Санкт-Петербургда мигрантларга таксичилик қилиш тақиқланди
Санкт-Петербургда мигрантларга 2025 йил охиригача таксичилик қилиш тақиқланди. Тегишли фармонни шаҳар губернатори Александр Беглов имзолаган, у 10 кундан кейин кучга киради.
Қарор такси хизматлари сифати ва хавфсизлигини ошириш ҳамда Россия фуқаролари учун қўшимча иш ўринларини яратишга қаратилган, дея таъкидламоқда шаҳар маъмурияти.
Бундан ташқари, йил охиригача тақиқнинг жорий этилиши унинг шаҳар ҳаётига ижтимоий-иқтисодий таъсирини баҳолаш ва 2026 йилда қандай чораларни кўриш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилиш имконини беради.
Такси хизмати билан шуғулланувчи компаниялар учун уч ойлик ўтиш даври кўзда тутилган, бу даврда улар мавжуд меҳнат муносабатларини тугатишлари ва янги ходимларни жалб қилишлари керак.
Ўтган йилнинг август ойида Ленинград вилоятида чет эл фуқароларига 2024 йил охиригача такси хизматини кўрсатиш соҳасида ишлаш тақиқланган эди. 2025 йил январ ойида Татаристондаги бир қатор компанияларга жорий йил охиригача патент асосида ишлаётган хорижликларни ишга олиш тақиқланган эди. Чет элликларга такси, хавфсизлик хизматлари, шу жумладан, хусусий ва ветеринария соҳасида ишлаш тақиқланди.
Бундан ташқари, Камчаткада мигрантларнинг таксида ишлаши ҳам чекланди. У ерда фақат Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари резидентлари ҳайдовчи сифатида ишлашлари мумкин. Гап Беларус, Қозоғистон, Арманистон ва Қирғизистон ҳақида бормоқда.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0