Блогерлар қимор реклама қилгани учун жавобгарликка тортилди
Ижтимоий тармоқлар, хусусан Instagram, TikTok платформаларида блогерлик фаолияти нафақат ижтимоий таъсир воситасига, балки даромад манбаига айланиб улгурди. Кўплаб блогерлар тез ва осон пул топиш мақсадида турли хил реклама таклифларини қабул қилмоқда.
Афсуски, бу реклама турлари орасида ижтимоий жиҳатдан баҳсли, баъзан эса бутунлай ёшлар учун зарарли бўлган қимор, букмекерлик, арзон “халқаро” лотереялар, шубҳали молиявий пирамидалар ва ҳатто сохта тиббий воситаларни тарғиб қилиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.
Айрим блогерларда “обуначим кўп бўлса, барибир ишонади” деган хато тушунча пайдо бўлган. Бу эса уларни масъулиятсизлик ва қонунбузарлик сари бошламоқда. Улар кўп ҳолларда реклама қилинаётган маҳсулот ёки хизмат орқасида қандай хавфлар ётганини ўйлаб ҳам кўришмайди.
Ўзбекистонда охирги йилларда интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган реклама турлари кўпаймоқда. Бу жараёнда айрим блогерлар қонун талабларини четлаб ўтиб, ноқонуний фаолиятни тарғиб қилаётгани аниқланди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан олиб борилган мониторинг натижаларига кўра, ижтимоий тармоқларда катта аудиторияга эга бўлган бир қатор блогерлар ўз саҳифаларида қимор ва букмекерлик фаолиятини тарғиб қилувчи реклама материалларини жойлаштирган.
Қўмита маълумотларига кўра, "Melbet" букмекерлик брендидан фойдаланилган реклама видеороликлари қуйидаги шахсларга тегишли саҳифаларда жойлаштирилгани аниқланган:
Шодиев Жасурбек Ғуломжон ўғли (Instagram: @jasjannew),
Нормаматов Дадабек Бахром ўғли (@allme.uz),
Рахматов Шерхон Лутфулло ўғли (@sherxon.zdss),
Хасанбоев Хожиакбар Зулхайдар ўғли (@hojiakbar_ku).
Масалан, Jasjannew номи остида ижод қиладиган блогер ўз саҳифасида “Melbet” бренди логотипи туширилган футболкада видеолар (вайнлар) олиб, буни юмор остида, гўё тасодифий тарзда тақдим қилмоқда. Бир қарашда безарар, ҳазиломуз видеодек туюлган бу материаллар ортида аслида рекламавий ғоя яширилган. Блогернинг аудиторияси — 1 200 000 (1,2 миллион) нафардан ортиқ. Бу эса унинг ҳар бир контенти миллионлаб инсонларга таъсир ўтказиши мумкинлигини англатади.
Ушбу ҳолатлар юзасидан қўмита томонидан блогерларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонунига кўра, мамлакат ҳудудида қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни реклама қилиш қатъиян тақиқланган. Бу таъқиқ барча платформа ва тармоқларга, жумладан телевидение, радио, босма нашрлар ва интернетдаги ижтимоий тармоқларга ҳам тааллуқлидир.
Айниқса, оммавий ахборот воситалари ва блогерлар орқали кенг аудиторияга етказиладиган бундай турдаги реклама жамият учун хавфли ҳисобланади. У фуқароларни, айниқса ёшларни ноқонуний фаолиятга жалб қилиш хавфини кучайтиради. Шу боис, бундай ҳаракатлар қонунга зид ҳисобланади ва ҳуқуқий оқибатларга олиб келади. Реклама берувчи ва тарқатувчилар белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилади.
Ижтимоий тармоқлардаги ҳар бир контент, хусусан, блогерлар томонидан тарқатилаётган реклама жамоатчилик, айниқса, ёшлар онгига катта таъсир ўтказади. Қимор ўйинлари ва букмекерликка оид материалларни юмор ёки “тасодиф” ниқоби остида тарғиб қилиш — бу нафақат қонунбузарлик, балки ахлоқий жавобгарлик ҳамдир.
Пул топиш, обуначи кўпайтириш, аудиторияни жалб қилиш каби мақсадлар учун ноқонуний ёки хавфли маҳсулотларни тарғиб қилиш ҳар бир блогернинг обрўси ва жамиятдаги таъсирини шубҳа остига қўяди. Қолаверса, бундай хатти-ҳаракатлар қонун асосида жавобгарликка олиб келади.
Даврон ЭРГАШЕВ
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0