Ер шарининг ярим аҳолиси “тоқатсизлик” синдромига чалинмоқда
Бугун техника инсоният яшаб ўтган даврдаги энг ривожланган даражага етиб, ҳаётимизга кўп енгиллик олиб кирмоқда. Аммо шунга қарамасдан, жуда кўп муҳим ишларга вақтимиз етмаяпти. Улгуролмаяпмиз.
Бундан ҳам аянчлиси, психологларнинг таъкидлашича, бугунги одамларнинг асаб толалари бундан 20-30 йил олдинги одамларникига қараганда икки-уч баробарга юпқалашган. Натижада бир-бирининг фикрига тоқатсизлик, асабийлик авж олган. Мутахассислар буларнинг барчасига сабаб қилиб, ўтган асрда яратилган мобиль телефонлари ва интернет глобал тармоғини кўрсатишмоқда. Хўш, дунёда вазият қандай?
Ҳар икки одамдан бири фейсбук ёки инстаграм фойдаланувчиси
Бугунги кунда дунёда 5 миллиарддан ошиқ инсон мобиль телефонларидан фойдаланиб, улар орасида интернетда, янаям аниқроғи, ижтимоий тармоқларда “ўтирадиганлар” 4,8 миллиардни ташкил қилмоқда. Бу кўрсаткич 2010 йилда 970 миллиондан иборат бўлиб, ижтимоий тармоқ платформалари сўнгги ўн йил ичида умумий фойдаланувчилари сонини 3 баробарга кўпайтирган. Жумладан, энг оммавий тармоқлар Fecebook, WhatsApp, Fecebook Messenjer, Instagram бўлиб, уларнинг ҳар бирида фойдаланувчилар сони бир миллиарддан ошиқ. Шу билан бирга пандемиядан кейин расм ва қисқа видоеларни жойлаш учун қулай бўлган 15-25 ёшлилар орасида тезликда оммалашаётган TikTok тармоғи ҳам шиддат билан ўсиб келмоқда. Бундан ташқари Хитойда мулоқот учун қулай бўлган Wechat ва видеолар учун Douyin каби маълум бир ҳудудда кенг тарқалган тармоқлар ҳам бор.
Мамлакатимизда эса 2024 йилнинг январь ойида тахминан 31 миллион аҳолининг интернетдан фойдаланиши маълум қилинган. Шундан 7 миллионга яқини ижтимоий тармоқларнинг фаол фойдаланувчиларидир. Мазкур маълумотлардан шуни англаш мумкинки, Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари кўпайиб бормоқда. Хусусан, 2019 йилда Fecebook ижтимоий тармоғининг ўзбек сегменти фойдаланувчилари 859 500 нафарни ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб 3 273 100 нафарга етган. 2024 йилда эса улар сони 6 миллиондан ошиб кетган. Айниқса, сўнгги пайтларда Instagram ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари жадал ўсмоқда. Кузатувчиларнинг катта қисми ёшлардир.
Руҳан толиқтираётган тармоқлар
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, катта ёшдаги инсонлар кун давомида ўртача 7 соат Филлипин, Бразилия, АҚШ каби давлатларда эса 9 соатгача вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказмоқда. Бу бир йилда тинимсиз 100 кун ижтимоий тармоқларда ўтириш билан тенгдир. Албатта шунча вақт онлайн ҳаётда “яшаш” ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмаяпти. Руҳшунослар фойдаланувчилар орасида депрессия ва руҳий тушкунлик ҳолатларининг ортганини таъкидлашмоқда. Бу эса фойдаланувчиларнинг ўзгалар фикрига тоқатсизлигига, ҳақорат, камситишларнинг кўпайишига ҳам йўл очиб бермоқда. Ички ишлар вазирлиги киберхавфсизлик маркази масъул ходими Лочинбек Атоевнинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқларда фойдаланаётган юртдошларимиз орасида ўзгаларни камситиш, ҳақорат ёки қўрқитиш ва таҳдидларга учраш ҳолати кун сайин ортиб бормоқда. Бунинг турлича сабаблари бор. Аввало ижтимоий тармоқларда меъёридан ортиқ вақт бўлиш одамларни руҳан толиқтирмоқда. Уларнинг асабини “емирмоқда”. Онлайн ҳаётда одамлар реал ҳаётдагидан кўра ўзини анча эркин ҳис этади. Вазирда ҳам, оддий ишчи ёки талаба, ўқувчида ҳам ўз фикрини баён этиш учун бир хил эркинлик ва майдон берилган. Бундан ташқари ижтимоий тармоқларда шахс ўзини аноним тутиши, бундан фойдаланиб унга маъқул бўлмаган тоифа одамларнинг фикрига қаршилик кўрсатиши, уни кўпчилик кузатувчиларнинг ичида ҳақоратлаши, камситиши ҳам мумкин. Баъзида эса бир-бирининг фикрини тўғри тушуниб етмаслик, кўтарилган масаланинг моҳиятини яхши англамаслик, жамиятдаги маълум бир соҳаларга оид йўл қўйилган камчиликларни муҳокама қилиш жараёнида одоб-аҳлоқ қоидаларига амал қилмаслик натижасида ҳақорат ва камситиш ҳолатлари келиб чиқмоқда. Бундай ҳолатларнинг кўпайиб бориши ташқаридаги деструктив кучларга, радикал оқимларга қўл келиши табиий. Улар одамларнинг медиасаводхонлиги пастлигидан фойдаланиб, ўз сиёсий ғоя, мафкура, иқтисодий, маънавий ва бошқа мақсадларига енгил эришади.
