Осиё ўйинларида Ўзбекистон ёшлар жамоаси 81 та медаль олди
Манама шаҳрида ўтган “Баҳрайн–2025” III Осиё ёшлар ўйинларининг сўнгги кунги беллашувлари якунига кўра, спортчиларимиз делегациямиз ҳисобига 13 та олтин, 6 та кумуш ва 3 та бронза медалларини қўшиб қўйди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, мусобақанинг оғир атлетика баҳсларида Дилнура Холдорова –77 кг. вазн тоифасида даст ва силтаб кўтаришда, Ҳасанбой Холмуратов эса +94 кг. вазнда даст кўтаришда олтин медални қўлга киритди. Аббосбек Аҳролов эса вазни –94 кг. бўлган полвонлар ўртасидаги даст кўтариш беллашувларида кумуш, Моҳинур Эсонбоева +77 кг. вазнда силтаб кўтариш бўйича бронза медалига эга чиқди.

Боксчиларимиз ўртасида Абдуғаёни Ёрқинжонов (–46 кг.), Иброҳим Шокиржонов (–60 кг.), Диёрбек Муродиллаев (–75 кг.), Асадбек Султонов (+80 кг.) ва Рушанабону Исоева (–60 кг.) барча рақибларидан устун келиб, олтин медаль соҳибига айланган бўлса, Қумринисо Муҳаммадова (–54 кг.), Самира Турғунова (–75 кг.) ҳамда Саидхўжа Садиллахўжаев (–66 кг.) кумуш медалга сазовор бўлди.

Шу тариқа, Баҳрайн давлатининг Манама шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ўйинларининг бокс баҳсларида йигит-қизларимиз мусобақани 5 та олтин, 3 кумуш ва 2 та бронза медаллари билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринда якунлади. Қозоғистон ва Ҳиндистон терма жамоалари иккинчи ҳамда учинчи ўринда қайд этилди.

Осиё ўйинларининг дзюдо спорт туридаги рақобатда Гулсанам Ҳазратова (–57 кг.), Мирзоҳид Худойқулов (–73 кг.), Самандар Суннатов (–81 кг.), Жўрабек Эшпўлатов (–90 кг.) ва Алибек Дурдиев (+90 кг.) шоҳсупанинг энг юқори ўрнидан жой олди. Шоҳиста Тўраева (–70 кг.) ва Хонзодабегим Усмонқулова (+70 кг.) ўз вазн тоифаларида иккинчи, Мафтуна Аҳмедова (–63 кг) эса учинчи поғонада қайд этилди.
Шунингдек, жиу-житсучимиз Зиёда Шомуродова (–63 кг.) делегациямиз ҳисобига бронза медалини келтирди.

Шу тариқа, Ўзбекистон делегацияси III Осиё ёшлар ўйинларида 37 та олтин, 16 та кумуш, 28 та бронза жами 81 та медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўриндан жой олди. Хитойлик спортчилар 63 та олтин, 49 та кумуш ва 35 та бронза медаль билан биринчи бўлган бўлса, Қозоғистон делегацияси 24 олтин, 29 кумуш ва 40 бронза медалини қўлга киритиб, кучли учликни якунлаб берди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА



Maqolaga baho bering
0/50
0
0
0
0