Қовун қон босимини меъёрда сақлашга ёрдам беради
Ҳозир айни пишиқчилик мавсуми. Мевалардан тортиб, полиз маҳсулотларигача пишиб етилган пайт. Шифокорлар тавсиясига кўра, полиз маҳсулотлари ва меваларни кўп истеъмол қилиш саломатлик учун кони фойда. Хусусан, қовун таркибидаги витаминлар, минераллар ҳамда бошқа фойдали моддалар саратон ва инсульт каби касалликларнинг олдини олиш хусусиятига эга.
Организмни витаминлар ва минераллар билан бойитади
Ҳар бир бўлак қовунда C витамини, калий, магний, фолий кислотаси, К витамини ва бошқа кўплаб фаол моддалар мавжуд. Унда антиоксидантлар — бета-каротин, лютеин, кверсетин ва зеаксантин ҳам бор. Улар ҳужайраларни зарарланишдан ҳимоя қилади, иммунитетни мустаҳкамлайди ва тананинг барча тизимлари фаолиятини қўллаб-қувватлайди.
Қон босимини меъёрда сақлашга ёрдам беради
Қовундаги калий ва C витамини юрак-қон томир тизимига фойдали таъсир кўрсатади. Калий организмдаги натрий миқдорини тартибга солиб, қон босимини меъёрда ушлашга ёрдам беради, гипертония хавфини камайтиради. Албатта, қовун дорининг ўрнини боса олмайди, лекин давони тўлдирувчи фойдали восита бўла олади.
Қовун 90 фоиз сувдан иборат бўлиб, таркибида калий, магний, кальций ва натрий каби электролитлар мавжуд. Бу уни иссиқда ёки жисмоний машқлардан сўнг сув балансини тиклаш учун идеал маҳсулотга айлантиради. Бир бўлак қовун организмни сувсизланишдан сақлаб, қувват беради.
Қондаги шакар миқдорини барқарорлаштиради
Ширин таъмига қарамай, қовун (меъёрда истеъмол қилинганда) қондаги глюкоза даражасини мувозанатга келтиришга ёрдам беради. Қовундаги антиоксидантлар ва микроэлементлар эса моддалар алмашинувига ижобий таъсир кўрсатади. Тадқиқотларга кўра, қовунни мунтазам истеъмол қилиш 2-турдаги қандли диабет хавфини камайтиради.
Тери эластиклигини сақлаш ва қуёшдан ҳимоя
Қовундаги C витамини тери чўзилувчанлиги ва ёшлиги учун зарур бўлган коллаген ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради. Шунингдек, унинг антиоксидант хусусияти терини қуёш нурларининг зарарли таъсиридан ҳимоя қилади ва эрта қаришни секинлаштиради.
Иммунитетни мустаҳкамлайди
Бир нечта бўлак қовун организмнинг C витаминига бўлган кунлик эҳтиёжининг ярмидан кўпини қоплайди. Бу витамин оқ қон таначалари ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради ва юқумли ва вирусли касалликдан тезроқ тузалишга ёрдам беради.
Ҳазм қилиш тизимини яхшилайди
Қовун ўсимлик толаларига бой бўлиб, ичакларни табиий равишда тозалайди ва соғлом ичак микрофлорасини қўллаб-қувватлайди. Овқат ҳазми муаммоси борлар учун қовун ёрдамчи бўла олади. У ичак перисталтикасини фаоллаштириб, қабзиятнинг олдини олади.
Кўз саломатлигини ҳимоя қилади
Қовундаги лютеин ва зеаксантин каби каротиноидлар кўзларни оксидловчи стрессдан ҳимоя қилади ва ёши катта инсонларда кўришнинг ёмонлашишига олиб келувчи макулодистрофиянинг ривожланишини секинлаштиради. Рационга қовунни қўшиш — бу нафақат ҳозир, балки келажакдаги кўз саломатлигига қаратилган ғамхўрликдир.
Эҳтиёт бўлиш керак!
Ҳар қанча фойдали бўлмасин, қовунни эҳтиёткорлик билан истеъмол қилиш лозим. Шифокорлар уни оч қоринга, уйқудан олдин, сут маҳсулотлари, асал билан бирга истеъмол қилишни тавсия этмайди. Энг яхши кунлик истеъмол ҳажми — 200–300 граммдир. Диабет, гастрит, панкреатит ёки ошқозон-ичак яраси бўлганлар шифокорга мурожаат қилган ҳолда истеъмол қилганлари маъқул.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0