлигини ўзи билиб олади.
Ҳужжатул ислом Шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: «Башарият ўз ерини ундаги нарсалари билан, гарчи у ҳеч ким яшамайдиган чўл бўлса ҳам яхши кўраверади. Ватанни севиш – юракка сингиб кетган, инсонни унда бўлганида хотиржам, йироқ кетганида талпинадиган, ҳужум қилинганида асрайдиган ва камситилганида ғазабланадиган қилиб қўювчи туйғудир».
Далилга эга бўлмаган ёт ғоялар гирдобига тушиб қолиб, Ватанига, халқига, оиласига, керак бўлса, ота-онасига қарши чиқаётган, ҳозирги замон таъбири билан айтганда, ватанфурушлик қилаётган ғаламислар борлиги эса, ачинарли.
– Юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Мамлакатимизда – Янги Ўзбекистонда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарликларида барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда амалга оширилаётган хайрли ташаббуслар, эзгу ишлар эътироф ва таҳсинга лойиқ.
Тараққиётимизнинг янги даврида инсонларнинг эътиқод эркинлигини таъминлаш халқимизни маънан юксалтириш ва илм-маърифатли авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда. Айниқса, мўмин-мусулмонларимиз ибодатларини эмин-эркин адо этишлари учун барча шароитлар яратилди, мамлакатимиз бўйлаб юзлаб масжидлар очилди, Қуръони карим курслари фаолият юритмоқда. Ҳаж квотаси 3 баробар оширилди, умра зиёратчилари бир неча юз мингни ташкил этмоқда. Натижада қарийб 800 минг мўмин-мусулмонларимиз ҳаж ва умра ибодатларини амалга ошириш бахтига эришдилар.
Диний таълим тизимининг ривожланишига катта эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда 4 та олий, 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси, жумладан, 2 та аёллар мадрасаси ёшларга илм-маърифат бермоқда. Дунёвий ва диний билимларни уйғунлаштириш, диний соҳада кадрларни тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди.
Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган мутафаккирлар меросини илмий ўрганиш, замонавий таҳдидларнинг ғоявий асосларини тадқиқ этиш йўлида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари жадал фаолият кўрсата бошлади.
Давлатимиз раҳбари улкан ва ноёб лойиҳа – Ислом цивилизацияси маркази биноси қурилиши билан танишиш жараёнида дин арбоблари, зиёлилар, олимлар, меъморлар билан суҳбатлашар экан, мазкур иморатни буюк аждодларимиз заковати, халқимиз маънавий салоҳиятига мос қилиб барпо этиш, уни ёшлар учун улкан тарбия мактаби, сайёҳлар учун табаррук қадамжога айлантириш кераклигини таъкидладилар.
– Имом-хатиблик масъулияти ва уларнинг халқ билан мулоқот йўналишида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Аллоҳ ўз ичларидан Аллоҳнинг оятларини ўқиб берадиган, уларни (ширк ва гуноҳлардан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни таълим берадиган Пайғамбарни юбориш билан мўминларга инъом этди» (Оли Имрон сураси, 164-оят), деб марҳамат қилган.
Оятда келтирилган вазифани Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шараф билан бекаму кўст адо этдилар. Рисолат ва нубувват эшиклари ёпилгач, бу масъулият навбати билан саҳобалар, тобеинлар, табаа тобеинлар, солиҳ салафлар зиммасига тушди. Бугунги кунда бу вазифани, ҳадиси шарифга мувофиқ, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг меросхўрлари бўлмиш уламолар давом эттирмоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритаётган имом-хатибларнинг малакалари ҳам ошириб борилмоқда. Айниқса, халқимиз билан жипслиги янада ортиши учун улар оилаларгача кириб боришмоқда. Ҳафтанинг ҳар чоршанбаси Диний идорадан тортиб вакилликлар, мамлакатимиздаги барча ҳудудларда «Фуқаролар қабули куни» этиб белгиланган. Имом-хатибларимиз ҳар бир мурожаатни тинглаб, кишиларга зарур тавсиялар, йўл-йўриқлар бериб, имкон қадар моддий-маънавий жиҳатдан ҳам кўмаклашиб келаётир.
