Ўзбек боласининг қадри борми?
– Тақсир, бир пиёла чой берсангиз. – Ёш болага чой ичишни ким қўйибди, ана ариқ тўла сув, ичавер. Ғафур Ғулом ўзининг “Шум бола” асарида ўша даврдаги болаларга муносабатни очиқ кўрсатиб берган.
Айнан асардаги кичик эпизодлар болаларнинг фикри тингланмаслиги, истак-хоҳишлари инобатга олинмаслиги, қолган-қутганлар доим болаларники бўлиши, доим улар айбланишини ифодалайди. Бир неча йил илгари ёзилган бу асардаги ҳақиқатлар ҳозирга келиб жиддийлашмоқда. Қанчалик аччиқ бўлмасин, халқимиз фақат нон қадри ҳақида кўп гапиради ва бунга амал қилади. Егуликлар увоғини кўзига суртиб исроф қилмайди унинг уволидан қўрқади.
Аммо ўзбек сегментида бола қадри тушунчаси ҳам борми? Аслида, ўзбек жамиятида болалар қандай улғайяпти?
Афсуски, Инсон қадри баралла куйланаётган бир пайтда, қанчадан-қанча гўдаклар қотиллик қурбони бўляпти. Боғча болаларининг бирваракайига доридан заҳарланиши, меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига нисбатан жинсий тазийқ, зўравонлик, йўл ҳаракатидаги автоҳалокатлар, оилавий можаролар сабаб ўлим сонлари табиий ўлим кўрсаткичларига тенглашмоқда. Боғчада болани ўлардай калтаклаётган тарбиячи болага умуман бегона бўлиши мумкин, аммо оналар юрагининг бир парчасини сувда чўктириши, ёқиб юбориши, бошқа одамга бемалол сотиб пуллаши одатий ҳолатга айланиб боряпти.
Бунга кун ора интернетда айланадиган хабарлар мисол бўлади.
“Бола думалаб-думалаб ўзи катта бўлади” тушунчасида фарзанд аталмиш неъмат дунёга келади. Она ҳали сутдан чиқмаган гўдагини энагалик қиладиган ҳали ўзи ҳам бола бўлган катта қизининг қўлига тутқазиб, далага кетади ё бозорга. Бола опа-акаларига қўшилиб ўзи катта бўлади. Тарбияни маҳалладаги етти қўшнисидан ўрганади. Ота-она бериши керак бўлган меҳр, ишонч, руҳий далда, дўстлик туйғулари ўрни эса, бўш қолаверади.
Фотожурналист Дилруҳ Исомиддинова ўз Инстаграм саҳифасида оналарга шундай мурожаат қилади: Бир нарсани тушунишимиз керак. Аллоҳ айнан бизни танлаб, фарзанд берди. Бу неъмат. Лекин унга беъэтибор бўлиб, дунё ишларига ўралашиш инсофдан эмас. Сиз савод чиқариш учун мактабда таҳсил оласиз. Дунёни таниш учун тил ўрганасиз, китоб ўқийсиз. Илмга бағишланмоқчи бўлсангиз, ундан юқори даражалар учун ҳаракат қиласиз. Лекин нега сизга берилган фарзандни тўғри улғайтириш, ахлоқини пок қилиб тарбиялаш учун ўқимаслигингиз, ҳаракат қилмаслигингиз, изланмаслигингиз керак? Нега бунчалик енгил қарайсиз?..
Сиз улғайтирадиган фарзанд эртага касалманд бўлса, “вақтида нега мунтазам тиббий кўрикка олиб бормагансиз, нега эмлатмагансиз, нега дориларни ўйламай бергансиз, нега узум донасидек келадиган ошқозонимга нон, шакар, туз, сунъий ва оғир овқатлар тиққансиз, сизни деб шу аҳволга келдим” деб маломат қилишидан қўрқмайсизми? Хўп шунақа демаса ҳам, сизни деб бутун умри, фикру ҳаёли, пули соғлиғини тиклашга сарфлашини ўйламайсизми? Ахир Худо уни сизга берди-ку омонат қилиб, нега омонатга хиёнат қиласиз?
Швейцария давлатида болаларнинг жамиятдаги ўрни шу қадар баландки, у истаган жойида хархаша қилиши мумкин, бундан ҳеч ким безовталанмайди ва болани тарбиясизликда айбламайди. Европанинг кўп давлатларида ота-она томонидан тазийққа учраган болаларни давлат ўз қарамоғига олиб қўяди. Аммо бу ҳолат кўп ҳам кузатилавермайди.
Меҳр берилмаган, фарзандига бир кун ҳам вақт ажратмаган, вазифаси фақат молиявий таъминлаш ва уйли-жойли қилиш деб ўйлайдиган ота-оналар фарзанди улғайгач, унга яхши касб эгаси, қолаверса жамиятга фойдали бир шахс бўлишлик талабини қўяди. Бироқ фарзанд тарбиясида руҳий ҳолати билан шуғулланмаган, илм олиши учун сармоя киритмаган, болани қадрлай олмаганларнинг талаблари бажарилмайди, афсуски.
Йиллар ўтиб, 5 ёшлигидаги уруш-жанжал, қўшнининг боласига солиштирилгани, гапирмоқчи бўлганида оғзи ёпилгани, энг заррача ноҳақликлар ҳам унга руҳий оғриқ беради. Аммо ҳамма ота-оналар ҳам буни билишмайди ёки англаб етавермайди.
Диёра Равшанова,
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0