Сайт тест режимида ишламокда
    Валюта UZS
  • USD

    12 844.21-11.72

  • EUR

    13 508.26-62.46

  • RUB

    127.35-0.81

+13C

+13C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+13c

  • Hozir

    +13 C

  • 17:00

    +12 C

  • 18:00

    +10 C

  • 19:00

    +8 C

  • 20:00

    +7 C

  • 21:00

    +5 C

  • 22:00

    +5 C

  • 23:00

    +4 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Shanba, 23-November

+13C

  • Hozir

    +13 C

  • 17:00

    +12 C

  • 18:00

    +10 C

  • 19:00

    +8 C

  • 20:00

    +7 C

  • 21:00

    +5 C

  • 22:00

    +5 C

  • 23:00

    +4 C

  • Shanba, 23

    +13 +20

  • Yakshanba, 24

    +11 +20

  • Dushanba, 25

    +13 +20

  • Seshanba, 26

    +13 +20

  • Chorshanba, 27

    +13 +20

  • Payshanba, 28

    +15 +20

  • Juma, 29

    +11 +20

  • Shanba, 30

    +12 +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax
Жамият
4797 13:35 | 22.01.2024 13:35

Бир фурсат илгари Ishonch.uz сайтида Бахтиёр Алимжановнинг "Ўзбек"дан "Ўзбекистонлик"кача..." сарлавҳали мақоласи эълон қилинган эди. Мақолада билдирилган фикрлар зиёлилар, тарихчилар, умуман олганда, фикр кишиларининг баҳсларига сабаб бўлмоқда. Хусусан, тарих фанлари доктори, профессор Шамсиддин Камолиддин эътирозларга тўла фикрларини таҳририятга йўллади. Қуйида ушбу мақолани таҳрирсиз эълон қилмоқдамиз.



