Навоийдаги фожиа хулосалари: боғча болаларини ташишга нега енгил қарамоқдамиз?
Нодавлат боғчалар фаолиятининг кенгайиши, мактабгача таълим қамровининг ошишини албатта олқишлаш керак. Биринчидан, қўшимча иш ўринлари яратиляпти, боланинг мактабгача таълим эҳтиёжи қопланмоқда. Лекин бу соҳада аллақачон ўткир муаммолар тўпланиб қолган.
Боғча болаларининг калтакланиши, тарбиячилар савияси, озиқ-овқат муаммоси (хоссатан заҳарланишлар) ҳақида кўп ва хўб ёзилди. Бугун эътиборингизни яна бир масала — болаларни ташиш масаласига қаратмоқчимиз.
Аввало мазкур масала бўйича яқинда юз берган оғриқли воқеани кўриб чиқамиз. Май ойи бошида Навоий вилояти Нурота туманида ичида 14 нафар бола бўлган Matiz йўл-транспорт ҳодисасига учради. 34 ёшли ҳайдовчи (аёл) тегишли ҳужжатларсиз автомобил бошқараётиб, тажрибасизлиги ва чалғиши оқибатида рул бошқарувини йўқотган ва йўлнинг чап томонига чиқиб кетиб, ағдарилган. Ҳодиса оқибатида ҳайдовчи кўрсатилган муолажаларга қарамасдан шифохонада вафот этган. Автомобилда бўлган 14 нафар вояга етмаган йўловчи турли тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган. Суриштирувлар давомида аёл оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари сифатида фаолият олиб боргани маълум бўлган. ОАВда эълон қилинган маълумотга кўра, оилавий боғчалардан бирининг раҳбари бўлган аёл турмуш ўртоғи билан ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ҳолда йиллар давомида машина бошқариб келган. Яъни болалар доимий равишда шу ҳолда уйдан боғчага ва боғчадан уйга ташилган.
Мана шу кейснинг ўзи бизга боғчалар фаолиятидаги жиддий муаммони очиб беради. Албатта, бугун болаларни ташишда транспортдан фойдаланмай илож йўқ. Ўзбекистонда йилига 800-900 минг бола туғиляпти ва жамият боғчалар фаолиятига муҳтож. Нодавлат боғчалар ота-оналарни қизиқтириш учун текин ёки арзон транспорт таклиф этади. Лекин бунинг ортидан вужудга келаётган эътиборсизлик, масъулиятсизлик сабаб юз бераётган нохуш ҳолатлар учун ким жавоб беради? Жиддийроқ чора ёки ечим топилиши учун яна қанча одам қурбон бўлиши ёки жароҳат олиши керак?
Афсуски, Навоийдаги ҳолат боғчаларда болаларни ташиш билан боғлиқ ягона муаммо эмас. ОАВда бот-бот 20-30 (ҳатто баъзида 40 талаб) болани битта транспортга сиғдириб (!) ташиш ҳолатлари ёритилиб турилади. Масалан, жорий май ойида Андижон вилояти Избоскан туманида 58 нафар болани 8 ўриндиқли микроавтобусда олиб кетаётган ҳайдовчи ушланди. Ҳайдовчи давлат-хусусий шериклик асосидаги маҳаллий боғчанинг 58 нафар тарбияланувчисини олиб кетаётган вақтда тўхтатилган. Унга нисбатан одам ташиш қоидасини бузганлиги учун маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳайдовчи ва боғча раҳбарияти билан профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди, дейилади хабарда. Ёки Сурхондарё вилоятида битта микроавтобусда хусусий боғчадан 32 нафар бола ташилган. Сирдарё вилоятида эса ҳайдовчи 28 нафар тарбияланувчини олиб кетаётган бўлган. Наманган вилоятида эса Damasда бир вақтнинг ўзида 25 нафар бола олиб кетилаётгани аниқланган.
