Ўзбекистонликлар лицензияси бўлмаган “Умра”чи фирмалардан огоҳлантирилди
Ҳозирда “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларни кўрсатишга рухсат берилган (лицензияга эга) туроператорлар рўйхати эълон қилинган бўлиб, бундай лицензияга эга бўлмаган субъектлар томонидан ушбу хизматларни кўрсатиш тақиқланган.
Сўнгги пайтларда интернет ва ижтимоий тармоқларда “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларни кўрсатиш билан боғлиқ реклама ахборотлари фаоллашган. Рақобат қўмитаси маълумотига кўра, уларнинг айримлари тегишли лицензия ва рухсатномалари бўлмаган ҳолатда ушбу хизматларни реклама қилишмоқда.
Қўмита “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасига мувофиқ “тегишли сертификатлари ва лицензиялари, мажбурий сертификатлаштириш гувоҳномалари ёки махсус рухсатномалари мавжуд бўлмаган товарларни реклама қилиш тақиқланган”ини эслатмоқда.
Шунингдек, фуқаролардан “Умра” амалларини муносиб ва хавфсиз бажаришлари учун огоҳ бўлишлари ва кейинчалик турли кўнгилсиз ҳолатларга тушиб қолмасликлари мақсадида ишончли ва кафолатланган хизматлардан ҳамда тегишли лицензияга эга бўлган туроператорлар хизматларидан фойдаланишларини сўрамоқда.
Маълумот учун, “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларни кўрсатиш билан боғлиқ туристик фаолият Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги 364-сонли ҳамда 2023 йил 8 августдаги 345-сонли қарорлари асосида амалга оширилади.
Шу билан бирга, жорий йилнинг 2 июлида “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатишга доир фаолият лицензияланадиган фаолиятнинг алоҳида тури сифатида белгиланди.
Яъни, “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларни кўрсатишга рухсат берилган (лицензияга эга) туроператорлар рўйхати эълон қилинган бўлиб, бундай лицензияга эга бўлмаган субъектлар томонидан ушбу хизматларни кўрсатиш тақиқланган.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0