124 ёшини нишонлаган Цю Чайши ўзининг узоқ умр кўриш сирини айтди
2025 йил январь ойида ўзининг 124 ёшини нишонлаган хитойлик Цю Чайши узоқ умр кўришнинг сирини режимга риоя қилиб, кунига уч марта овқатланиш ва яхши кайфиятда юришда, деб билади.
Улуғ ёшда бўлишига қарамай, у кундалик ишларни мустақил равишда бажаради: сочларини тарайди, печкани иситади, ғозларни боқади ва ҳатто осонгина зинапояга чиқади.
Аёл 1901 йилда, Цинг сулоласи даврида туғилган. Ҳозир у Сичуань провинциясининг Наньчунг шаҳрида яшайди. Унинг туғилган санаси Хитойнинг уй хўжаликларини рўйхатга олиш тизимида расман қайд этилган.
Хитойлик кекса момонинг айтишича, узоқ умр кўриш қатъий кундалик режимга риоя қилишни талаб қилади: у кунига уч марта бир вақтнинг ўзида овқатланади, кейин сайр қилади ва кечқурун соат саккизларда ётади. Севимли таоми қовоқ бўтқаси, қовун ва маккажўхори ёрмаси.
Цю Чайши ёшлигида ҳам туғилиб ўсган қишлоғида ўзининг мукаммал бухгалтерия маҳорати ва жисмоний чидамлилиги, ер ҳайдаш, тош ётқизиш каби машаққатли меҳнатлари билан машҳур бўлди. 40 ёшида бева қолди ва тўрт фарзандни ёлғиз ўзи тарбиялаб, молиявий қийинчиликларни енгди.
100 ёшга тўлганидан кейин аёлнинг кўриш ва эшитиш қобилияти ёмонлашди. Лекин ақлий равшанлик ва юмор туйғусини сақлаб қолди. Набирасининг айтишича, ҳатто қийин пайтларда ҳам бувиси кўпам қайғуравермайди ва кейин одатдаги оптимизмга қайтади. Ҳозир Цю Чайши набираси билан уч қаватли уйда яшайди.
Анваржон Ҳалимов
тайёрлади
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0