“Чимён” санаторийсига бориб, саломатлигингизни борида қадрланг! Ёки Фарғонанинг ўзбеклигини йўқотмаган одамлари ҳақида
Фарғона вилояти Ўзбекистоннинг энг сўлим гўшаларидан бири. Бу ўлка гўзал водийлари, шарқироқ сойлари билангина эмас, хушфеъл ва ширинсўз инсонлари, моҳир ҳунармандлари, уста боғбону, миришкор деҳқонлари билан ҳам ажралиб туради. Шу билан бирга бу ўлкада Касаба уюшмалари Федерациясига қарашли «Чимён» санаторийси ҳам жойлашган. Бугунги мақоламизда Фарғона, фарғоналиклар ва ана шу санаторий ҳақида ҳикоя қиламиз.
Олтин бу водийлар – жон Ўзбекистон
Фарғона вилоятининг Фарғона туманида жойлашган «Чимён» санаторийсини кўзлаб йўлга отланаркансиз, Наманганни ортда қолдиргач, Фарғонанинг Ёзёвон, Ўзбекистон туманларидан ўтиб, Эркин Воҳидов ва Охунжон Мадалиевлар юрти бўлмиш – Олтиариқ, ҳунармандлар макони – Риштон туманларидан ўтасиз. Йўл-йўлакай маҳаллий аҳолининг полиз ва боғбончилик маҳорати билан танишиб борасиз. Далаларга шундай маҳорат билан ишлов берилганки, пахта ёки полиз даласими, узум ёки ўрик боғими, уларни кўриб, миришкор бабо деҳқонлар меҳнатига тасанно айтасиз. Ва беихтиёр Эркин Воҳидовнинг «Ўзбегим» қасидасидаги
«Фахр этарман, она юртим,
Кўкрагимни тоғ қилиб,
Кўксида тоғлар кўтарган
Танти деҳқон, ўзбегим»
мисралари ёдингизга тушади ва ушбу сатрлар бекорга ёзилмаганини англайсиз.
Моҳир қўллар билан санъатга айланган маҳсулотлар
Фарғонанинг бозорларига кирганингизда беназир ижодий ишлар – ҳунармандчилик маҳсулотлари, тикувчилар қалб қўрини бериб яратган ўзбекона либосларнинг ранг-баранглиги сизни ўзига мафтун этади. Бу ерда хориж кийимлари эмас, ўлканинг меҳнатсевар аҳли ўзлари яратган кийим-кечаклар расталарини тўлдириб туради. Қувончли томони, улар бежирим, сифат жиҳатидан ҳам анча ютуқларга эга.
Атласу адрасларнинг йил сайин пишиқ ва пухта, янада гўзал нусхалари, турлари кўпайиб бораётгани эса алоҳида мавзу. Бехосдан энг яқин инсонларингизга бундай гўзал либослардан ҳадя учун олиш истаги пайдо бўлади. Нархлари ҳам унча қиммат эмас. Масалан, Тошкентда яхши ҳаво ўтказадиган оддий штампел матосидан тикувчига бир кўйлак тиктириш учун кетадиган маблағга, Қўқон бозоридан ана шу кийимнинг тайёрини сотиб олишингиз мумкин.
Деҳқон бозоридаги сотувчи амакию холаларнинг тоғорасида товланиб турган мева-сабзавотлар ҳам ана шундай. Уларнинг ранг-баранглигидан кўзингиз қамашади. Шафтолию, анжир, ноклар гўёки «Биз жуда ширинмиз, биздан олинг, мазамиз оғзингизда қолади», «Ёзда биздан тўйиб-тўйиб еб олинг!» деётгандек туюлади. Маҳаллий деҳқонларнинг айтишича, бу йил мева-сабзавот мўл-кўл бўлибди. Шу боис бозорда ҳам тўкинчилик. Арзимаган пулга бир дунё бозорлик қилиб чиқиш мумкин.
