Орол ягона эмас: Ер юзидан йўқ бўлаётган сув ҳавзалари
Европа Иттифоқининг “Коперникус” дастури Орол денгизининг коинотдан туширилган суратини эълон қилди. Мутахассисларга кўра, бир пайтлар жаҳоннинг энг йирик кўлларидан бири бўлган ҳудуднинг ғарбида бироз миқдорда сув қолган. Агар тенденция ўзгармайдиган бўлса, бу сув ҳам тахминан 5 йилларда бутунлай буғланиб кетади ва яхлит Оролқум саҳроси пайдо бўлади.
60 йилнинг нари-берисида кичикроқ бир давлатнинг ҳудудига тенг майдонда мавж уриб турган Орол денгизи саҳрога айланди. Хўш, Марказий Осиёдаги экологик фалокатга ўхшаш ҳодисалар дунёда учрайдими ёки бу ягонами? Афсуски, жаҳонда шиддат билан қуриётган ва Орол денгизига ўхшаб йўқ бўлиб кетаётган ҳавзалар бисёр.
Қуйида уларнинг айримларини кўриб ўтамиз.
Поопо кўли (Боливия)
Поопо Жанубий Америкадаги Титикакадан кейин иккинчи энг катта тузли кўл эди, у Чили билан чегарада жойлашган бўлиб, майдони 2337 квадрат километрни ташкил этарди.