Ўзбекистонда бир йилда 2188 инсон автоҳалокатда вафот этди
Деярли ҳар куни йўл-транспорт ҳодисалари ҳақидаги ачинарли хабарларни эшитамиз ёки уларнинг бевосита гувоҳи бўламиз. Бу каби фожиалар ортида бир ёки бир неча оиланинг дарди, кўз ёши ва умрбод битмайдиган алами ётади. Энг оғири, кимдир яқинидан, жигаридан жудо бўлади.

Маълумотларга кўра, 2025 йилда республика бўйича 9226 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Оқибатда 2188 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 8901 киши жароҳатланган. Аварияларнинг аксарияти техник носозликлар эмас, балки инсон омили билан боғлиқ. Ўтган йилда содир бўлган ҳодисаларнинг 32,9 фоизи тезликни меъёрдан ошириш, 22,4 фоизи светофор ва йўл белгиларига амал қилмаслик, 13,6 фоизи пиёдаларга йўл бермаслик, 4,2 фоизи ҳайдовчининг чарчоқ ҳолатида автомобиль бошқариши ёки рулда ухлаб қолиши оқибатида юз берган.
Ҳар куни миллионлаб одамлар ишга, ўқишга, даволанишга ёки оилавий юмушлар билан йўлга чиқади. Аммо қоидаларга нисбатан лоқайдлик ёки масъулиятсизлик бир оиланинг бахтини бир зумда хазон қилиши мумкин. Шу сабабли йўл ҳаракати маданияти бугунги куннинг энг долзарб ижтимоий масалаларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Мамлакатимизда бу борадаги ишлар давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланиб, автомобиль йўлларини реконструкция қилиш, замонавий светофорлар ва видеокузатув тизимлари ўрнатиш, пиёдалар ўтиш жойларини тартибга солиш ҳамда йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Аммо, шунга қарамай, йўл-транспорт ҳодисалари ҳануз жамиятни қаттиқ ташвишга солмоқда.
Ҳар бир йўл-транспорт ҳодисаси ортида фақат рақам эмас, балки инсон тақдири ва оила бахти туради. Бир оиланинг боқувчиси, ёш боланинг ота-онаси ёки ўз меҳнати билан жамиятга хизмат қилаётган мутахассиснинг бевақт ҳаётдан кўз юмиши нафақат маънавий, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам оғир зарбадир. Жароҳат олганларнинг узоқ муддат даволаниши, ногиронлик ҳолатларининг кўпайиши, оилаларнинг даромаддан маҳрум бўлиши каби оқибатлар муаммони янада чуқурлаштиради. Шу нуқтаи назардан, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган ҳар бир сармоя келажакдаги катта йўқотишларнинг олдини оладиган муҳим инвестиция ҳисобланади.
Айниқса, болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари жамият учун энг оғриқли масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Мактаб атрофидаги йўлларда транспорт оқими юқорилиги, айрим ота-оналар фарзандларига йўл қоидаларини етарли даражада ўргатмаслиги, баъзи ҳайдовчилар мактаб ҳудудларида тезликни пасайтирмаслиги хавфни оширади. Болалар хавфсизлиги фақат ота-онанинг эмас, балки бутун жамиятнинг масъулияти.
Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, йўлларда хавфсизликни таъминлашнинг самарали йўлларидан бири жазоларни кучайтириш билан бир қаторда, йўл ҳаракати маданиятини юксалтиришдир.
Швециядаги «Vision Zero» концепцияси айнан шу ғояга асосланади. Йўлларда ўлимни имкон қадар ноль даражага тушириш мақсадида йўллар хавфсиз лойиҳалаштирилади, тезлик илмий асосда белгиланади, пиёдалар ва велосипедчилар учун алоҳида инфратузилма яратилади, ҳайдовчиларнинг масъулияти оширилади. Натижада Швеция йўл ҳаракати хавфсизлиги юқори даражада таъминланган давлатлардан бирига айланган.
Японияда эса йўл ҳаракати маданияти болаликдан шакллантирилади. Болалар махсус майдончаларда йўл белгилари ва светофорлардан фойдаланишни амалий машғулотлар орқали ўрганадилар. Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш жараёнидаги юқори талаблар ҳам хавфсизликка хизмат қилади.
Сингапур тажрибаси қонун устуворлиги ва рақамли технологиялар уйғунлигига таянади. Замонавий камералар, автоматик назорат тизимлари, қатъий жавобгарлик чоралари ҳайдовчиларда қоидаларга риоя қилиш одатини шакллантиришга хизмат қилади.
Мутахассислар йўл ҳаракати маданиятини юксалтиришни оиладан бошлашни тавсия қилишади. Бола ота-онасининг йўлдаги хатти-ҳаракатларини кузатиб, улардан ибрат олади. Агар ота-она светофор талабига риоя қилмаса ёки йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтса, фарзанд ҳам буни одатий ҳол, деб қабул қилиши мумкин. Демак, мактаб, маҳалла ва оммавий ахборот воситалари бу борадаги тарғиботни изчил давом эттириши, ҳайдовчилик тайёргарлиги ва қайта тайёрлаш тизими такомиллаштирилиши, пиёдалар ва велосипедчилар учун қулай ҳамда хавфсиз инфратузилма кенгайтирилиши лозим.
Шунингдек, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ёрдамида хавфли йўл участкаларини аниқлаш, профилактика чораларини кучайтириш ва йўл ҳаракати маданиятини тарғиб этувчи ижтимоий лойиҳаларни оммалаштириш муҳим.
Қизил чироқда тўхташ, пиёдага йўл бериш, хавфсизлик камарини тақиш, белгиланган тезликда ҳаракатланиш оддий талаблар эмас. Улар ҳар биримизнинг ҳаётимиз ва соғлиғимизни ҳимоя қиладиган муҳим қоидалардир. Афсуски, айрим ҳайдовчилар бир неча дақиқани тежаш илинжида тезликни оширади ёки хавфли қувиб ўтишга уринади. Натижада ўша бир неча дақиқа йиллар, ҳатто умрбод давом этадиган армонларга сабаб бўлиши мумкин.
Яна бир муҳим масала рулда уйқуга кетишдир. Узоқ масофага сафар қилаётган ҳайдовчи дам олиш тартибига қатъий риоя қилиши зарур. Чарчоқ ҳолатида автомобиль бошқариш нафақат унинг, балки йўловчилар ва бошқа ҳаракат иштирокчиларининг ҳаётини ҳам хавф остига қўяди. Манзилга бир неча дақиқа эртароқ етиб боришдан кўра, эсон-омон етиб бориш муҳим.
Тезлик манзилни яқинлаштириши мумкин. Аммо масъулиятгина инсонни манзилга эсон-омон етказади.
Салим АБДУРАҲМОНОВ
Ishonch.uz