Бахтиёр Алимжанов ўзининг “Ўзбек” дан “Ўзбекистонлик” гача ... ёҳуд ўзликлар тўқнашувида тарихнинг роли” мақоласида ўзбек халқига “ўзбекистонликлар” деб аталмиш янгича ўзликни таклиф қилган. Бошқача қилиб айтганда, энди биз ўзимизни “ўзбек” деб эмас, “ўзбекистонлик” деб аташимиз керак экан. Муаллифнинг фикрига кўра, “ўзбекистонлик” атамасига энг мос келувчи модель қадимги сўғдий модели” эмиш. Менимча, бу ўхшатиш умуман мантиққа тўғри келмайди. Ҳар қандай олим ўзи билмаган нарса ҳақида фикр юритмагани маъқул. Муаллиф суғдлар даври тарихи ва географиясини чуқур билмайди. Шунинг учун унинг мулоҳазаларида қўпол хатолар мавжуд. Хато маълумотларга асосланган хулоса ҳам шунга яраша бўлади, албатта.
Авваламбор, мақолада суғдларнинг яшаган ҳудудлари ва Суғд вилоятининг чегаралари нотўғри кўрсатилган: “Тарихнинг айнан ўша даврларига назар ташласангиз, сўғдийларни (яъни Марказий Осиё ҳудудини) Шарқдан Хань империяси, ғарбдан Византия империяси, шимолдан Турк хоқонлиги қуршаб олганини кўрасиз”. Биринчидан, “Ўзбекистон тарихи” мутахассислиги бўйича ўқийдиган ҳар талаба биладики, кўрсатилган даврда (III – VI асрлар) суғдлар бутун Марказий Осиё ҳудудида яшамаган. Улар асосан Зарафшон ва Қашқадарё водийларида яшаган. Марказий Осиёнинг жанубий ҳудудларида бохтарлар, ғарбий ҳудудларида хоразмийлар, шимолий ҳудудларида эса асосан кўчманчи қабилалар яшаган. VII – VIII асрларга келиб, суғдларнинг айрим жамоалари Чоч воҳаси, Фарғона водийси ва Еттисув, шунингдек, Шарқий Туркистон ҳудудларида турклар билан аралаш тарзда яшаган. Иккинчидан, кўрсатилган даврда (III – VI асрлар) Турк хоқонлиги ҳали йўқ эди. Турк хоқонлиги VI асрнинг иккинчи ярмида ташкил топиб, VIII аср ўрталарига қадар мавжуд бўлган. Суғд эса унга қўшни эмас, балки унинг таркибий қисми, унинг бир вилояти бўлган. Византия империяси ҳеч қачон Суғд вилояти билан черадош бўлмаган. Суғд вилояти ғарбда Хоразм билан чегарадош бўлган. Хоразмдан ғарбда Каспий денгизи, ундан ҳам ғарбда Кавказ минтақаси, ундан ҳам ғарбда Қора денгиз, ундан кейингина Византия империяси жойлашган. Сосонийлар империяси ҳам Суғд вилояти билан чегарадош бўлмаган. Суғд вилояти ва ҳеч қачон мустақил давлат бўлмаган. Кўрсатилган даврда (III – VI асрлар) у аввал Қанғ давлати (III – IV асрлар), кейин эса Эфталийлар (V – VI асрлар) давлати таркибига кирган. Хань империяси ҳам бу даврда Суғд билан бевосита чегарадош бўлмаган. Хань билан Суғд ўртасида Шарқий Туркистон жойлашган. У эса кўрсатилган даврда (III – VI асрлар) аввал Сяньби империяси (93 – 224), кейин Жужан хоқонлиги (330 – 555) ва Турк хоқонлиги (552 – 745) таркибига кирган. VII аср ўрталаридан VIII аср ўрталаригача (тахминан 100 йил) Шарқий Туркистон Тан империяси таркибига кирган. 745 – 840 йилларда бу ерда мустақил Уйғур хоқонлиги, кейин эса майда уйғур хонликлари бўлган. Шундай қилиб, муаллиф суғдларнинг яшаган ҳудудлари ва Суғд вилоятининг чегараларини умуман нотўғри келтирган. Унинг суғдлар ҳақида келтирган бошқа маълумотлари ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди.
