Биз шарафсиз қавммизми?
Ресторанда одам гавжум. Қўшиқчи русча, туркча, италянча ашулалар билан даврага файз киритяпти. Мижозлар бир-икки марта “Хоразмчадан бўлсин!” деб талаб қилишганди, қўшиқчи кескин рад қилди:
— Хоразмча тўйда айтилади. Бу ер ресторан.
Очиғи, хафсалам пир бўлди. Ўзимни ҳақоратлангандай ҳис қилдим. Гўёки ресторан оқсуяклар учун, миллий қўшиқларимиз бунга арзимайди дегандай тассурот қолдирди. Миллий қўшиқларни тинглаш уят бўлган жойга бошқа боришни истамадим.
Бу воқеа ундан сал олдин бўлган бир тўйни ёдимга солди. Тўйга мақом ашулаларининг моҳир ижрочиси бўлган моҳир санъаткор таклиф қилинганди. Хонанда жўшиб куйлаяпти-ю, ёш-яланг у ёқда турсин, катталарнинг ҳам қовоғи осилган. “Жонга тегди сувораю яллалари. Ундан кўра, дижей чақиришса бўлмасмиди, маза қилиб “Кўк жигули”га ўйнардик” дейди олтмиш ёшлардаги бир аёл лабини чўччайтириб.
Бу воқеаларни таҳлил қилар эканман, негадир “Биз буюк миллатдан шарафсиз қавмга айланиб қолмаяпмизми?” деган савол туғилди. Миллий қўшиқларимизга бефарқмиз, миллий либос кийгимиз келмайди. Уйларимизни миллий руҳда безатмаймиз. Фарзандларимиз хорижий тилларни билиши билан фахрланамиз, ўзбекча хато ёзишидан уялмаймиз.
Ўтган йили истеъдодли санъаткор Ўлмас Оллаберганов билан суҳбатлашганимизда, “Шу кетишда соф ўзбек санъати йўқолиб кетмасайди, деган хавотирга бериламан” деганди. “Миллий оҳангларни тинглаш шартми? Замонавий мусиқалар билан ҳам яхши яшаса бўлавермайдими? “ деган саволимга санъаткор шундай жавоб қилганди:
– Тўғри, яшайверади. Гап шундаки, ўз санъатидан маза қилмаган халқнинг халқлиги қолмайди. Миллат ўз оҳангини ўзи тушунмаса, бу фожиа. Санъат миллатнинг миллатлигини кўрсатувчи омиллардан бири. Инсон ўзини англамай туриб, Ҳақни англай олмайди. Мен ўзбек оҳангини қалбга жойламасдан ўзлигимизни англашимиз ва тўла намоён этишимиз қийин деб ўйлайман.
Мақом ашулаларининг моҳир ижрочиси, соҳир овоз соҳиби Азамат Отажонов эса “Санъаткорнинг асосий мақсади кўпроқ тўй олиш, даромад қилиш бўлиб қолди. Кечирасизу, бир-икки пиёла жиринг-жирингдан кейин тўйга келган одам сувора эшитадими? Йўқ, албатта, унинг сакраб-тушиб ўйнагиси келади. Санъатга тўй орқали баҳо берилиши оқибатида кимни кўпроқ тўйга айтишса, шу зўр деган қараш пайдо бўлди. Бу “зўр”лар мумтоз санъатимиздан бутунлай йироқ, туркча, озарбайжонча ўйноқи мусиқаларга ўзбекча сўзларни қўйиб айтаётгани, устига устак улар айтаётган “қўшиқ”лар ҳеч қандай маъно-мазмун касб этмаётгани ҳеч кимни қизиқтирмай қўйди. Нафақат тўйларда, расмий тадбирларда, телевиедение, радоиода ҳам уларга кўпроқ имконият берилди” деб куюниб гапирганди.
Халқлар бир-биридан нимаси билан фарқ қилади? Тили ва мусиқаси билан. Ўз мусиқасини унутиш, рад этиш эвазига ўзга халқнинг мусиқасини эъзозлаш қанчалик тўғри? Худди шу фикрни она тилимиз ҳақида ҳам айтиш мумкин. Қайси кўчага қараманг, инглиз, рус ва бошқа тиллардан олинган сўзлар билан номланган хизмат кўрсатиш шохобчаларига кўзингиз тушади. Тилга, мусиқага эътиборсизлик – инсоннинг ўзига, ўзлигига эътиборсизлиги эмасми?
Меҳмонхонада фаолият кўрсатадиган танишим “Яқинда бир гуруҳ корейс делегациясини қабул қилдик. Уларнинг жўр бўлиб миллий қўшиқларини куйлашларига қойил қолдим” дея завқ билан сўзлаб берганди. Биз миллий қўшиқларни айтиш тугул, эшитишни истамасак... кейинги пайтларда фарзандларимизга ҳатто ўзбекча исм қўйгимиз келмаяпти. Бобо, бувиларимизнинг номларини эшитсак лабимизда истеҳзо пайдо бўлади. Ҳатто миллий таомларимиздан кўчадаги “ходдог”ни устун қўямиз.
Тўғри, дунё билан интеграциялашишимиз, яхши анъаналарни ўзлаштиришимиз, жаҳон мусиқасини тинглашимиз, китобларни ўқишимиз керак. Улар бизнинг тараққий қилишимизга ёрдам беради. Бироқ, буларнинг ҳеч бири ўзимизни рад қилиш эвазига бўлмаслиги керак. Акс ҳолда дунёда ўрнимизни тополмаймиз.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0