Ичимлик сувдан қарздорлик қарийб 1 трлн сўмга етган – “Ўзсувтаъминот”
Корхона расмийси, шунингдек, қарздорликни ундириш бўйича судларга энг кўп даъво аризалари қайси ҳудудлардан киритилганини маълум қилди.
Аҳолининг марказлашган ичимлик суви таъминоти жорий йилда 74,4 фоиздан 77,2 фоизга ошган. Йил охиригача бу борадаги кўрсаткични 81 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.
Бу ҳақда “Ўзсувтаъминот” корхонаси ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов маълум қилди.
“Аммо бу борада амалга оширилаётган ишларга қарамай бугунги кунда республикада истеъмолчиларнинг дебитор қарздорлиги 954 млрд сўмни ташкил этмоқда. Шундан жисмоний истеъмолчиларнинг қарздорлиги 767 млрд сўмни ташкил этса, 186 млрд сўмлик қарздорлик юридик истеъмолчиларнинг ҳиссасига тўғри келяпти”, – дейди корхона расмийси.
Акмал Муродов, шунингдек, республика бўйича ичимлик суви ва оқова сув хизматларидан қарздорликни ундириш юзасидан тегишли ҳуқуқий чоралар кўриш бошлангани, жумладан, жорий йил январь ойи ҳолатида қарздорликни қисқартириш бўйича судларга жами 13,6 млрд сўмлик даъво аризалари киритилганини маълум қилди.
Республика бўйича судларга энг кўп даъво аризалари Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилояти сув таъминоти корхоналари томонидан чиқарилган.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0