Энди “Ўзбекистон” атамаси ҳақида сўз юритсак. Муаллифнинг ёзишича, “ХХ асрнинг 20-йилларида миллат шаклланиши бўйича кечган баҳс ва мунозаралар орқали (жадидларимиз хатти-ҳаракатлари билан) Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси тузилди. Ва айнан шу омил сабаб миллат тушунчаси энди тарихга, географияга ва сиёсий иродага боғлиқ бўлиб қолди. Ҳолбуки, ўтган асрнинг 20-йилларида Марказий Осиёни ташлаб чиқиб кетган ватандошларимиз бир пайтда ўзларини “туркистонлик” деб аташарди”.
Бу гаплардан шундай маъно келиб чиқадики, “Ўзбекистон” атамаси ўтган асрнинг 20-йилларида муомалага киритилган, ундан олдин эса Марказий Осиё минтақаси “Туркистон” деб аталган, бу ерда яшовчи халқлар эса “туркистонликлар” деб аталган. Лекин бу маълумотлар ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди, ва бунинг негизида муаллифнинг минтақа тарихий географияси ва этнографиясини чуқур билмаслиги ётади. Бу хато фикрни “конструктивизм” жамиятшунослик назарияси тарафдорлари илгари сурганлар. Уларга кўра, “Ўзбекистон” атамаси 1924 йилда янги ўзбек миллатини “ясаш” мақсадида муомалага киритилган, унга қадар эса бу атама мавжуд бўлмаган. Лекин ҳозирги кунда “Ўзбекистон тарихи” мутахассилиги бўйича ўқийдиган талабалар ҳам биладики, “Ўзбекистон” атамаси тарихий илдизларга эга бўлиб, Марказий Осиё минтақасининг тарихий номларидан бири ҳисобланади. “Ўзбекистон” атамаси манбаларда илк бор ХIV асрда, тарихий хариталарда эса ХVI асрда муомалага кирган. ХIV асрда бу атама Олтин Ўрда, ХV асрда – Дашт-и Қипчоқдаги Ўзбек Улуси, ХVI – ХIХ асрларда эса Ўрта Осиёга нисбатан қўлланилган. ХVI асрда ўзбеклар Мовароуннаҳрни эгаллагандан кейин то руслар босқинига қадар “Ўзбекистон” атамаси бутун Ўрта Осиё минтақасига нисбатан қўлланилган. Ўша давр тарихий географиясида “Ўзбекистон” атамаси Турон ва Туркистон тарихий атамалари билан тафовутда бўлмай, аксинча, улар билан бирга маънодош ном сифатида ишлатилган. Жаҳон тарихий географиясида бу атама 1865 йил, яъни руслар босқинига қадар 365 йил давомида Турон ва Туркистон атамалари сингари бутун Ўрта Осиё минтақасига нисбатан макротопоним сифатида ишлатилган. Руслар босқинидан кейин мустамлакачилар Туркистон генерал-губернаторлигини ташкил қилгандан сўнг минтақа “Туркистон” деб атала бошлаган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, XVI – XIX асрларда Ўзбекистон аҳолиси ўзларини “ўзбекистонликлар” деб эмас “ўзбеклар” деб атаганлар. XVII асрда яшаган бир ўзбек тарихчи ва географ олими Махмуд ибн Валий ўзининг “Баҳр ал-асрор фи маноқиб ал-ахёр” асарида бу ҳақида шундай ёзган: “Туркистон халқлари турли даврларда турли номлар билан аталганлар: Турк ибн Ёфас ҳукмронлиги даврида “турк”, Мўғулхон ҳукмронлиги даврида “мўғул”, Ўзбекхон ҳукмронлиги даврида “ўзбек”. Лекин атрофдаги бошқа халқлар уларни илгаригидек “турк” деб атайдилар”. Бу гапнинг тасдиғини бошқа манбаларда ҳам кўриш мумкин. Масалан, мўғуллар тарихчиси Рашидиддин ўзининг “Жомеъ ат-таворих” асарида бу хусусда шундай ёзган: “ХIII – ХIV асрларда кўп турк лаҳжаларида сўзлашувчи қабилалар ва халқлар “татарлар” ва “мўғуллар” деб аталар эди, чунки улар “ўзларининг буюклиги ва қадр-қимматини уларга