Сирдарёда 1,5 минг МВт қувватли буғ-газ электр станцияси ишга туширилди
Президент иштирок этган маросимда таъкидланишича, ушбу электр станцияси лойиҳаси 3 миллиондан зиёд хонадон ва юзлаб саноат корхоналарининг электр энергиясига эҳтиёжини таъминлашга имкон беради.
Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 27 ноябрь куни Саудиянинг етакчи “ACWA Power” компанияси билан амалга оширилаётган лойиҳалар – Сирдарё вилоятида 1500 мегаватт қувватли замонавий буғ-газ электр станциясини тармоққа улаш ҳамда Тошкент вилоятида “яшил водород”ни “пилот” тарзда ишлаб чиқариш қувватларини барпо этишни бошлаш маросимида иштирок этди.
Таъкидланишича, Сирдарёдаги қиймати 1,1 миллиард доллар бўлган иссиқлик электр станцияси лойиҳаси 3 миллиондан зиёд хонадон ва юзлаб саноат корхоналарининг электр энергиясига эҳтиёжини таъминлашга имкон беради.
– Мана шундай ҳаяжонли дақиқаларда ишга туширилаётган янги “Сирдарё” иссиқлик электр станцияси Ўзбекистон энергетика тармоғида ўзига хос эталон лойиҳа бўлиб, мамлакатимиз тараққиётига беқиёс ҳисса қўшади.
Рекорд муддатларда давла кафолатисиз, тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига энг замонавий ва энергия самарадор бўлган ва шундай йирик станция юқори сифатда қуриб битказилди.
Қиймати 1,1 млрд доллар ва қуввати 1,5 ГВт бўлган ушбу станция 3 млн хонадонни ва юзлаб саноат корхоналарининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини кафолатли таъминлайди, – дейди Мирзиёев маросимдаги нутқида.
Бундан ташқари, минтақада илк бор ташкил этилаётган “яшил водород” лойиҳаси доирасида мамлакатда биринчи босқичда 3 минг тонна водород ишлаб чиқарилади ва кейинчалик минерал ўғитларга қайта ишланади, шунингдек, 52 мегаваттлик шамол электр станцияси қурилади.
Умуман, “ACWA Power” компанияси иштирокида Ўзбекистонда 7,5 миллиард долларлик йирик энергетика лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Қайд этилишича, ушбу лойиҳаларнинг ишга туширилиши 2030 йилга бориб 25 гигаватт қайта тикланувчи энергия қувватларини яратиш, 4,5 миллиард куб метр газни иқтисод қилиш ва атмосферага зарарли моддалар ташланмаларини 3 миллион тоннагача қисқартириш имконини беради.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0