Сотқинлик учун рағбат жамиятни қаерга етаклайди?
Садоқат ва сотқинлик. Хиёнат ва собитлик. Бу сўзлар бугунги ўзбеклар учун нимани англатади? Ёшларга садоқат туйғуси қандай сингдириляпти? Кўчаларда қоидабузарликка йўл қўйилган ҳолатларни тасвирга олиб, тегишли идораларга юборган ва бунинг учун рағбатлантирилаётган фуқароларни ким деб аташ мумкин? Одамларни шундай ишларга ундаётган қонунларни-чи? Мактабларда чақма-чақарлик учун ўқитувчидан мақтов эшитиб улғаётган ёшлар ким бўлади?
Умуман, таълим ва жамият қонуниятларининг ўзи бугун фарзандларни сотқин қилиб, тарбияламаяптими? Чақимчилик эвазига мукофот жамият психологиясини қаерга етакламоқда?
Кинотавсия
АҚШ ижодкорлари томонидан суратга олинган "Аёл таровати" номли фильмни томоша қилиб, шу саволлар ҳаёлимдан ўтди... Оддий мактаб ўқувчиси ва истеъфодаги подполковникнинг танишувидан бошланган ушбу фильмда содиқлик нима, деган саволга содда ва аниқ жавоб топилган.
Сюжет
Дунёга донғи кетган актёр Ал Пачино иштирокида суратга олинган фильмнинг қисқача сюжети қуйидагича: Френк АҚШ армиясида узоқ йиллар хизмат қилиб, нафақага чиққан подполковник. Бу инсон кўр ва қўрслиги сабаб у билан тил топишиш деярли имконсиз. Чарли эса ўртаҳол оила фарзанди, мактабда аъло баҳоларга ўқийди, у коллежга боришни интиқлик билан кутмоқда. Йигитча рождествода уйига саёҳат қилиш учун пул топиши керак. Шу сабаб у кекса подполковник Френкка қарашга рози бўлади. Барча воқеликлар ана шундан кейин бошланади. Бу орада Чарли мактабда синфдош дўстларининг қилмишига гувоҳ бўлиб қолганди. Мактаб директори эса ундан синфдошларини сотишини талаб қилиб, сиқувга ола бошлайди. Эвазига унга мукофот ва машҳур коллежга йўлланма беришини таклиф қилади. Шунингдек, борди-ю, рози бўлмаса, мактабдан ҳайдашини айтади. Фильм воқеалари ана шу икки ўт орасида қолган Чарлининг туйғулари асосида ривожланади. Кино финали эса жуда таъсирчан: Чарли дўстларини сотмади. Уни мактабдан ҳайдаш мақсадида ўтказилган йиғилишга Чарлининг ҳолатидан хабардор подполковник Френк ҳам келди ва саҳнада оташин нутқ сўзлади.
Унинг нутқида жумладан шундай гаплар бор эди:
"Илм маскани ходимлари ҳушёр тортинг, бу ерда қандай инсонлар етишаяпти? Чарлининг бугунги сукути яхши ё ёмон билмайман, ҳакам ҳам, оқловчи ҳам эмасман. Аммо Чарли ўз келажагини кўзлаб, бировни сотишни ўзига эп кўрмади. Бу эса қалб бутунлиги, бу - жасорат. Сардорлар айнан шундай сифатга эга бўлиши лозим. Виждонлилар кўпчилик олдида шарманда қилинади, оғир вазиятда баъзилар қочади, айримлар эса унга тик боқади. Чарли дўстларини сотмади. Жорж эса отасини пинжига беркинди. Сиз нима қиляпсиз, Жоржни мукофотлаб, Чарлини жазоламоқчисиз. Бу мактабда Уильям Кауберд, Уильям Жеймс, Баер таҳсил олгани энди аҳамиятсиз, чунки улардаги мардлик ва адолатлилик руҳи бу ерни аллақачон тарк этган. Бу даргоҳ энди каламушлар макони! Унда энди сотқин ва виждонсизларгина яшайди. Бу йигитларни чинакам эркак қилиб, тарбияламоқчи бўлсангиз, иш услубингизни ўзгартиринг, устозлар, - дейди, подполковник саҳнада.
Фильм сўнгида эса мактабдан ҳайдалиши керак бўлган Чарли мактаб қаҳрамонига айланди, кенгаш қарори билан ўқишни давом эттирадиган бўлди.
Фильм ютуқлари
Ушбу картина режессиёри Мартин Брест кино асарни 1992 йилда суратга олган. Фильм даромади 134,1 миллион доллар. Кино номидан аёллар шарафига суратга олингандай туюлса-да, унинг асосида аёллар мавзусидан кўра, садоқат тушунчаси асосий планга олиб чиқилган. Френк ва Чарлининг бошқа саргузаштлари ҳам томошабинни бефарқ қолдирмайди. Фильм фалсафий ва қизиқарли саҳналари билан ҳаёт мазмунини англашга ундайди. Шунингдек, кинода Френкнинг аёлларга ҳурмати ва илтифоти чиройли намойиш этилган. Хуллас, минг марта эшитгандан, бир кўрган афзал.
Хулоса
Чақимчиликни рағбатлантириш эмас, қоралаш, сотқинлик иллатини мукофотлаш эмас, йўқ қилиш заруратдир. "Аёл таровати" фильми ана шу жараёнларни очиб берган. Бир садоқат қиссаси орқали ватанга, дўстга, ўз маслакларига содиқлик ҳақида ҳикоя қиладиган энг яхши фильмлардан.
Мафтуна Каримова
Mақолага баҳо беринг
5/51
0
0
0
0