Навоийда Зарафшон дарёсида чўкиб кетган уч нафар боланинг жасади топилди
Навоий вилоятининг Кармана туманида Зарафшон дарёсида чўкиб кетган уч нафар вояга етмаган боланинг жасади қидирув-қутқарув ишлари натижасида топилди.
Навоий вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ахборот хизмати бошлиғи, катта лейтенант Олим Мавлоновнинг Ishonch.uz мухбирига берган маълумотига кўра, ҳодиса 2026 йил 8 июль куни соат 13:50 атрофида содир бўлган. Кармана тумани “Катта мачит” маҳалласида яшовчи 2008, 2010 ва 2012 йилларда туғилган уч нафар вояга етмаган бола Зарафшон дарёсида чўмилиш вақтида сувга ғарқ бўлган.
Ҳодиса ҳақида хабар келиб тушиши билан қидирув-қутқарув ишлари бошланган. Қидирув ишларида Навоий ва Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармалари қутқарувчилари, махсус техникалар, моторли резина қайиқлар ҳамда 16 нафар ғаввос иштирок этган.
2026 йил 10 июль куни қидирув-қутқарув тадбирлари натижасида ҳалок бўлган болаларнинг жасадлари турли масофалардан топилди. Жумладан, 2012 йилда туғилган боланинг жасади ҳодиса жойидан тахминан 400 метр, 2008 йилда туғилган ўсмирники 10 километр, 2010 йилда туғилган боланики эса 8 километр узоқликдан аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Умид Худойқулов,
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0