Фарғонадаги жанжалга томошабин бўлган ички ишлар ходимлари лавозимидан бўшатилди. Гумонланувчи қандай жазога тортилиши мумкин?
Шу кунларда Фарғона шаҳрида такси ҳайдовчиси билан жанжаллашиб, автомашина ойналарини синдирган шахснинг хатти-ҳаракатлари, ички ишлар ходимларининг эса айни вазиятга томошабин бўлганлиги қизғин муҳокамаларга сабаб бўлаётир.
Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, видеохабардаги ходимларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган. Текширув якунига кўра, ўз хизмат вазифасини лозим даражада бажармаганликлари учун ИИБ патруль-пост хизмати отряди сафдор ходимлари В.Н., Э.П. ҳамда гуруҳ командири, капитан З.О. эгаллаб турган лавозимидан бўшатилган.
Хабарда, шунингдек, Жамоат хавфсизлиги хизмати жамоат тартибини сақлаш бошқармаси патруль-пост хизмати батальони командири Ҳ.С.га нисбатан ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилганлиги қайд этилади.
Бундан ташқари, гумонланувчи ушланиб, ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилганлиги маълум қилинди. Мазкур модда санкциясига кўра, айни турдаги безориликка қўл урган шахс уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Maqolaga baho bering
0/50
0
0
0
0