Қашқадарёдаги мактаблардан бирида 15 та фандан ўқитувчи йўқ
Ўзбекистон — 2025 йил — таълим тизими. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги “Олис ҳудудларда жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритаётган педагог ходимларнинг меҳнатини янада рағбатлантириш тўғрисида”ги қарорида Қашқадарё вилоятидан жами 11 туман, 50 та маҳалла киритилган. Мазкур қарорда Китоб туманидан бирорта ҳам маҳалла қайд этилмаган.
Оқибатда туман марказидан 100 километрлаб узоқда, олис тоғ бағрида жойлашган қишлоқлардаги умумтаълим мактабларида мутахассислар етишмаслиги сабабли кўплаб муҳим фанлар ўтилмай келяпти. Хусусан, Шут қишлоғи туман марказидан 105 километр узоқликда жойлашган. Қишлоқдаги таълим муассасаси Деновбола қишлоғидаги 60-мактабнинг филиали ҳисобланади ва у ерда айни пайтда жами 42 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Мактабда 15 дан зиёд муҳим фанлар ўқитилмайди. Боиси мутахассис ўқитувчилар етишмайди. Бошқа жойлардан бориб дарс бермоқчи бўлган педагогларга эса қишлоқ олис ҳудуд рўйхатига киритилмагани сабабли маошига устама ҳақлари тўланмайди.
Ҳозирда филиал мактабида математика, информатика, география, тасвирий санъат ва чизмачилик, физика, кимё, астрономия, иқтисодий билим асослари, мусиқа маданияти, ўзбек ва жаҳон тарихи, давлат ҳуқуқи асослари, тарбия, инглиз тили каби фанлар умуман ўргатилмаяпти.
Аспидухтар қишлоғидаги филиал мактабда ҳам ўқувчиларга инглиз тили, информатика, тарих, математика каби фанлар ўтилмайди. Қолган фанлар ўқитувчилари ҳам асосий мактабдан қатнаб ишлайди. Серёғин кунларда эса йўлни қалин қор қоплаши қатновни қийинлаштиради.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорида Китоб туманидаги биз юқорида санаб ўтган манзиллари билан бир хил вазиятда бўлган Шаҳрисабз туманининг узоқ тоғли қишлоқлари – Ғелон, Сарчашма, Кўл ва Сайёт олис ҳудудга киритилган. Лекин Қарши шаҳрининг биқинида жойлашган Қарши туманидаги Хонабод ва Ҳилол маҳаллаларининг олис ҳудудга киритилганини қандай изоҳлаш мумкин.
Олис ҳудудлар рўйхати шакллантирилишида масъул ташкилот – Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бу хусусда нима дейди?
Баҳодир ҲАЛИМОВ,
ishonch.uz



Maqolaga baho bering
0/50
0
0
0
0