“Интернетга ўткир пичоқдек қаранг” — халқаро даражадаги педагог Ирода Аҳмед
Интернетдан онгли равишда фойдаланишни ўрганишимиз керак. Уни кўнгилхушлик воситасига айлантирсак умримизни исроф қиламиз.
Уйингизда вайфай бўлса 24 соат ёқмасликка, фақат маълум соатларда ёқишга одатланинг. Болаларингизда истаган пайтида интернетга кириш имкони бўлмасин.
Синаб кўринг. Интернетдан узилганингизда қандайдир хотиржамликни ҳис қиласиз, диққатингиз жамланади.
Боланинг қўлига интернетга уланган телфон бериб қўйиш худди бутун дунёдаги яхши -ёмон кучлар учун болангиз миясига эшик очиб беришга ўхшайди. Аксинча, биз боламизга дунёни очишимиз керак, бутун дунё осонликча боламизга эришиб олмасин.
Табиатан аёллар ва болалар тез таъсирчан бўлади, уларга ҳар қандай маълумот тез таъсир ўтказади. Шунинг учун эҳтиёт бўлишимиз керак.
Иложи бўлса бир дафтар тутинг, телфонингизни очишдан олдин нима қилмоқчи эканингизни ўйлаб ўшанга ёзинг масалан:
1 ) фалон канални текшираман
2) янги мақолани ўқийман
3) телеграмдан зарур хабар келган бўлса жавоб бераман.
Мана шуни онгли ишлатиш дейилади, сиз миянгизни ишлатяпсиз, онгсиз равишда вайндан вайнга, суратдан суратга қараб соатлаб вақтингизни кетказмайсиз, руҳиятингиз соғлом бўлади, ўзингизда айбдорлик ҳисси камаяди, иродангиз кучаяди.
Кимларнингдир егани, кийгани, ичгани, яшайдиган уйини, таътилини кузатишдан заррача фойда йўқ, бунақа нарсалардан бутунлай воз кечсангиз кўп нарса ютасиз.
Яна таъкидлайман, болаларга экран беришни чеклаш лозим, хоҳ у телевизор, телефон ёки планшет бўлсин.
Бизникида телевизор монитори бор, ҳеч қандай каналга уланмаган, ноутбукка улаб баъзан кино кўрамиз, 90% пайтда ўчиқ туради.
Интернетга худди ўткир пичоқдек қаранг, у нотўғри қўлга тушиб қолса катта зарар етказиши мумкин. Зарар тезда эмас, бироз муддат ўтиб сезилади. Дунёдаги энг йирик технология ширкатларининг раҳбарлари ўз болаларини интернетдан қаттиқ ҳимоя қиларкан. Шундан билсангиз бўлаверади нима эканини.
Ирода Аҳмед
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0