Бухоронинг адолатли амири
Тарихдан сабоқ олиш ўтмишдаги хатолардан хулоса чиқариш учун керак. Тарихдаги ҳукмдорлар орасида шахсий ҳаёти, давлат бошқарувидаги ислоҳотлари билан кейинги давр ҳукмдорлари ва бугунги кун бошқарувчилари учун ҳам ўрнак бўла оладиган шахслар етарлича топилади.
Улардан бири яқин тарихимизда Бухоро амирлиги ҳукмдори бўлган амир Шоҳмуроддир. XIX асрнинг машҳур тарихчи олими, манғит ҳукмдорларига нисбатан танқидий ёндашган Аҳмад Дониш ҳукмдор Шоҳмурод ҳақида “зеро, уни иккинчи Умар деб ҳам атасалар арзийди”, дея баҳо берган эди. Рус шарқшуноси Н.Остроумов Шоҳмуродга қуйидагича таъриф беради:
“Шоҳмурод хазинадан фақатгина ўз хизмати учун қанча ҳақ берилса, шунча олган, бу ўша давр Рус пулида бир кунга 40 тийинни ташкил қилган. Ўзини ва оиласининг камтарона харажатларини эса шахсий меҳнати билан қоплаган. Бир куни у молиявий қийинчиликка учраганда, битта-ю битта пўстинини соттиради, у кийилавериб шунчалик титилиб кетган эдики, унга атига 35 тийин берилади. Бундай мисоллар маҳаллий халқ орасида жуда кам бўлса-да учрайди”.
1794 йил Бухорога келган Россия элчиси Т.Бурнашев эса “Бухоро амири Шоҳмурод саройида заррача дабдаба йўқ эди. Фақат иккита хотини бўлиб, кун кечиришлари учун ниҳоятда кам пул харж қилинарди. Шу сабабли улар тинимсиз турли қўл меҳнати билан машғул бўларди ва тирикчилиги шундан эди. У ҳеч кимникидан фарқ қилмайдиган оддий кийим киярди. Унинг одатий овқати нон ва сув эди. Халқ унга алоҳида эҳтиром билан муносабатда бўларди. Уни Муҳаммад (с.а.в) шариатига ҳақиқий амал қилувчи ва ҳатто авлиё даражасида билишарди”. 1785 йилда Шоҳмурод тахтга ўтиргач, ҳокимият анча мустаҳкамланади. У отаси Дониёлбий даврида давлат идораси тепасига чиққан юқори лавозимлардаги амалдорларни халққа зулм ўтказганликлари ва солиқларни ҳаддан оширганликлари учун қатл эттиради.
У қозилик ишларини тартибга солади. Шоҳмурод даврида агар қонунга хилоф иш қилинса, хўжайин устидан қозига арз қилиш, ҳатто қул ҳам бу борада мурожаат қилиши мумкин бўлди. Кўп ҳолларда қозилик жараёнида амирнинг ўзи ҳам иштирок этиб борган. Шоҳмурод камтарона ҳаёт кечирган; ўзи учун кундалик харажати бир тангадан ошмаган, еб-ичиши ва кийиниши оддий бўлган, бирон-бир амалдорнинг уйига зиёфатга бормаган, ўз шарафига турли дабдабали тадбирлар уюштирилишига йўл қўймаган. Маълумотларда ёзилишича, у пичоққа қин ясаб тирикчилик қиларди ва хукмдорлик йиллари ўғрилик, қароқчилик, босқинчиликка қарши қатъий чора-тадбирлар кўрди. Шунингдек, сув иншоотларини таъмирлашга алоҳида эътибор қаратди ва ҳарбий соҳада маълум бир ўзгаришлар қилди. Аҳмад Дониш “Рисола ёхуд Манғитлар хонадони салтанатининг қисқача тарихи” асарида Шоҳмуроднинг шахсий ҳаёти ва феъл-атвори ҳақида баъзи маълумотларни келтириб ўтади, хусусан, унда ёзилишича, Амир Шоҳмурод рамазон кунларидан бирида харажатга мутасадди вакилига “бугун рамазон оқшомида кўнглим палов истаяпти. Хазинадан менинг харжимга бериладиган қисмидан ол. Етмаса қарз олиб, ифторга бир товоқ ош тайёрла” дея буйруқ берди. Ошни шомга тайёр қилишди. Амир атрофдагилари билан қизғин суҳбат қурар экан, бирдан “бориб, мадрасадан тўрт нафар қашшоқ талабани келтиринглар” деб буюрди. Мутасаддилар буйруқни бажариб, талабаларни келтирдилар. Хукмдор талабаларга қарата: “Бу ош тамом бўлгунча ейсизлар, қолмасин шунда, яна хазинадан бир динордан бераман. Агар ошни орттириб қолдирсанглар, тилло ҳам йўқ" деди. Талабалар ошни иштаҳа билан тановул қилишди. Амир ҳазратлари бу вақт мобайнида ўтириб тасбеҳ ўгириш билан машғул бўлди. Кейин буюрдики: “Улар(талабалар)га бир динордан беринглар, рамазон ойида ифторликка сарфласинлар" деди.
Хулоса қилиб айтганда, адолат сўздан амалга кўчса, халқ ҳаётининг яхшиланишига сабаб бўлади. Йўқса, адолат ва разолат бир бўлиб қолаверади. Тарихни танқидий кўз билан ўрганишимиз керак, шу билан бирга, аждодларимиз хатоларидан хулоса чиқариб, яхши ишларидан ўрнак олишимиз даркор.
Юнусжон Асатов,
Жиззах Давлат педагогика университети
тарих факультети талабаси
Mақолага баҳо беринг
5/52
0
0
0
0