“Бойчечак-бойчечак, кутиб олинг ой чеча!” – унутилаётган байрамлар
Бойчечак илк баҳор даракчисидир. Шунинг учун ҳам Шарқ халқлари бу гулнинг очилишини кўклам нишонаси деб билишган.
Илк баҳорда туғилган қизларга “Гулбаҳор”, “Гуллола”, “Баҳорой” деб исм қўйишган. Бундан ташқари, “Бойчечак” мавсум қўшиғи ҳам кенг тарқалган. Бу қўшиқ қадимий урф-одатлар билан боғланган. Эрта баҳорда болалар тўда-тўда бўлишиб, қир-адирлардан бойчечак қидиришган. Ким биринчи бўлиб бойчечакни топса, уни бахтли ҳисоблашган. Болалар топиб олган бойчечакларини бекитиб олиб, ҳовлима-ҳовли юриб қўшиқ айтишган. Бойчечак қўшиғини эшитган одамлар шундай кунга етиб келганига шукр қилиб, қувонишган. Айниқса, беморлар бу қўшиқни жон-дилидан севишган. Улар баҳор келганини билиб, ўзларини енгил ҳис қилишган.
Бойчечак катта қўшиқ бўлиб, турли мавзуларга аталган байтлардан таркиб топган. Бу қўшиқни ҳамма ҳам айта бермаган. Ҳар бир қишлоқда “Бойчечак” қўшиғини ижро этадиган алоҳида кишилар бўлган. Улар бу қўшиқни “ёр-ёр”, “ўлан” усулида айтишган.
Болалар бойчечакларни аввал қарияларга беришга интилишган. Чунки улар бойчечакни ғоят қадрлашган. Бу гул уларга қишдан эсон-омон чиққанлиги, яна баҳор келиб, янги ҳаёт бошланганидан далолат берган. Шунинг учун ҳам қариялар бойчечакни кўзларига суртиб, “Омонлик-сомонлик, ҳеч кўрмайлик ёмонлик, янаги шу кунларга эсон-омон етайлик” деб яхши ниятлар қилишган.
* * *
Яқин даврларгача сақланиб келган болаларнинг бойчечак байрами ҳақида М.Асқаров ва Б.Сайрамов Қуйидагиларни эслаб ёзишади: “Болалик пайтларимизда, эрта баҳорда, ҳали сўнгги қорлар эримай, қирларга бойчечак излаб кетардик. Улар худди турна кўзларига ўхшаб қор эриган хушманзара жойларда порлаб чиқса, етти дона юлиб, қишлоққа қайтардик. Овулда бизни бувиларимиз, амма-холаларимиз кутиб олишиб, юзларимиздан чўлп-чўлп ўпишар эди. Бойчечакларни эса қош-кўзларига уч мартадан сийпаб “Омонлик-сомонлик, йил бўйи кўрмайлик ёмонлик”, – дейишарди. Бойчечак кўтарган болалар кўча бўйлаб югуришиб ҳовлилар дарбозалари олдида тўхташиб “Бойчечак-бойчечак, кутиб олинг ой чеча!” (шевага хос сўз бўлиб, “чеча” янга, келинойи демакдир) деб қичқиришарди. Уйдан бирорта жувон чиқиб, болаларга мева-чева совға қилар эди. Болалар эса “Гул келтирдик эшигингизга, қўчқордай ўғил берсин бешигингизга” деб яна югуриб кетишарди. Бу болалар учун ҳам, фарзанд тилагувчи жувон учун ҳам байрам эди.
Бойчечак байрами турли жойларда ўзига хос тарзда нишонланади. Масалан, Ургут туманидаги Баландқишлоқ деган жойда бойчечак байрами алоҳида тайёргарлик кўрилиб нишонланади. Январь ойининг охирлари, февралнинг бошларида кунлар исиб, қорлар аста-секин эрий бошлагач, кунгай ерларда бойчечаклар кўкариб, гулларини кўз-кўз қила бошлаши билан қишлоқ йигитлари бойчечакнинг пиёзини ковлаб олиб, уни лойи билан авайлаб сақлайдилар. Байрам куни (кўпинча якшанба куни) олдиндан белгиланади. Ўша куни 15 ёш ва ундан катта ёшдаги ўспиринлар миллий кийимлар кийишиб, бойчечак қўшиғини айтишиб, қишлоқ кўчалари бўйлаб айланадилар.
Улар бирор хонадон эшиги олдига келишганида ҳаммалари бирдан:
– Бойчечак – бойчечак, бойчечак – дея келганларини билдирадилар. Шундан сўнг, жўрабоши ширин овозда:
– Қаттиқ ердан қалтираб чиққан бойчечак,
Юмшоқ ердан юмалаб чиққан бойчечак, – деб қўшиқни бошлаб беради. Қолганлар эса бир овоздан “Бойчечак, бойчечак”, деб жўр бўладилар.
Бошловчи:
Бойчечак баҳор келса очилади,
Яхшиларнинг бошига сочилади.
Бирга: Бойчечак, бойчечак!!!
Бошловчи: Бойчечакни авайлаб кўзга суртса,
Юзга кирган кампир ҳам ёшаради.
Бирга: Бойчечак, бойчечак!!!
Ариқчадан ҳатлаган, қўйнинг изи,
Машраби белбоғ тикар уйнинг қизи.
Бойчечак! Бойчечак!!!
Машраби белбоғингиз белимизда,
Алқаб-алқаб кетайлик йўлимизга.
Бойчечак! Бойчечак!!!
Шундан сўнг, хонадон кексаси баҳор элчилари қошига келади. Ўсмирлар салом берадилар. Хонадон эгаси алик олиб, бойчечакни талаб қилади. Болалар унга бойчечакни беришиб, бойчечак байрами билан табриклашади.
Хонадон эгаси бойчечакни олиб, қош-кўзига суртиб, дейди:
– Омонлик-сомонлик. Ҳеч кўрмайлик ёмонлик!
Улар бутун қишлоқни шу тариқа айланиб чиқадилар. Ҳамма хонадон эгалари уларга суюнчи беради. Бу суюнчиларни тўплаб. Унинг ҳисобидан катта бир қўй олиб сўйишади. Шу куни қишлоқ аҳли учун катта дошқозонда ош дамланади.
Ош биринчи навбатда қишлоқ кексаларига, байрамга келолмаган беморларга, азадор хонадонларга улашилади, уларнинг дуоси олинади. Ўша куни қишлоқда байрам бўлиб, болалар варрак учиришади, кураш бўлади, чиллак ўйини бошланади. Байрам кечгача давом этади.
Усмон ҚОРАБОЕВ,
Камолиддин Беҳзод номидаги
Миллий Рассомлик ва дизайн институти профессори,
фалсафа фанлари доктори
PS: Бугун бойчечак байрами кенг нишонланмайди. Фақат Наврўз сайлларида унинг айрим учқунларинигина кўришимиз мумкин. Одамларни бирдамликка, ёшларни кексаларни қадрлаш ва эъзозлашга чорлайдиган бу баҳорий байрам ҳеч қачон унутилмаслгини истаган ҳолда ушбу мақолани тақдим этмоқдамиз.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0