мансуб бўлишда деб ишонганлар, шунинг учун уларнинг номи билан танилганлар”. Мирзо Улуғбек ҳам ўзининг “Тарих-и арба‘а улус” (“Тўрт улус тарихи”) асарида шундай ёзган: “Султон Муҳаммад Ўзбекхон Мовароуннаҳрга келганда, маҳаллий одамлар унинг одамларидан: “Бу келган одам ким?”, деб сўрадилар. Уларнинг сардори ва подшоҳи Ўзбекхон бўлгани учун уларни “ўзбек” деб атар едилар. Шу сабабли ўша замондан бошлаб келган кишилар “ўзбек” деб атала бошлади. Қолиб кетган кишилар эса “қалмоқ” бўлдилар”.
Бу маълумотлардан аён бўладики, XVI – XIX асрларда Ўзбекистоннинг барча аҳолиси унинг келиб чиқишидан қатъий назар «ўзбек» деб аталган. Ваҳоланки, ўша даврда Ўзбекистонда турли хил халқлар ва қабилалар, шу жумладан, уйғур, қозоқ, қирғиз, қипчоқ, туркман ва қорақалпоқлар яшаган. Уларнинг ҳаммаси ўзларини ўзбек деб ҳисоблаганлар. Дашт-и Қипчоқ ўзбеклари Ўрта Осиёни босиб олган бўлсалар ҳам, маҳаллий ўтроқ турклар билан яқин қариндош эдилар. Шунинг учун улар тезда уларнинг юксак маданиятини қабул қилиб, улар билан қоришиб кетдилар. Ўзбеклар ҳеч қачон ўзларининг номини бошқаларга беришга ҳаракат қилмаганлар. Аксинча, бошқа халқлар ўзларини “ўзбек” деб кўрсатишга интилганлар, чунки ўша даврда “ўзбек” бўлиш шарафли ҳисобланар эди. ХIХ аср ўрталарида Марказий Осиё бўйлаб саёҳат қилган венгер олими А. Вамбери шундай деб ёзган эди: “Қўқон аҳолиси ўзбек, тадшик, кайсак, қирғиз, қипчоқлардир. Ўзбеклар
аҳолининг ўтроқ қисмини ташкил қилади, улар Бухоро ва Хива
ўзбекларидан катта фарқ қиладилар ... Ўзбеклар Туркистонда
ҳукмронлик қилувчи қавм бўлганлиги сабабли... шаҳар ва қишлоқларда ўрнашиб қолган қирғизлар, қипчоқлар ва қалмиқлар, бир зумда
ўз миллатидан воз кечиб, ўзларини “ўзбек” деб атайдилар”. Бошқа бир жойда у қуйидагича ёзади: “Хитой Татарияси аҳолисининг кўпчилиги, яъни 4 вилоят – Кошғар, Ёрканд, Оқсу ва Хўтан – деҳқончилик билан шуғулланувчи ўтроқ аҳолидан иборат. Улар ўзларини “ўзбек” деб атайдилар, лекин уларнинг келиб чиқиши қалмиқ эканлиги биринчи қарашдан кўзга ташланади. Бухоро ва
Хивада “ўзбек” деб аталувчи одамлар Хитой Татариясида ҳеч қачон
бўлмаган. Бу ерда шимолдан кўчиб келган қалмиқлар, қирғизлар ва бу ерларнинг туб аҳолиси – форсларнинг қоришмаси “ўзбек” номи
билан аталади”.
Юқорида қайд қилганимиздек, ХVI – ХIХ асрларда Ўзбекистон
жой номи Туркистон ва Турон жой номларининг синоними ва давомчиси бўлиб, Марказий Осиёдаги бир-бирига қавм-қариндош барча халқларни бирлаштирувчи сиёсий аҳамиятга эга бўлган. “Ўзбек” атамаси эса келиб чиқишидан қатъий назар Марказий Осиёнинг барча аҳолиси учун суперэтнос вазифасини бажарган. Маҳмуд ибн Валийнинг юқорида келтирилган сўзлари бунга яққол далилдир. Бу жиҳатдан Марказий Осиё ва Бухоро аҳлининг бошқа халқлар орасида, яъни ўзга юртларда қандай аталганлиги диққатга сазовордир. Масалан, Фаластинда Қуддус шаҳрининг мусулмонлар яшайдиган қисмидаги ал-Ақсо масжиди яқинида “ал-Завия ал-Нақшбандийя” номли бир қадимий хонақоҳ жойлашган бўлиб, ўрта асрларда у Марказий Осиёдан келган “нақдшбандийя” тариқатига мансуб суфийларга қарашли бўлган. Бу хонақоҳ яна “ал-Завия ал-Бухорийя” ёки “ал-Завия ал-Узбекийя” деб ҳам аталган, у 1010/1602 йилда қурилган ва ҳозиргача мавжуд. Бундан 400 йил олдин асос солинган суфийларнинг бу хонақоҳини Марказий Осиёлик шайхлар бошқарган бўлиб, уларнинг исмларига ал-Бухорий ва ал-Туркистоний нисбалари билан бир қаторда ал-Узбекий нисбаси қўшилган. Бу хонақоҳ карвонсарой вазифасини ҳам бажарган бўлиб, Марказий Осиёнинг турли ерларидан ҳаж сафарига борган барча зиёратчилар Қуддусдан ўтганда унда тўхтаганлар. Бундай хонақоҳ ва карвонсаройлар Яқин Шарқнинг бошқа шаҳарларида ҳам бўлган. Масалан, Туркиядаги Истанбул шаҳрида жами 5 та “Ўзбек” таккалари, яъни карвонсаройлари бўлиб, улардан 3 таси ҳозирги кунгача сақланган. Мисрдаги Қоҳира шаҳрида “ал-Ўзбекийя” маҳалласи, Саудия Арабистонидаги Мадина шаҳрида ҳам бир нечта “Ўзбек” карвон-саройлари бўлган. Маҳаллий аҳоли бу карвонсаройларда Ўзбекистон ёки Туркистон, яъни Марказий Осиёдан келиб тўхтаган барча зиёратчиларни келиб чиқишидан қатъий назар “ўзбеклар” деб атаган.
Ва ниҳоят энди “ўзбекистонликлар” атамасига ҳам етиб келдик. Хўш, бу атама қачондан бошлаб ишлатила бошлаган ва кимларни англатган. Авваламбор шуни айтиш керакки, ўзбек тилида “ўзбекистонликлар” атамаси ҳеч қачон ишлатилмаган, ҳар қалай, советлар даврига қадар. Бу атама 1924 йилдан кейин рус тилида “узбекистанец” шаклида ишлатила бошлаган, ва Ўзбекистонда яшовчи руслар ва рус тилида сўзлашувчиларни англатган. Ҳозир ҳам худди шу маънода ишлатилади. Ўзбекистонда яшовчи руслар ва рус тилида сўзлашувчилар ўзларини “узбекистанец” деб атайдилар. Бу билан улар ўзларини маҳаллий ўзбеклардан ажратиб кўрсатадилар. Ҳужжатларда миллатини кўрсатиш керак бўлганда эса, ўзларининг келиб чиқишини кўрсатадилар. Бундай ёндашув советлар даврида қабул қилинган эди. Совет Иттифоқида 100 дан ортиқ миллат ва элатлар бор эди, лекин уларнинг ҳаммаси бирга ягона “совет халқи” ни ташкил қилар эди. “Узбекистанец” атамаси уларнинг яшаш жойини билдирган холос, худди “москвич” – “москвалик”, “ленинградец” – “ленинградлик”, “кубанец” – “кубанлик” сингари. Бутун дунёда эса ҳужжатларнинг “миллати” деган жойида давлатнинг номи, яъни фуқаролик кўрсатилади (Англия, Франция, Германия ва ҳ.к.). Лекин жонли тилда улар, масалан, Францияда яшовчи барча одамлар келиб чиқишидан қатъий назар (арман, араб, яҳудий, рус ва ҳ.к.) “французлар”, Англияда яшовчилар “инглизлар”, Германияда яшовчилар эса “германлар” (французчада “олмонлар”, русчада “немислар”) дейилади. Советлар даврига қадар Россия империясида яшаган барча машҳур давлат, фан ва маданият арбоблари “рус” деб аталган. Масалан, келиб чиқиши ҳабаш бўлган Александр Пушкин “буюк рус шоири”, келиб чиқиши татар, немис ёки яҳудий бўлган давлат, маданият ва фан арбоблари “рус олимлари”, “рус саёҳатчилари”, “рус дворянлари” ва ҳ.к. деб аталган. Ўзбекистонда ҳам советлар даврига қадар шундай бўлган. Келиб чиқиши турли бўлган давлат, фан ва маданият арбоблари “ўзбек” деб аталган. Масалан, самарқандлик Маҳмудхўжа Беҳбудий, бухоролик Абдурауф Фитратнинг она тили форс тили бўлган, лекин улар ўзларини “ўзбек” деб билганлар.