Умуман олганда, ижтимоий тармоқларда маданият анча паст ва ачинарли аҳволда. Журналист ва блогерлар айрим мавзулардаги мақолаларни эълон қилиш орқали айрим амалдорларни ҳақорат объектига айлантириб қўяётган бўлсалар, айрим фойдаланувчилар ўзларининг ва танишларининг, блогерлар эса уларга мурожаат қилганларнинг шахсий муаммоларини ижтимоий тармоқларга олиб чиқиш орқали яқинлари ва танишларини ноқулай аҳволда қолдирмоқда. Ёки бўлмасам, бутунлай шарманда қилмоқда. Ваҳоланки, қонунларимиз ҳеч кимга бундай ваколат бермаган.
Интернетдаги қўполликка қандай чора кўрилади?
Бундай ҳолатларда ҳақорат қурбони бўлган шахслар ички ишлар органларига ёзма мурожаат билан чиқсалар, ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилиб, қонуний тартибда чора кўрилади. Амалдаги қонунчиликка кўра, Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгварлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддасига асосан, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш – энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Қонунни илк бор бузганда маъмурий жазо белгиланади, қайта бузилганида эса жиноят кодекси кучга киради. Мазкур модда ОАВ ёки ижтимоий тармоқларда тарқатилган матнда шахс ҳақорат қилинганида ҳам амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 140-моддасига асосан, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш, башарти, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч ойдан олти ойгача қамоқ билан жазоланади.
Ҳақоратланганлар нега ИИБга кам мурожаат қилаяпти?
Ижтимоий тармоқдаги ҳақорат ва камситиш ҳолатлари ҳар доим ҳам қонуний чора кўриш билан якунланмаяпти. Кўпинча иккинчи томон ҳақоратларга нисбатан умуман ҳеч қандай жавоб бермаслик йўлини танлаяпти. Аслида бу ҳам тўғри йўл. Чунки бундай пайтда иккинчи томон ҳам қизишиб жавоб ёзадиган бўлса янада мураккаб вазият юзага келиши тайин. (Айниқса босим жуда кўп аккаунтлар томонидан бўлганида). Айримларнинг эса ҳақорат қилувчилар билан судлашиб юришга вақти йўқ. Баъзан эса ҳақорат қилинувчида ҳам айб бўлгани боис у қонуний чора кўришдан воз кечмоқда. Хуллас, ҳақорат қилувчи ёки ёлғон ахборот берувчилар қонуний жавобгарликка кам тортилаётгани ҳам бу каби ҳолатларнинг янада кўпайишига сабаб бўлмоқда.
Айрим ҳолатларда аҳоли бундай вазиятга дуч келганида кимга мурожаат қилишни ҳам билмайди. Шу боис бу ҳақдаги кўрсатувлар, видеолавҳалар ва давра суҳбатларини уюштириш зарур. Ички ишлар вазирлигининг шу йўналишдаги мутахассислари вилоятларда ва пойтахтимиздаги турли ишхоналар, таълим муассасаларида ижтимоий тармоқларда юз берувчи фирибгарлик, ҳақорат, камситиш, алдов ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича суҳбатлар уюштирмоқда, аммо бу етарли бўлмаяпти. Одамларнинг бу борада кам маълумотга эгалиги уларни ижтимоий тармоқларда жиноят ёки ёлғон, ҳақорат ва камситиш қурбони бўлишга олиб келмоқда.
