“Ҳужжатсиз ишладим, ойлик маошим ҳам тўлиқ берилмади” Бекободда ногиронлар иш ўрни бўйича нега муаммолар юзага келмоқда?
Тошкент вилояти, Бекобод тумани Ўрикзор маҳалласида яшовчи, 1-гуруҳ ногирони бўлган Шарофат Пардаева 2019 йилда Бекобод шаҳридаги Ногиронлар жамияти раиси Хосият Омонова ташкил қилган махсус ўқув курсида зардўзлик ва тўқувчилик ҳунарларини шогирдларга ўргатиш учун ишга таклиф қилинган.
У жамият раисига ишга киришда зарур бўладиган барча ҳужжатларини тайёрлаб топширади. Бу иши учун унга расман иш стажи ёзилиши айтилганидан сўнг, ишни бошлайди. Вақт ўтади, стаж ҳақида оғиз очган Шарофат Пардаевага “Шу иш ортидан юрибман” деган жавоб берилаверди. Ниҳоят, 2022 йилнинг ёз ойи ҳам келиб қолади. Аммо бу ҳақдаги ваъда ваъдалигича қолиб кетаверади.
– Қуруқ ваъдага ишонган ҳолда икки йилимни ўтказдим, бунга ачинаман, – дейди у. – Бунинг устига аравачам механик усулда бошқарилади. Бўғимларим оғрийди, уни қўлда бошқариб, узоқ масофага ишга бориб-келиш ҳам осон бўлмаган. Ойлик маошим ҳам тўлиқ берилмади. Ишимни севганим ва банд бўлишни истаганим учун икки йилгача қатнаб юрдим. Шу орадаги ойлик маошларимни менга тўлиқ қилиб беришларини, расман иш стажи ёзилишини сўраб кўп жойларга мурожаат қилдим. Аммо ҳалигача бирон садо чиққани йўқ. Бунинг иложи йўқ экан, нима учун менга ишонтириб ваъда берилди, ҳужжатларимни тахт қилдириб, ишга қабул қилишди?
Биз Хосият Омонова билан ҳам боғландик.
– 6 йилдан буён Бекобод шаҳар Ногиронлар жамияти раиси сифатида фаолият олиб бораман, – дейди у. – Жамият қошида “Мурувват-кўмак” номли масъулияти чекланган жамияти ташкил қилиб, ҳудуддаги ишлашга лаёқатли келадиган ногирон хотин-қизларни бир жойга тўплаб, уларни меҳнатга йўналтириш ва ишлаб чиқарган маҳсулотлари сотувидан фойда олишларини мақсад қилиб мана шу ишни бошлаганман.
Бугунги кунда жамиятда 50 нафарга яқин ногиронлиги бор шахслар меҳнат қилади. Ҳозир кичик иш жойимиз опа-сингилларнинг қўл меҳнати маҳсуллари билан тўлган. Айрим мутасаддилар бу нарсаларнинг кўргазмаси ва сотилишида ўз ҳиссасини қўшаётганидан миннатдормиз, албатта. Лекин барибир, ҳамма ҳам расман ўз иш жойига эга бўлишни истайди. Мен бошқараётган иш оддий якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти бўлганлиги учун, ҳар бир ишчини расмийлаштиришнинг уддасидан чиқа олмаяпман. Ногиронлик жамияти орқали ҳам бунинг иложи бўлмаяпти.
Шарофат Пардаеванинг мурожаати юзасидан шуни айта оламанки, бу масала бугун барча жамият аъзоларининг, ҳатто ўзим раис бўлсам-да, менинг ҳам муаммойим бўлиб қолмоқда.
Ҳозир бу ердаги ногиронлар олиб бораётган фаолиятни кенгайтириш ҳаракатидамиз. Бунинг учун айрим воситалар бизга субсидия асосида ажратилиши керак. Мана шу ҳам ҳозир долзарб. Чунки ўтган йили бизларга субсидия асосида берилиши айтилган тикув машиналарини ҳам ноиложликдан кредит асосида олганмиз. Ҳозирга қадар кредитга олинган 12 та тикув машинаси пулларини тўлаб боряпмиз. Бунда маҳсулотлар айланмаси ҳам ҳисобга олиниши шарт, шунга яраша кирим бўлмаса кредитни сўндириш ҳам осон кечмайди. Бу ердагиларнинг аксарияти 1-2-гуруҳ ногиронлари-ку, нима сабабдан улар учун зарур бўлган нарсалар субсидия асосида берилмайди? Мана бугун ҳам шу бўйича қилган мурожаатимга Бекобод шаҳар Савдо-саноат палатасидан: “Мурожаатингизни ёзиб қўйдик, албатта ёрдам берамиз” деган жавобни олдим.
Яқинда шаҳар ҳокимига “дардимиз”ни такрор айтдик. У ердаги мутасаддилар томонидан бу масала Халқ депутатлари Бекобод шаҳар кенгашининг навбатдаги сессиясида кўриб чиқилиши айтилди. Энди сессияни кутяпмиз....
Кўриниб турибдики, жамият раисининг бу масалада тайинли жавоби йўқ. Нега шу вақтга қадар ҳужжати расмийлаштирилмаганига ҳам арзирли гап айтилмади.
Бугун мамлакатимизда ногирон инсонларнинг жамиятнинг барча тармоқ ва соҳаларига фаол кириб бориши, ўз ҳақ-ҳуқуқи, берилган имтиёзлардан тўла фойдаланиши йўлида изчил ишлар амалга ошириляпти. Шундай экан, юқоридаги 1-гуруҳ ногирони нега сарсон бўлмоқда, Ногиронлар жамияти раисининг турли ташкилотларга қилган мурожаатлари нега жавобсиз қолмоқда? Нима учун унга асосли тушунтириш берилмаяпти ёки йўл-йўриқ кўрсатилмаяпти? Мутасаддилардан жавоб кутиб қоламиз.
Холида Эгамбердиева,
ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0