Катта Лангар Қуръони — Марказий Осиёнинг ноёб мероси
Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида «Катта Лангар Қуръони — Марказий Осиёнинг афсонаси» мавзусида тақдимот ўтказилди.
Унда мазкур ноёб қўлёзманинг тарихи, сақланиши ва ислом цивилизациясидаги аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Рустам Жабборовнинг таъкидлашича, Катта Лангар Қуръони юртимизда сақланиб келаётган энг қадимий Қуръон нусхаларидан бири ҳисобланади.
Қўлёзманинг сақланиб қолган саҳифалари асрлар давомидаги эътиқод, илм-фан ва маданий мерос тарихини ўзида мужассам этган.
«Катта Лангар» номи Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги шу номли қишлоқ билан боғлиқ. Мазкур ҳудуд асрлар давомида тасаввуф тариқатлари фаолияти билан машҳур бўлган. Хусусан, Ишқия тариқатининг давомчиларидан бири Абул Ҳасан Ишқий шу ерда яшаб, фаолият олиб борган. Унинг мақбараси ҳам Катта Лангар қишлоғида сақланиб қолган.
Тақдимот давомида Катта Лангар Қуръонининг келиб чиқиши, унинг қандай ёзилгани, турли даврларда сақланиши ва тадқиқ этилиши ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, ушбу ноёб қўлёзмани ўрганиш бўйича бир неча йиллар давомида олиб борилган илмий тадқиқотлар ва халқаро ҳамкорлик натижалари ҳақида сўз юритилди.
Айни пайтда Катта Лангар Қуръони Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёнинг бебаҳо маънавий-маданий мероси сифатида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ислом цивилизацияси марказида унинг факсимиле нусхаси билан ҳам танишиш мумкин.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0