Андижонда фарзанди учун “аъло баҳо” талаб қилган ота-она жавобгарликка тортилди
Шаҳрихон туманида мактаб ўқитувчиси М.Н.дан фарзандига баҳо қўйишни талаб қилган ота-она суд томонидан жаримага тортилди. Ўқитувчи ҳуқуқбузар ота-онадан моддий ва маънавий зарар ҳам ундириб олди. Бу ҳақда ishonch.uz’га Андижон вилояти суди матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, ўқувчининг ота-онаси С.С. ҳамда Г.С. ўқитувчининг яшаш хонадонига келиб, фарзандига баҳо қўйишини айтиб, унинг билимини тўғри ва холис баҳоланишига таъсир кўрсатган ҳамда педагогнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилган.
Ҳуқуқбузарлик ҳолати жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон тумани судида судья Зарифжон Раҳимов раислигида кўриб чиқилган ҳамда ота-онанинг ҳар бирига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197-5-моддаси (Таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш) 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баравари, яъни 2 миллион 380 минг сўмдан жарима жазоси тайинланган.
Шундан сўнг ҳолат бўйича жабрланувчи деб эътироф этилган М.Н. фуқаролик ишлари бўйича Бўстон туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, ўқувчисининг ота-онасидан содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган моддий зарар учун 3 миллион 325 минг сўм, маънавий зарар учун эса 3 миллион сўм ундириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилишни сўраган.
Бироқ даъвогар суд мажлисида жавобгарлар билан ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган зарарларни ундириш масаласида келишиб олганлигини таъкидлаган. Шу боис судья арз қилинган талабдан воз кечишни қабул қилиб, фуқаролик ишини иш юритишдан тугатиш ҳақида ажрим чиқарган.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0