– Мурожаатчилардан бири Мадина Илёсованинг (исми шарифи ўзгартирилди) фарзанди 10 синфда ўқир экан, – дейди Лочинбек Атоев. – Уни синфдошлари телеграм гуруҳида лақаб билан масҳаралаб устидан кулишаётгани боис, бола мактабга чиққиси келмаётган экан. Шу пайтгача она бу ҳақда қаерга мурожаат қилишни билмаган. Яқинда You Tube орқали видеоподкаст ташкил этганимизда вазият ҳақида айтиб, қандай йўл тутиши кераклиги ҳақида сўради. Биз керакли тавсияларни бериб, агар ёзма ариза билан мурожаат қилинса, ҳолатга қонуний чора кўрилишини тушунтирдик. Бундай ҳолатлар мактаб ўқувчилари орасида ҳам кўпайиб бормоқда. Чунки улар ҳам телеграмм гуруҳлари очиб, ўзаро мулоқот қилишмоқда. Натижада реал ҳаётдаги кўнгилсиз ҳолатлар онлайн оламда ҳам ортиб бораяпти.
Муаммодан чиқиш йўли борми?
– Албатта бор. Ижтимоий тармоқларда нафрат, адоват тили, агрессия ва тоқатсизликнинг олдини олиш учун фуқароларнинг медиасаводхонлигини ошириш зарур, – дейди “Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази” раҳбари Саида СУЛАЙМОНОВА. – Фақт шу орқали фуқароларнинг медиаиммунитетини, медиамаданиятини ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишдаги одоб-аҳлоқ меъзонлариини ривожлантириш мумкин. Бунинг учун аҳоли орасида медиасаводхонлик бўйича тарғибот ишларини кучайтириш, таълим масканларида медиасаводхонликка оид қўшимча дарс соатлари ташкил этиш, ахборот маконида инсонларнинг диққатини ўзига жалб қилувчи ва турли даражадаги зиддиятларни юзага келтирувчи нохолис ахборотлар тўғрисида маълумотлар бериш, мавзуга оид ижтимоий лойиҳалар ҳамда видеороликлар яратиш мақсадга мувофиқдир.
Лочинбек Атоев эса тармоқ фойдаланувчилари қуйидаги маслаҳатларга амал қилишни тавсия этади:
– Авваломбор, ижтимоий тармоқларда нотаниш одамлар билан дўстлашманг. Бирор аккаунтдан дўстлик таклифи келса, уни олдин ўрганиб чиқинг. Дўстлари ким, қандай постлар қўйган? Қанча вақтдан буён ижтимоий тармоқдан фойдаланиб келмоқда? Агар таклиф тушган аккаунт эгасининг фаолияти, постлари мазмуни сизга маъқул бўлсагина, дўстлашинг. Ижтимоий тармоқларда ҳақорат ва камситишга дуч келсангиз, ҳеч қандай жавоб қайтармаганингиз маъқул. Чунки жавоб берсангиз, айтаётган ҳар бир гапингиз орқали муаммо кўлами янада ортиши мумкин. Тармоқларнинг бошқарув функцияларидан фойдаланиб, сизга қўпол муносабатда бўлган аккаунтни блоклаб қўйинг. Ҳар қандай ижтимоий тармоқларда имкон қадар ўзингизнинг шахсингизга оид маълумотларни камроқ жойлаштиринг. Агар таъқиб кучайса ёки сизга нисбатан ҳақорат, камситиш, фирибгарлик ҳолатлари юз берса, уйингизга яқин ички ишлар органларига мурожаат қилинг.
Ота-она сифатида эса ижтимоий тармоқлардан фойдаланаётган фарзандларингизнинг ҳам бундай муаммога дуч келмаслиги учун, улар билан яқин дўст бўлинг. Бирга вақт ўтказинг, суҳбатлашинг. Ижтимоий тармоқлардаги дўстлари билан ҳам қизиқинг. Агар бола ижтимоий тармоқларда камситиш, масхаралаш ва ҳақоратлаш кабиларга дуч келса, унинг руҳиятида ўзгариш бўлади. Сиз бунга эътиборли бўлсангиз, албатта сезасиз. Бир сўз билан айтганда, ижтимиой тармоқларда камроқ вақт ўтказишга ҳаракат қилиш, оила ва яқинларга кўпроқ вақт ажратиш ҳаётимиздаги кўплаб муаммоларнинг олдини олади. Айниқса, руҳий хотиржамликка эришамиз.
Зебо НАМОЗОВА,
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0