Навоийнинг сурхондарёлик невараси
Бу халқ ўзининг маънавий хазиналарини қандай қилиб, асраб келмоқда? Қандай қилиб, бутун дунё бойлигига ҳам сотиб олиб бўлмайдиган жавҳарларини сақлай оляпти?
Маънавий бисотини “асрлардан опичлаб” (Абдулла Орипов ибораси), қўйнидан тўкилса, қўнжида асраб ўтиш учун бу элнинг не-не фидойи фарзандлари матонат кўрсатмаган дейсиз?
Қарши бобо Аҳмедов исмли отахон ҳақида Қумқўрғонда эшитиб қолдим. Февраль ойи эди. Сурхонда бодомлар гуллай бошлаган, илиқ чойдай бир кун эди. Қарийб бир аср умр кўрган момомизни сўнгги йўлга кузатиб, жаноза маросимидан кейин, бир пиёла чой устида йиғилганимизда Қарши бобо ҳақида шу ерлик Нормўмин ака деган киши айтиб бердилар.
Гап шундаки, 1924 йилда туғилиб, 1991 йилда вафот этган Қарши бобо ҳар йили 9 февраль куни уйида қўй сўйиб, муллога хатм буюртириб, қўни-қўшнини йиғиб, ҳазрат Навоийнинг номига худойи – ис қилар экан. Ўзи асл касби юк машина ҳайдовчиси бўлган бу одам дурадгорлик билан ҳам шуғулланган. У киши Навоий, Сўфи Оллоёр, Машрабдан ғазаллар ўқиб юрар, шу зотларга катта эҳтиром билан яшар экан. Жумладан, ҳали айтганимиздек, ҳар йили ҳазратни хотирлаб, уйида кичик бир тадбир қилишни канда қилмас экан.
Бу одам ҳақида эшитган палламда хаёлимга Навоийнинг ушбу мисралари келди:
Уруғ ерга тушиб чечак бўлди,
Қурт жондин кечиб ипак бўлди.
Лола тухмича ғайратинг йўқми?
Пилла қуртичалик ҳимматинг йўқми?
Қарши бобони кўролмаганим, у кишининг икки оғиз суҳбатини ололмаганимга афсусландим. Аммо начора... вақт ортига қайтмайди.
Ёшлиги, йигитлиги уруш йиллариига тўғри келган Қарши Аҳмедов ҳаётнинг ҳамма қийинчиликларини кўриб улғайди. Устага шогирд тушиб дурадгорликни ўрганди, шу ишни касб қилди. Кейинчалик техникумда ўқиб, ҳайдовчилик касбини танлади. Шу-шу эл ичида Қарши шопир бўлиб танилди. Аммо болаликдан қизиққан соҳаси – адабиётга меҳри бўлакча эди. Шу боис Навоийга бошқача мухлис бўлди. Ҳазратнинг асарларини яхши кўриб ўқиб юрди...
Мустақиллик арафасида халқимиз қандай турмуш кечирганини ёши катталар яхши эслайдилар. Гдлян ва Ивановнинг халқимиз бошига солган жабру зулмини кўксимиз симилламай эслолмаймиз. Ана шундай мураккаб бир замонларда ҳам Қарши бобо ўз анъанасига содиқ қолган.
Энди рўзғорчилик, баъзан тўқчилик бўлса, баъзан йўқчилик бўлиб туради. Ҳар йили қўй сўйишга беш фарзанд – жўжа бирдай жонни боқиб келаётган оддий ҳайдовчининг ҳам қурби келмай қолар экан. Шундай йилларда Қарши бобо биттагина хўроз сўйиб бўлса ҳам, Навоийни ёдлашни сира малолланмай адо қилар экан. Шунда тенгқур жўраларидан бири у кишига эътироз билдирибди:
– Қаршибой, жўра, Навоийни эслаганинг яхши иш, лекин шунинг ўрнига ота-боболарингни эслаб худойи қилсанг бўлмайдими?
Жўрасининг бу гапига Қарши бобо шундай жавоб қилибди:
– Эй, ошна, менинг ота-энамнинг мендан бошқа ҳам фарзандлари, наваралари бор. Шулар ота-энамга худойи қилаверсин... Лекин Навоий бобонинг кими бор? Ёлғончи дунёда уйланмай, тирноқ кўрмай ўтган бу вали кишини ҳам биров эслаш керак-ку?
Шу билан эътироз қилган жўраси жим бўлибди.
Ана шу Қарши бобонинг фарзандларини излаб-идарлаб тағин Сурхондарёга қўнғироқ қилдим. Турсунпўлат исмли ўғлининг рақамини топиб гаплашдим. Ўғлининг суҳбати мени янаям ҳайрон қилди:
– Энди, шоир ука, бобони газетага ёзиб ётманг. У киши чин дунёга кетган. Навоийга ҳурмат кўрсатган бўлса, Худо йўлида қилган бу ишларни...
Аммо мен ҳам бўш келмадим:
– Ака, шундай дейсиз-да... Бу нарсани шунинг учун ҳам элга билдириш керакки, миннат эмас, ибрат учун! Шундай бўлгач, менинг қўлимни ушламанг, жон ака! Яхши бир эсдалик бўлади. Навоийнинг ўзлари ёзиб кетган-ку “Саховат барчага бермакдир”, деб. Бугун халқимиз бойиди, анчагина тўқ бўлди. Ҳаёт, яшаш чинакамига осонлашди. Кўп уйларимизда қўша-қўша машиналар ҳам бор. Минг-минг доллар пул сарфлаб тўйлар қилаяпмиз. Лекин ҳиммат озайди. Хонисанилло хизмат қилиш камайгани бор гап. Жадид боболар тўй-маъракалардаги исрофгарчиликни танқид қилиб, куйиб ўтиб кетишди. Халқни маърифатли қилишни қайғуришди доим. Сизнинг отангиз оддий дурадгорлик билан шуғулланган, оддий ҳайдовчи киши бўлса ҳам кўнглида маърифати бутун бўлган инсон экан-да...
Шу билан гурунгимиз ниҳоясига етди.
Мен эса шу хотирани сизларга илингим келди. Токи Қарши бободек маърифатли элдошларимиз кўпайсин!
Шодмонқул САЛОМ
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0