Бизни асрагин, она табиат!
Бугунга келиб ер юзида, бир неча юз миллиард тонна чиқинди йиғилиб қолган. Бундан бир неча ўн миллиард тоннаси ўта заҳарлидир. Ундан ташқари 100 миллионлаб тонна заҳарли газ, чанг ва тутун ҳавога аралашиб муаллақ туради, кўзга кўринмайди. Шундай ҳаводан биз нафас оламиз. Ушбу ҳолат нафақат инсон, балки бутун мавжудот соғлиғига таъсир ўтказмасдан қолмайди. Ерда ҳаёт пайдо бўлгандан бери деярли ўзгармай қолаётган атмосферанинг таркибий қисмлари қачонгача бундай ҳунрезликка бардош бера оларкан?
Биз уни асрасак, у бизни асрайди. Бу барча инсонлар эшитиши, тушуниши, амал қилиши зарур бўлган, эътиборга молик гап. Бироқ, бу сўзларни “шунчаки” айтиб қўямиз. Она табиатни асраш ҳақида “қуруқ сўз”лардан иборат “кучсиз” ҳитобларни ҳиссизгина тинглаймиз ва қўл силтаймиз. Аммо, бугунги экологик ҳолат бизни амалий ҳаракатларни кўпайтиришга ундаши керак.
Менга қолса экологик ҳолатни, маданиятни сув билан ўлчар, сув ҳолатига қараб аниқлар эдим. Тоғдаги музлик ва қорлардан бошлаб ирмоқлар, дарёю каналлар орқали то далагача етиб келган сув, зовур – заҳкашлардаги сувга қараб шу атрофда яшаётган инсонларнинг маданияти, савияси, тафаккури, керак бўлса ўтмиш, келажаги ҳақида хулоса қилса бўлади. Сувсиз ҳаёт йўқлигини ҳамма билади. Лекин сувни асраш, тоза сақлаш тўғрисида афсуски, ҳаммаям бош қотиравермайди. Бироқ барча одам тоза сув ичишни хоҳлайди.
Ҳаёт сув билан бошланган, ундан ривожланган. Олимларнинг фикрига кўра, 500 миллион йил илгари сув ўсимликлари бўлган, холос. 400 миллион йил илгари қуруқликда ҳам ўсимликлар пайдо бўла бошлаган. 135 миллион йиллардан бери гуллайдиган ўсимликлар, дарахтлар ривожланиб келган.
Ер юзида ҳозирда бир неча миллион хил тирик мавжудот бўлса, уларни иккига бўлиш мумкин: ўсимлик ва ҳайвонот олами. Шу мавжудотларнинг биронтаси ҳам сувсиз, нурсиз, озуқасиз яшай олмайди. Бу тирик организмлар ўзига тортиб олиб, сингдириб озиқланаётган нарсалар меъёр даражасида бўлмаса, улар йўқ бўлиб кетиш хавфига тушади. Шу пайтгача ер юзида юз минглаб турли-туман ўсимлик ва ҳайвонот олами вакиллари яшаб, кейин бутунлай қирилиб йўқ бўлиб кетган. Албатта, буларнинг асосий сабаби табиий жараён ёки иқлим ўзгариши, офатлар билан боғлиқ бўлган. Бироқ, охирги 100 йилда фан ва техника, саноатнинг жадал ривожланиши, эътибор камлиги оқибатида экологик ҳолат кескин суръатда бузилиб бормоқда. Охир оқибат ўсимлик ҳамда ҳайвонот оламининг кўпгина вакиллари қирилиб кетаётгани, натижада ердаги ҳаётнинг фалокат ёқасига кескин яқинлашиб бораётганига фақатгина инсон фаолияти сабаб бўлмоқда.
Афсус...
Ер ҳам тирик мавжудот. У ҳам сезади, севади, қадрлайди, керак бўлса, жазолайди. Аллоҳ таоло яшаш учун бизга макон қилиб берган уни. Бу заминда ҳаёт давом этиши учун на камчилик, на ортиқчалик қилдирмаган. Бу ҳолатни бизнинг танамиз, организмимизга қиёслаши мумкин.
Инсон ер юзасидан узоқда ҳаёт кечира олмайди. Чунки унинг макони – уйи, еридир. Ерни ўраб турувчи атмосфера қатламлари бор, у ўз пардаси азон қатламига эга. Мен бу пардани боланинг она қорнида ўралиб турган пардаси билан қиёслайман. Бу парда носоғлом экан, яъни тешик ва йиртилган жойлари кўп экан, оқибат ерга жамики мавжудотга, қисқаси, ҳаётга тузатиб бўлмас шикаст етади. Ерни ўраб турган атмосфера қатламлари, унинг қобиғи, қаърига жойлашган турли элементлар, моддалар заминимиз ҳаёти учун зарурдир. Ўхшаш элементлар юз минглаб йиллар мобайнида бир-бирига тортишиб, яқинлашиб, интилиб, маълум жойларда тўпланиб қолишган. Булар биз билган нефт, газ, олтин, турли тошлар, маъдан ҳам рудалар, ўсимликлар, жонзотлар, сув ва ҳаводир. Инсондан бошқа биронта махлуқот йўқки ҳар қандай шароитга мослашиш имконияти юксак бўлса.
Ерда ҳаёт пайдо бўлгандан бери бир неча ўн минглаб жонзот ва ўсимлик турлари яшаб кейин йўқ бўлиб кетишган. Табиий ҳолатда бундай жараён юзлаб, минглаб йиллар мобайнида юз беради. Бироқ бу ҳолат бизнинг давримизга келиб ҳаддан ташқари тез юз бермоқда. Оллоҳ Таоло яратган нимаики бўлса, унинг нотабиий йўқолишига фақат инсон сабабчидир. Тангри яратган нимаики бўлмасин бу инсон учун, унинг соғ-саломатлиги, яйраб яшаши учун эканлигини ҳеч қачон унутмаслигимиз шарт, шукр қилишимиз керак ва уларни асраб-авайлаш бизнинг бурчимиздир.
Ердан атиги 6-7 км. узоқликда ҳам инсон яшай олмайди. Ер – бу чексиз қоронғу ва даҳшатларга тўла коинот. Аллоҳ биз учун яратиб берган ошён, уйимиздир. Аллоҳ биронта ҳам мавжудотни, хоҳ у жонивор, хоҳ ўсимлик ёки бошқа унсур бўлсин, камчилик ёки ортиқчалик билан яратмаган. Ҳар бир нарса ўзига хос мукаммал қилиб яратилган ва ўз ўрнига эга.
Атмосферанинг 78 фоизи азотдан, 21 фоизи кислород ва қолган 1 фоизи бошқа газлардан иборат. Бу таркибнинг атиги 0,1 фоизга ўзгариши ҳам фалокатга олиб келади.
Иншааллоҳ, инсоннинг иймон-эътиқоди бутун бўлиб, барча илми, фаолияти тўғри йўналтирилган бўлса-ю, сабр-тоқатли, қаноатли бўлса, бундай фалокатдан ўзи бизни асрагай.
Ўктам КАРИМОВ,
шифокор, табиб.
Хоразм вилояти
Mақолага баҳо беринг
5/51
0
0
0
0