Санаторий тарихи
Энди эсабевосита «Чимён» санаторийси ҳақида гапирсак. Ушбу санаторий Фарғона шаҳридан 32 км узоқликда, Катран тизмаси ёнбағрида, денгиз сатҳидан 450 метр баландликда, Олтинсой дарёси водийсида жойлашган. Айтишларича, бир пайтлар бу ердан нефть қидирув ишлари олиб борилган. Геологлар ўлканинг ўзига хос иқлими ва тупроғидан ўсиб чиққан ўсимликларни ўрганиб, ер тагида қандайдир нефть ёки унга ўхшаш минерал моддаларга бой суюқлик бор, деб тахмин қилишган экан. Натижада ер чуқур қазилганда, олтингугурт моддасига бой, саломатлик учун мўлжалланган минерал сув топилган. Аввалига маҳаллий шифокорлар ана шу минералга бой сувдан фойдаланиб, ёз мавсумида 30-40 нафар аҳолини очиқ ҳавода соғломлаштирган. Одамлар асосан олтингугуртли (водород сульфидли мацестати типидаги минерал сув) да иссиқ ванна қабул қилишган экан. Бу уларнинг таянч-ҳаракат аъзолари – оёқ, қўл ва боғимлардагишамоллаш ва оғриқлардан халос бўлишига ёрдам берган. Кейинчалик эса 1979 йил 17 апрелда бу ерда санаторий ташкил этилган. Унинг майдони 28 гектарга тенг бўлиб, асосан овқат ҳазм қилиш, юрак-қон томир, нерв, таянч-ҳаракат тизими, гинекологик ва урологик касалликлар билан оғриган беморлар учун мўлжалланган. Санаторий 1000 ўринли бўлиб, бир ва икки кишилик ҳамда оилавий бўлиб келувчиларга мўлжалланган ётоқ корпусларига эга.
Майдони сўлим, кўркам ва яшилликка бой. Гуллар ва манзарали дарахтлар билан кўкаламзорлаштирилган. Отилиб турган фавворалар ва қияликдан пастга қараб оқаётган муздек тип-тинқ зилол сувларнинг шилдираши кайфиятингизни кўтаради.
Оёғингиз оғрийдими, унда «Чимён»га боринг!
Санаторийнинг даволаш омили – водород сульфидли мацестат типидаги минерал сув ва Балиқлик ўлининг балчиғи дир. Бундан ташқари, ичиш учун сульфат гидрокарбонат натрийли кучсиз (1 г/л гача) минерал сув ишлатилади. Водород сульфидли сув айниқса таянч-ҳаракат аъзолари оғрийдиган даволанувчиларга тавсия қилинади. Бундай сувда ванна қабул қилган юртдошларимиз қўл ва оёқ оғриқларидан халос бўлиб, 3-4 йил давомида ўзларини жуда яхши ҳис этишларини айтишади. Биз билан суҳбатда бўлган 74 ёшли Нозикой Холиқова ҳам Қашқадарёнинг Муборак туманидан.
– Мана, 30 йилдан буён ушбу санаторийга келаман, – дейди хола. – Узоқ йиллар давомида мактабда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари бўлиб ишлаганман, ҳозир нафақадаман. 1995 йилда оёқларимда оғриқ сезганимдан кейин биринчи марта мактабимизнинг касаба уюшмалари орқали йўлланма олиб, шу санаторийга келганман ва шундан кейин анча вақт оёқларим оғримай, яхши юрдим. Шу-шу, ушбу санаторийнинг мухлисига айланиб қолдим. Сўнгги йилларда фарзандларим ҳар йили бу ерга олиб келишади.
– Биз Бухоро шаҳридан келганмиз, – дейди эр-хотин Аъзам Ширинов ва Холида Шириновалар. – Имкон топилганигача, ҳар йили бир марта бу ерга 10 кунга бўлса ҳам, шунчаки дам олиш учун келамиз. Ҳавоси ёқади бизга, ишчи-ходимлари ҳам ширин сўз.
Тошкентлик 75 ёшли Тамара хола бу йили улаётида ўнинчи бор ушбу санаторийга келдилар.
– Юртимизда деярли барча санаторийларда бўлганман. Менга ҳаммасидан ҳам мана шу ер ёқиб қолган. Бу ердаги минерал сувда оёқларимга ванна қабул қилсам, анча пайт оғримайди, яхши юраман, дейди хола. Овсинларим, келинларим, «Ҳеч оёғим оғрийди, демайсиз-а», деб сўрашади. Уларга, «Сизлар ҳам ҳадеб кийим-кечакка ружу қўймасдан, соғлиғингизга эътиборли бўлинг, менга ўхшаб санаторийларга боринг, шунда оёғингиз оғримайди» деб жавоб бераман, дейди.