Шундай қилиб, юқорида келтирилган маълумотлар асосида хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, халқимизнинг асрлар давомида ишлатилиб келган ўз номи бор – “ўзбеклар”. Буни XVII – XVIII асрларда Ғарбий Европада чизилган хариталар ва ясалган глобусларда ҳам кўриш мумкин. Уларда Ўрта Осиё ҳудудлари USBEK, USBEKIA, USBEGISTAN, унинг аҳолиси эса Usbeks (иглизчада), les Ousbek (французчада), Uzbeсiis (лотинчада), яъни “ўзбеклар” деб кўрсатилган. Ҳозирги кунда бундай ҳолатни ўзгартиришнинг ҳеч қандай ҳожати ҳам, зарурати ҳам йўқ. Аксинча, буни Ўзбекистон аҳолиси орасида кенг тарғиб қилиш керак. “Ўзбек” атамаси ўтмишда турли халқларни бирлаштирувчи этносиёсий ва этномаданий маънога эга бўлиб, Ўрта Осиё минтақасида яшаган барча халқлар учун суперэтнос вазифасини бажариб келган бўлса, бугун ҳам бу атама Ўзбекистон ҳудудида яшовчи барча халқлар учун худди шундай суперэтнос вазифасини бажариши керак. Халқаро майдонларда Ўзбекистон давлати номидан ҳаракат қилувчи барча Ўзбекистон ватандошлари “ўзбек” деб аталиши керак: ўзбек олимлари, ўзбек спортчилари, ўзбек тадбиркорлари ва ҳ.к. Қолаверса, бутун дунё тажрибаси ҳам айнан шуни тақозо этади.
Бу ерда яна бир савол туғилади. Хўш, бугунги кунда бу масалани кўтариб, сунъий равишда йўқ нарсадан муаммо ясаш ва одамларни чалғитиш кимга керак? Бундан ким манфаатдор? Бунинг жавоби оддий. Ҳеч кимга сир эмас, охирги йилларда, Россиядан Ўзбекистонга юз минглаб одамлар кўчиб келиши кузатилмоқда. Айниқса, Украинада уруш бошлангандан кейин бу жараён яна ҳам авж олди. Ўтган бир йил ичида “урушга жалб қилинмаслик” баҳонаси билан Россиядан 1 миллиондан ортиқ одамлар кўчиб келди. Бу жараён хали ҳам тўхтаганича йўқ ва жадал равишда давом этмоқда. Яқин йиллар ичида бундай келгиндиларнинг сони 3-4 миллионга етиши ҳеч гап эмас. Ўзимизда русча мактаблар етишмаётгандек, улар Ўзбекистонда Россия ўқув дастури бўйича ўқитиладиган мактаблар очишмоқда. Россиядан минглаб рус тили ўқитувчиларини олиб келишмоқда. Табиийки, бу келгиндилар “ўзбек” бўлиш у ёқда турсин, ўзбек тилини ўрганишни ҳам истамайдилар. Шунинг учун уларга “ўзбекистонлик” атамаси жуда ҳам қулай ва мос келади. Энг ачинарлиси шуки, Ўзбекистонда уларни қўллаб-қувватловчи ва Россиянинг манфаатларига хизмат қилувчи кучлар бор. Улар турли йўллар билан Россия таъсир доирасига тушиб қолган. Кимдир Россияга бориб ўқиб ёки ишлаб келган. Кимдир Россиядан грантлар олиб манфаат кўрган. Кимдир ўзимиздаги русча мактабларда ўқиб тарбия олган, ва шунчаки рус тили ва маданиятига сажда қилиб, ўзининг миллий қадриятларини унутиб юборган. Айнан ана шундай одамлар бундай масалани кўтариб чиқиши мумкин, деб ўйлайман. Ва бунга ишончим комил.


Шамсиддин Камолиддин,
тарих фанлари доктори, профессор


Таҳририятдан: Яна бир бор таъкидлашни истардикки, мақолада билдирилган мулоҳзалар муаллифнинг шахсий фикрларидир. Таҳририятда бу каби фикрлар билдирилган бошқа мақолалар ҳам келиши давом этмоқда. Уларни ҳам тез фурсатларда эълон қиламиз. Зеро, ҳақиқат мудом баҳсларда туғилган, вояга етган.




Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
Нигоҳ
0 446 11:24 | 13.08.2024
Жамият
Жамият