Экологлар Қашқадарёда катта ғишт заводи фаолиятини тўхтатди
Қарши туманида жойлашган “Orzudagi Bino” МЧЖга қарашли ғишт заводи фаолияти суд қарорига асосан вақтинча тўхтатилди.
Аниқланишича, корхонада экологик норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилмаган, давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси олинмаган ҳамда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига жавоб берадиган фильтр ускуналари ўрнатилмаган.
Шу муносабат билан Экология ва иқлим ўзгариши соҳасидаги ҳудудий бошқарма томонидан иқтисодий судга мурожаат қилинган. Суд ғишт ишлаб чиқариш фаолиятини камчиликлар бартараф этилгунга қадар тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилди.
Корхона томонидан киритилган апелляция шикояти ҳам қаноатлантирилмади ва суд қарори ўз кучида қолдирилди.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида масъул ишчи гуруҳ тузилиб, завод фаолияти устидан назорат ишлари олиб борилмоқда.
Бу ҳақида вилоят Экология ва иқлим ўзгариши соҳасидаги ҳудудий бошқарма ахборот хизмати “Ishonch.uz”га маълум қилди.
Баҳодир ҲАЛИМОВ,
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0