Хўш, нега бундай ҳолатлар кузатилмоқда? Аввало, ҳаммаси биринчи маблағ масаласига бориб тақалади. Маълумки, вилоятлардаги аксарият нодавлат боғчалари тўлови аҳоли учун ҳамёнбоп саналади. Уларнинг ойлик тўлови аксарият ҳолатларда 200-250 минг сўмдан ошмайди. Болани таълим муассасига олиб бориш ва олиб келиш хизмати ҳам бу тўловнинг ичига киритилади. Боғча юритувчи фуқаро эса, ёқилғи ва вақтини тежаб қолиш учун 20-30 талаб болани битта транспортга жойлаштиришга ҳаракат қилади. Албатта, икки соат вақт талаб қиладиган жараёнга ким ярим соат вақт сарфлашни истамайди дейсиз?
Аммо шу ерда асосий муаммо кўтарилади. Яъни болажонлар ҳаёти ва хавфсизлиги озгина вақт ёки ёқилғидан арзонми? Нега келажагимиз бўлган болалар хавфсизлиги енгил қарамоқдамиз? Эътибор берсангиз, боғча болаларини кўпинча катта тажрибага эга бўлмаган, ҳайдовчилик гувоҳномасини олганига кўп бўлмаган, ҳатто ўша боғчанинг ўзида ишловчи шахс (одатда аёл киши ҳам бўлади) бошқаради. Албатта, аёл киши транспорт бошқаришига қарши эмасмиз, қонунларимизда бу борада дискриминация йўқ. Аммо, болалар гуруҳ бўлиб ташилаётганда, каттароқ тажрибага эга ҳайдовчини ишга ёллаш мақсадга мувофиқ эмасми?
Ривожланган давлатлар боғча болаларини ташиш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Масалан, Америка фильмларида кўрсатиладиган ўша машҳур сариқ автобусларни олайлик. Уларда бошқарувчи ҳайдовчиларга алоҳида талаблар қўйилади. Автобус болаларни тушираётганда ёки чиқараётганда орқадаги ва қарама-қарши йўналишдаги барча машиналар тўхташи шарт. Бу қоидани бузиш жуда катта жарима ёки ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилишга сабаб бўлади.
Европа мамлакатларида эса боғчалар одатда турар-жойларга яқин жойлашган бўлади. Ота-оналар болаларни махсус юк ташувчи велосипедларда (Cargo bikes) ёки пиёда олиб боришади. Жамоат транспорти: Болалар гуруҳ бўлиб жамоат транспортида ҳаракатланиши мумкин. Бунда улар махсус ёрқин нимчалар (жилетлар) кийиб олишади, бу эса ҳайдовчилар ва йўловчиларнинг эътиборини тортади. Кичик ёшдаги болалар учун автобусларда албатта болалар ўриндиғи ёки махсус хавфсизлик камарлари бўлиши шарт. Автобусда ҳайдовчидан ташқари камида бир нафар вояга етган кузатувчи (тарбиячи ёки ёрдамчи) бўлиши шарт. У болаларнинг хавфсиз чиқиб-тушиши ва тартибига жавоб беради.
Албатта, бизда ҳам бу борада турли ислоҳотлар ўтказишнинг йўллари бор. Лекин, аввало жамоатчилик назоратига суянмасдан иложимиз йўқ. Гап болалар хавфсизлиги ҳақида борар экан, биринчи навбатда ота-оналар бу борада ташаббусни қўлга олишлари лозим. Тан олиш керак, бугун 50-100 минг сўм у қадар катта сумма эмас. Вилоятлар ва чекка ҳудудларда тахминан шунча пулга тажрибали ҳайдовчини ташувчи сифатида ёлласа бўлади. Ота-оналар фаол позиция билдириб, болаларни ортиқча ташиётган боғча мутасаддиларига эътироз билдиришлари лозим. Бугунги арзон нархлар ва ёмон шароитлар эртага нохуш ҳолатларга олиб келмаслиги лозим.
Шунингдек, Мактабгача таълим вазирлиги ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати мутасаддилари мазкур муаммога жиддийроқ эътибор қаратишса фойдадан холи бўлмасди. Болаларни маълум талабларга мос келмайдиган шароитда ташиш алоҳида эътиборга олиниши лозим. Айрим ўқувчиларимиз Навоийдаги воқеадан сўнг жойларда ЙПХ рейдлари кўпайгани ҳақида хабар берди. Бундай рейдлар мунтазам ўтказилиши қоидабузарликларнинг камайишига сабаб бўлади.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0