Болаларда камқонлик қандай асоратларга олиб келади?
Бола организмида темир моддасининг етишмовчилиги оқибатида юзага келадиган камқонлик бошқа касалликларга ҳам йўл очиши билан хавфлидир. Сабаби анемиядан шикоят қилаётган беморларнинг бошқа инфекцион хасталикларга чалиниш эҳтимоли ҳам юқори бўлади. Ёш болаларда камқонлик муаммоси ижтимоий аҳамиятга эга. Боланинг тўғри ривожланиши ва тенгдошларидан жисмонан ҳам ақлан орқада қолмаслиги учун ҳам бу касалликка асло бефарқ қараб бўлмайди. Ушбу касаллик борасидаги саволларимизга малакали педиатр Шаҳзода Анорбоева жавоб беради.
– Болаларда учрайдиган камқонлик ҳақида маълумот берсангиз...
– Анемияни педиатр, қийин ҳолатларда эса гематолог даволайди. Болалар анемияси бутун дунё педиатрларининг муаммоси саналади. ЖССТ маълумотларига таянадиган бўлсак, мактабгача ёшда бўлган болаларнинг 47 % ва мактаб ёшидаги болаларнинг 25 фоизи анемиядан азият чекади. Қон таркибидаги гемоглобин миқдорининг пасайиб кетиши камқонлик касаллигига сабаб бўлади. Мияга кислород етказиб бериш эса айнан қондаги гемоглобиннинг асосий вазифасидир. Бу касаллик билан оғриган беморларда турли инфекцион хасталикларга чалиниш хавфи юқори бўлиб, уни тезда бартараф этиш қобилияти паст бўлади. Қон таркибида организмнинг ҳаётий ўсиб ривожланиши учун муҳим бўлган озиқ моддалар мавжуд.
Эритроцитнинг асосий вазифаси кислород молекулаларини ташишдир. Кислород органлар ва тўқималарга гемоглобин – темир таркибидаги махсус оқсил орқали етказилади. Ўртача гемоглобин даражасини қуйидаги рақамларда кўришингиз мумкин:
Г / Лдаги нормал гемоглобин даражаси (литр учун грамм) ёшга боғлиқ:
- янги туғилган чақалоқларда - 180 дан 240 гача;
- 1 ойдан 6 ойгача - 115 дан 175 гача;
- 6 ойдан 5 ёшгача - 110 дан 140 гача;
- 5 ёшдан 12 ёшгача - 110 ёшдан 145 ёшгача;
- 12 ёшдан 15 ёшгача - 115 ёшдан 150 ёшгача.
– Анемия келиб чиқишининг асосий сабаблари нимада?
– Болалардаги камқонлик турли сабабларга кўра ривожланади. Ота-она синчковлик билан ушбу касалликка нима туртки бўлганини аниқлаши керак. Анемия – ташқи ва ички, наслий ва орттирилган, ҳомиладорлик ва туғилгандан кейинги, патологик ва асосий омиллар асосида юзага келади. Аёлнинг ҳомиладорлик давридаги камқонлиги болага ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Ачинарлиси ҳомиладор аёлларнинг темир моддасига бўлган талабининг икки карра ортиши оқибатида келиб чиқадиган анемия сони катта кўрсатгичларни кўрсатади. Болалар учун анемия хавфли касаллик сирасига киради. Сабаби бола кун сайин ўсади ва маълумки ўзининг «заҳиралари» кам бўлса, ривожланишдан орқада қолиши мумкин. Тўйиб овқатланмаслик, витаминга бой маҳсулотларни истеъмол қилмаслик ҳам анемияга сабабчи бўлади. Организмда гемоглобин даражасининг узоқ вақт паст бўлиши болада гипокция яъни кислород етишмовчилигига олиб келади. Натижада аъзолар ва тўқималар зиён кўради. Анемия туфайли болалар жисмоний ва интеллектуал ривожланишдан орқада қолишлари мумкин. Қолаверса, сурункали ва юқумли касалликларга мойил бўлади.