Диний соҳа ходимларининг бу хайрли ишлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларига ҳамоҳангдир: «Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бирини аритса, Аллоҳ ундан қиёмат кунининг машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ бу дунё-ю охиратда унинг ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ бу дунё-ю охиратда унинг айбини беркитади. Модомики, банда биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади» (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
– Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг мурожаати эълон қилинди. Унда асосан ижтимоий ҳимоя ҳақида гап кетган. «Ўзи тўқ бўлиб, қўшниси оч қолган одам мўмин эмас», деган ҳадиси шарифга мувофиқ динимиз таълимотида ижтимоий ҳимоя, ижтимоий адолат жуда муҳим ўрин тутади. Ҳақиқатан, бу борада диний соҳа ходимларининг ўрни ва хизмати каттадир...
– Аллоҳ таоло Қуръони каримда эҳсон қилувчиларни мақтаб бундай деган: «Раббингиздан (бўлувчи) мағфиратга ва кенглиги осмонлару Ерга тенг, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат сари (солиҳ амаллар қилиш билан) шошилингиз! Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-садақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар» (Оли Имрон сураси, 133-134-оятлар).
Шу оятларни ўқиган ҳазрати Усмон ибн Аффон, Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳумо каби саҳобалар бутун борлиғини, бисотини Аллоҳ йўлида мўмин-мусулмонлар учун, эл-юрт учун, Ватан учун сарфлаб юборишган.
Аллоҳга шукрки, гўзал диёримизда ҳар тонгни тинчлик, хотиржамлик билан қарши олмоқдамиз. Бу юртда инсон азиз, унинг қадри юксак экани ўзининг ҳаётий ифодасини топаётганини кўряпмиз. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар, ногиронлиги бўлган инсонлар, камбағал оилаларга доимий ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда.
Ислом динида муҳтожларга ёрдам бериш, жисмоний имконияти чекланган инсонларга меҳр-мурувват кўрсатиш, мискин ва бечоралар ҳолидан хабар олиш энг савобли амаллардан ҳисобланади. Муборак динимиз хайр-саховатга буюрар экан, уни ўз ўрнига сарфлашга амр этади. Муҳтожлар ҳақига хиёнат қилиш эса оғир гуноҳ саналади.
– Ҳазрат, Диний идора ҳузурида ташкил этилган Фатво маркази қўшни республикалар, Миср, Туркия каби давлатлар фатво марказлари билан ҳам ҳамкорлик ўрнатган экан. Шу хусусда ҳам маълумот берсангиз.
– Ўзбекистон мусулмонлари учун барча шаръий масалалар юзасидан фатволар чиқариш, аҳолининг диний саволларига жавоб бериш, одамлар ўртасидаги диний масалалар бўйича ҳукмларни баён қилиш мақсадида 2022 йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошида Марказий Осиёда ягона бўлган Фатво марказини ташкил этдик.
Фатво марказимиз қўшни республикалар, Туркий давлатлар ҳамда Миср фатво марказлари билан изчил ҳамкорликни йўлга қўйган.
Марказнинг биргина ўтган йилги фаолиятига назар ташласак, 255 мингдан ортиқ саволларга жавоблар тайёрланиб, «Колл-марказ» орқали 243 мингдан ортиқ саволларга жавоб берилди. Бевосита мурожаат қилган фуқаролар сони 12 мингга яқин экан.
Шу пайтгача Фатво маркази уламолари томонидан «Фатволар тўплами»нинг икки жузи, «Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими», «Қурбонликка оид фатволар» ва «Рўзага оид фатволар» номли китоблар нашр этилди. Аллоҳнинг инояти билан амалга ошираётган ишларимиздан мақсадимиз ягона – Ҳақнинг ва халқнинг розилигини топишдир.
– Муфтий ҳазратлари, мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. Келгусидаги фаолиятингизга улкан муваффақиятлар тилаб қоламиз. Саломат бўлинг!
Толибжон НИЗОМ суҳбатлашди.
Манба: «Vatan» журналининг 2025 йилдаги 1-сони
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0