Санаторийнинг бойлиги
Водород сульфидли минерал сув «Чимён» санаторийсининг бойлиги десак, адашмаймиз. Зеро, бу ерга келувчиларнинг кўпчилиги оёқ оғриғидан азият чекувчилар бўлиб, айнан ана шу сувда иссиқ ванна қабул қилиш мақсадида ташриф буюришади. Бундан ташқари, мазкур сувдан меъда ни увиш, ичакларни чайиш, дюбаж, душ, сув ости массажида ҳам фойдаланилади. Қолаверса, физиотерапия, даво физкультураси, шифобахш балчиқли аппликация билан даволаш усуллари ҳам қўлланади. Сульфидли сувлар одам организмига тери шиллиқ қаватлари ва нафас йўллари орқали тушганда шифобахш таъсир қилади, эркин водород сульфиди борлиги туфайли одамни соғломлаштиради. Улар энергия алмашинувига таъсир қилиб, томирлар ўтказувчанлигини оширади, юрак фаолиятини кучайтиради, артериал босимни пасайтиради. Оғриққа ҳамда яллиғланишга қарши таъсир кўрсатади.
Санаторий замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Унда ётоқ корпусларидан ташқари маданият саройи, кутубхона, спорт майдончалари, маданий-маърифий бинолар мавжуд. Ҳар куни дам олувчилар учун қизиқарли маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилади. Фарғона вилоятининг диққатга сазовор ҳудудларига туристик саёҳатлар уюштирилади.
Бир сўз билан айтганда, 46 йиллик катта тажрибага эга санаторий жамоаси йил давомида тиним биламайди. Бу ерда мавсум 365 кун давом этади. Шундай экан, сиз ҳам табиат инъом этган, Ўрта Осиёда ягона бўлган водород сульфидли шифобахш сувларидан фойдаланиб саломатлигингизни ўз вақтида тиклашга вақт ажратинг. Зеро, оқиб кетган сувлар орқага қайтмайди. Шундай экан, саломатликни ҳам йўқотгач эмас, борида қадрлаган яхши.
Ўзбеклигини йўқотмаган одамлар
Фарғонада менинг эътиборимни яна бир нарса тортди. Бу ўлканинг самимий, танти ва очиқ кўнгил одамлари. Айниқса, улар ўлкамизнинг бошқа ҳудудларидаги юртдошларимизга қараганда, китобларда таърифланадиган ҳақиқий ўзбекларга анча яқиндек туюлди. Биринчидан, улар русча сўзларни жуда кам ишлатишади. Имкон қадар ўзбекча сўзларни қўллашаркан. Масалан, мен шу пайтгача ёзилишига кўзимиз ўрганиб кетган «Ателье мод»ларнинг «Чевархона» деб ёзилганини ва аҳоли томонидан ҳам нутқда «чевархона» деб ишлатилишини, «Бассейн» «Ҳовуз» деб ёзилганини Фарғонада кўрдим. Аёллари билан мулоқотда бўлганимда ширин лутф соҳиблари эканини англадим. Болажонларини «сиз» лаб гапириши ҳам ҳаммамизга маълум ва буни ҳам гўзал одат ҳамда тарбия деб ҳисоблайман. Ёшлари тавозеъли, кексалари дуогўй, ибодатли.
«Чимён» санаторийсининг туризм ва маданий ишлар бўйича масъул ходими Хусниобод Қўшматова бошчилигида бир гуруҳ дам олувчилар билан Қўқон шаҳрига саёҳат ташкил этилди. Саёҳат давомида Хусниобод опа санаторий тарихи, унинг бугунги кунида 5 та биноси бўлиб, олтинчиси ҳам қад ростлаётгани, бу ўлкадан етилиб чиққан Хувайдо ота ва унинг ўтган йили 85 ёшида оламдан ўтган олтинчи авлоди – Ўлмасхон ота ҳақида гапириб бердилар. Опа эгнига атлас нусха кенг ва узун кўйлак кийган, бошига ромол ўраган эди. У «Чимён» қишлоғи ва санаторий тарихи, Фарғона туманининг ўзига хослиги ҳақида дам олувчиларга шундай фахр билан гапирардики, ҳамманинг қалбида бу ўлкага муҳаббат уйғота олди. Баъзида «Ҳурматли дам олувчилар», деб, фарғонача лутф билан эътиборимизни бир мавзуга қаратаркан, опанинг ўзини тутиши, юриш-туриши, кийиниши ва донолик билан гапиришларида Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар»идаги Офтобойимнинг сиймосини кўргандек бўлдим. Ва мен юртимизда ўзбекона ҳислатларни бошқалардан кўра яхшироқ сақлаб келаётган ана шундай оддий, самимий ва беназир инсонларни Фарғонада кўп-кўп кўрганимдан хурсанд бўлдим.
Зебо НАМОЗОВА
«ISHONCH»
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0