– Касалликнинг белгилари ва ўз вақтида даволанмаса қандай асоратларга олиб келиши ҳақида маълумот беринг.
– Анемия кўплаб аъзолар ва тизимларга таъсир қилади. Илк белгилар терида пайдо бўлиб, оқариб майинлашади. Тирноқ ва сочлар мўртлашиб, ёрқинлигини йўқотади. Тез-тез тил яллиғланиши, юзаки яралар пайдо бўлиши мумкин. Камқонлик, асаб тизимига ҳам таъсир қилади. Сабаби камқонликда қулоқда шовқин пайдо бўлади ва бош айланиши кузатилади. Анемиянинг энг ёрқин белгиси – доимий чарчоқлик ва беҳолликдир. Энг ёмони 1 ёшгача бўлган болаларнинг ривожланиши тенгдошлариникидан анча орқада қолади. Оғирроқ кўринишларида ҳатто ҳушдан кетиши ва юраги тез-тез уриши мумкин. Сабаби камқонлик қон босимининг пасайишига ҳам сабаб бўлади.
– Аниқ ташхис қўйиш учун қандай текширувлардан ўтиш керак?
– Болада камқонлик белгиларини сезган ота-она энг аввало қон текширувлари учун анализ текширувларини амалга ошириш зарур. Қондаги эритроцитлар ва гемоглобин сонининг кўрсаткичлари орқали ташхис қўйилади. Гемоглобин миқдори 110 г / л дан эритроцитлар 3,5 х 10¹² / л дан кам бўлса, анемия ташхиси қўйилади. Бу кўрсаткич анемиянинг енгил даражасига тегишли. Ўртача анемия қуйидаги кўрсаткичлар билан ўрнатилади: гемоглобин 90 г / л дан кам, эритроцитлар 2,5х10¹² / л гача, оғир гемоглобин билан 70 г / л дан кам, эритроцитлар 2,5х10¹² / л дан кам. Болада камқонлик аниқланганда нафақат гематолог балки гастроэнтеролог, нефролог, педиатларга мурожаат қилинади.
– Даволаш даврида нималарга аҳамият қаратилади?
– Камқонликни даволашнинг босқичлари тўлиқ шифокор назорати остида ўтиши лозим. Агар болада анемиянинг енгил кўриниши кечаётган бўлса, темир моддасига бой бўлган овқатлар ва қўшимча витаминлар берилади. Такрорий камқонлик юзага келмаслик учун ушбу жараённи тўхтатмаслик зарур. Рационда мол гўшти жигари, дуккакли экинлар, денгиз маҳсулотлари, янги сабзавот ва мевалар, кўкатлар ўрин олиши керак. Темир препаратлари ва витаминлари кўрсатилган дори-дармонларни шифокор тайинлайди.
– Анемияни олдини олиш борасида қандай тавсиялар берасиз?
– Анемияда ҳам бошқа касалликлар сингари даволашдан кўра олдини олиш осонроқ кечади. Темир танқислиги камқонликнинг асосий сабаби эканлигини ҳисобга олсак, тўғри овқатланишнинг аҳамияти жуда катта. Бола туғилмасиданоқ олдинроқ ҳомиладор аёллар соғлом овқатланишга, етарлича ухлаб дам олишга эришиши зарур. Илк 6 ойликда она сутига қўшимча овқатлар қўшиб бориш зарур. Катта ёшдаги болалар учун турли хил овқатланиш балансини ташкил қилиш керак. Чақалоқларни иложи борича очиқ ҳавода бўлиши ва қуёш ванналарини қабул қилиши муҳимдир. Агар бу етарли бўлмаса, витамин-минерал комплекслари ва таркибида темир моддаси сақловчи препаратлардан фойдаланиш мумкин. Муҳим эслатма. Темир моддаси организмга яхши сўрилиши учун С витамин сув ва ҳаводек зарур. Баъзи маҳсулотлар эса бу жараёнга қаршилик кўрсатади. Масалан, сут, чой ва кофе. Уларни камроқ истеъмол қилиш тавсия этилади.
Феруза РАҲИМОВА
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0