Бугун Россия ва Украина уруши бошланганига 2 йил тўлди
Россиянинг Украинага бостириб кириши 2022 йил 24 февраль, пайшанба куни Киев вақти билан эрталаб соат бешларда бошланди. Россия қўшинлари Украина ҳудудига Россия, Қрим ва Беларусдан кириб келган, Донецк ва Луганск қўшинлари ҳам жангга қўшилган. Қўшинлар тўртта асосий йўналишда ҳужум бошлади – шимолдан Киевга, шимоли-шарқдан Харьковга, жануби-шарқдан Донбассдан ва жанубдан Қримдан.
2021 йил октябрь ойидан бошлаб оммавий ахборот воситаларида яқинлашиб келаётган босқин ҳақида кўплаб огоҳлантиришлар эълон қилинди. Бироқ, Россиянинг юқори лавозимли расмийлари Украина билан урушга тайёргарлик кўрилаётганини доимо рад этиб келган.
“Ажабланманг, биз билардик”
НАТО раҳбари уруш бошланишидан хабардор бўлган.
НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Россиянинг 2022 йил 24 февралга ўтар кечаси Украинага бостириб кириш режалари ҳақида билар эди. У бу ҳақда “France-Press” агентлигига маълум қилган: “Мен ухлашга ётдим. Лекин бу жуда қисқа тун эди, чунки қачондир, яқин бир неча соат ичида мени кимдир уйғотишини билардим. Шундай бўлди ҳам”, Столтенбергнинг сўзларига кўра, у босқин бошланиши ҳақида қисқача соат 04:00 да телефон орқали хабардор қилинган. “Ажабланманг, чунки биз билардик”, деган эди у.
НАТО Бош котиби Украинадаги можаро альянс сафларини жамлашга туртки бўлганини таъкидлади, бироқ айни пайтда НАТО ҳарбий ҳаракатларни олдини олиш учун кўпроқ ҳаракат қилиши мумкин эди, деган таклифни рад этди. Шунингдек, у можаро 2022 йилда эмас, балки 2014 йилда Қрим Россия билан бирлашганидан кейин бошланганини ҳам таъкидлаб ўтган эди.
Ҳаммаси қандай бошланди?
2022 йил 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
Шу йили 24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Ундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига сабаб бўлди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиши кузатилди.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
Дилдора Иброҳимова,
ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0