Жанубий Корея ёшларининг тақдирини белгиловчи имтиҳон
Ҳар йили ноябрнинг иккинчи пайшанбасида бутун Жанубий Корея гўёки тўхтаб қолади. Шу куни ҳатто ходимлар ишга бир соат кеч келишади. Чунки бу энг жиддий имтиҳон — Сунин ўтказиладиган кун. Хўш, Сунин нима ўзи, нега корейслар уни хавотир билан кутишади, шунга тўхталамиз.
Сунин имтиҳони (수능) – Жанубий Кореяда яшовчи ҳар бир ўсмир бошдан ўтказадиган ўта муҳим синов. Ҳар йили мактабларнинг 12-синфини битирувчилар миллий кириш имтиҳонига тайёрланишади, омади чопганлар учун олий таълим эшиклари очилиб, кўп эҳтимол улар порлоқ келажак томон дастлабки қадамларни ташлашади. Жанубий Корея жамиятида муҳим мавқе қозониш, хизмат пиллапояларида юқорилашда таълимнинг роли жуда катта. Хуллас, Сунин шунчаки билимлар имтиҳони эмас, балки тақдир синовидир.
Шу куни мамлакатдаги барча юқори синфларнинг ўқувчилари таълим муассасаларида жамланиб, 10 соат давомида имтиҳондан ўтишади. Одатда имтиҳон эрталабки соат 8:00 да бошланиб, 18:00 да тугайди. Албатта, фан имтиҳонлари оралиғида ярим соатлик танаффуслар ҳамда тушлик учун 1 соат ажратилади.
Сунин имтиҳонига 5-7 хил фан киритилади, шулардан учтаси мажбурий: корейс тили, математика ва инглиз тили. Қолганлари танловга қараб табиий фанлар, махсус фанлар ва иккинчи чет тили бўлиши мумкин. Имтиҳон тест ва оғзаки топшириқлардан иборат.
Баҳолаш ўлчовлари қатъий тартибга солинган, барча жавоб шакллари комиссия томонидан текширилади. Имтиҳон якуний натижалари бир ойдан кейин чиқади, шунга қарамасдан, абитуриентлар қандай натижага эришганларини олдиндан тахмин қилишлари мумкин. Чунки тест топшириқларини ишлаб бўлганларга шу заҳотиёқ навбатчи ўқитувчи тўғри жавобларини беради.
Корейс ёшларининг келажаги ана шу имтиҳон натижаларига жуда боғлиқ. Бу нафақат университетга кириш, балки мартаба истиқболларини, ижтимоий мавқени ва ҳатто никоҳ истиқболларини белгиловчи имтиҳон. Бу мамлакатда яшовчилар юқори маошли лавозимларда ишлаш ва жамиятда обрў қозониш томон энг тўғри йўл шу имтиҳондан ўтиш эканига ишонишади ва бу уларнинг ҳаётида исботини топган ҳақиқат.
Шунинг учун ҳам Сунин бутун мамлакат миқёсидаги воқелик: шу масъулиятли ва ҳаяжонли паллаларда ота-оналар, қариндошлар, яқин дўстлар имкон қадар абитуриентларга далда беришга ҳаракат қилишади. Шу куни ибодатхоналар ота-оналар билан лиқ тўлади, ўқувчилар бўлса барча ирим-сиримларгача қолдирмай адо этишади – гуручли бўғирсоқлар ейишади, уларга билимлар ёпишиб олармиш, сув ўтлари қўшилган таомлардан эса узоқлашишади, улардан билимлар сирғалиб тушиб қолишидан қўрқишаркан... Иримларнинг энг ёмони — ручкани қўлдан тушириб юбориш, негаки корейсчада “тушириб юбориш” (떨어지다) феъли “имтиҳондан йиқилиш” маъносида ҳам қўлланилади.
Шу куни давлат ҳам бир четда қўл қовуштириб турмайди. Йўлларда тиқинлар юзага келмаслиги ва ўқувчилар имтиҳонга вақтида етиб олишлари учун, кўп корхоналарнинг иш бошлаш вақти кечроққа сурилади. Эрта тонгдан кўчалар патрул ходимларига билан тўлади, кечикаётган абитуриентларни полициячилар мотоцикллар ёки машиналарда имтиҳон жойига элтиб қўйиши Корея учун одатий ҳол. Инглиз тилидан оғзаки имтиҳон пайтида эса имкон қадар сукунатли муҳит яратилади. Шунчаликки, ҳатто бутун Кореяда 30 дақиқа давомида самолётларнинг парвози тўхтатиб турилиши ҳам мумкин.
Имтиҳонларга тайёргарлик учун жуда кўп вақт, сабр, куч ва албатта пул керак. Имтиҳонлар саволлари университетлар, коллежлар ва юқори синфлар ўқитувчилари томонидан тузилади. Мактаб дарсликларидан саволлар тушади, аммо синфда умуман берилмаган маълумотлар ҳам кўп учрайди. Шу боис ота-оналар ўз фарзандларини имтиҳонга тайёрлаш учун репетиторлар ва хангвонларга анчагина пул сарфлашга мажбур. Имтиҳонга тайёрланиш ўртача 11 млн вон (тахминан 8 минг доллар)га тушади.
Оғир тайёргарлик жараёни ва мураккаб имтиҳон ўсмирларга катта босим юклайди, афсуски, бу кўпинча салбий оқибатларда намоён бўлади. Статистикага кўра, юқори синф ўқувчиларининг атиги 20 фоизи Суниндан ўта олмайди. Имтиҳонни ёмон топширганлар орасида ўз жонига қасд қилишлар кузатилади. Мамлакатда ҳаёт билан видолашувчилар сони имтиҳон натижалари эълон қилинган саналарга энг кўп тўғри келишини кузатувлар кўрсатмоқда.
Имтиҳон – бу шунчаки имтиҳон, тест, унинг натижасидан қатъи назар ҳаёт давом этавериши, ҳатто йиқилганларни ҳам порлоқ ва бахтли ҳаёт кутаётган бўлишини барча ўқувчилар ҳам тушунмайди.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0