Гап шахсларда эмас, тизимда...
Сурхондарёдаги воқеа юзасидан фаоллар нима дейди?
“Керак бўлса, милтиқ билан отиб ташланг...” Сариосиё туманидаги 28-мактаб директори Умида Турсунованинг Сурхондарё вилояти ҳокимига қарата айтган бу хитоби ўзбек медиа сегментида катта шов-шувларга сабаб бўлди.
Муҳокамалар ҳануз тинмаяпти. Ishonch.uz сайти жамоатчи фаолларнинг муносабатини бир жойга жамлади.
Улар орасида воқеанинг бундай тус олишига нима сабаб бўлди экан, деяётганлар жуда кўп. Маълумотларга қараганда, мактаб директори ва ҳокимнинг келишмовчилиги 26 июль кунидан бошланган. Ҳокимнинг топшириғига кўра, директорга нисбатан майда безорилик жинояти билан маъмурий иш қўзғатилган ва у шу куниёқ ҳибсга олинган.
Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди залида Умида Турсуновани “бақир-чақир қилганлик”, ҳокимга “Қўлингизда милтиқ бўлса, отиб ташланг!”, “Ҳайф сиздек вилоят ҳокимига” деб айтгани, ички ишлар ходимлари тинчлантиришга уринганида бўйсунмаганини ноқонуний ҳаракат сифатида баҳоланган. Шундан сўнг суд директорни 10 кунлик маъмурий қамоқ жазосига ҳукм этган. Қамоқ қарори иш фақат кассация тартибида қайта кўрилгандагина 7 кунга қисқартирилган ва яна 1 миллион 650 минг миқдорида жарима тайинланган.
Икки кундан кейин Сурхондарё вилоят суди айни ҳукмни ўз кучида қолдиради. 1 августда эса Олий Суд кассация инстанцияси ҳукмни қисман тўғри, аммо жазони оғир дея малакалайди. Ўн кунлик жазо муддати тугагач, Термиздан уйига қайтган Умида Турсуновани 7 нафар ички ишлар ходими кутиб олади ва чақириқ қоғозига бўйсунмаганликда айблаб, яна Сариосиё ИИБга олиб кетади.
Мавзу ижтимой тармоқларда шов-шув бўлгач, мактабгача ва мактаб таълими вазири ушбу вазиятни ўз назоратга олганини билдирди ва бу вазирликнинг расмий саҳифасидан ҳам жой олди. Вазир Ҳилола Умарованинг воқеага муносабати сўнгида “Шу ўринда таълим соҳасида фаолият юритаётган ҳар бир шахс ўз муомала маданияти билан барчага ўрнак бўлиши лозимлигини эслатиб ўтмоқчиман”, дея таъкидланган қисмига яна эътирозлар ошди.
Фаоллардан бири – журналист Илёс Сафаров шундай ёзмоқда:
— Ҳилола Умарова ишда нимани ва қандай назоратга олган, билмадиму, у мактаб директорини қамоқдан чиқармади. Директор жазони тўлиқ ўтаб бўлгачгина озодликка чиқди. Бу кейсда энг хавфли нарса – қонунларнинг ишламаслиги. Ҳоким қамайди, вазир озод қилади, кейин ҳоким яна қамайди, вазир телефон қилиб, "орқангизда Президент турибди" дейди. Ҳамма нарсани шахслар ҳал қиляпти. Шахслар нима деса, нимани хоҳласа, шу бўляпти. Ўзимиз шунча дабдаба билан, "меники, сеники" қилиб қабул қилган Конституциянинг (1-моддасида "Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат" деб белгилаб қўймадикми? Ҳуқуқий давлатда қонунлар шахсларнинг қош-қовоғига, хоҳиш- иродасига қарамасдан ишлаши керак эмасми? Ишламаса, шунча харажату ҳаракат билан нега янгиладик???
Алишер ҚОДИРОВ, “Миллий тикланиш" раиси:
— Президентнинг вакили педагогларга муносабатда Президентдан ўрнак олиши керак. Ҳақоратга рози бўлган педагог фарзандларимизни оёқости бўлишга розиликка ўргатади! Педагогларни беҳурмат қилманг!
Шарофиддин Тўлаганов, журналист:
— Кеча муҳокамалар мавзуси бўлган Сурхондарё вилоятидаги мактаб директорининг ҳибсга олиниши ва унга нисбатан 10 кунлик қамоқ жазоси берилиши учун мутлақо асос йўқ эди. Унинг видеоселекторда сўзлаган нутқи ижтимоий тармоққа чиқарилганидан сўнг, унинг аввалги хатти-ҳаракатлари акс этган видеолар ошкор қилина бошланди. Бу мутлақо нотўғри бўлди. Шахсан мен директор ҳимояси йўлида тармоқда иккита пост қўйдим. Чунки унинг ҳибсга олиниши ноқонуний бўлган.
Амалдорга қарши сўз айтган одамлар қамоққа олинаверса, хуқуқий давлатчилигимиз қаерда қолади? Аёл директор бўлиб ишлаган вақтда жиноят содир этган бўлиши мумкин. Бу ҳуқуқ-тартибот идоралари, суд томонидан ҳал қилиниши керак. Дунёнинг бирор бир давлатида (АҚШда бўладими, Зимбабведа бўладими, ҳатто қўшни Қозоғистон, Қирғизистон давлатларида ҳам) штат (вилоят) раҳбари оддий мактаб директори билан шуғулланмайди.
Сурхондарё хокими ҳам майдалашиб ўтирмасдан, вилоят ёки туман таълим мутасаддиларига бу муаммони ҳал этишни топшириши керак эди. (Умуман, хокимлар ўтказадиган селектор йиғилишлари самара бермаслигини ҳамма билиб бўлган. Фақат ҳокимлар буни тан олмайди). Директорни ашаддий жиноятчилардек шахсан туман ИИБ бошлиғининг ўзи ҳибсга олиши уятли ҳол. Бу – иш лаганбардорликнинг энг олий кўриниши. Бу – Янги Ўзбекистонга хос иш эмас.
Яна таъкидлайман, директор фаришта эмасдир, халқ, мактаб жамоаси ундан норозидир. Бу – бошқа масала. Мен директорнинг ҳокимга гап қайтаргани ва шунинг учун қамалганига муносабат билдирдим. Шунинг учун уни ҳимоя қилдим.
Бу аёл ҳурматга лойиқ. У “жамиятда ҳокимлардан қўрқиш керак, улар ҳамиша ҳақ” деган фикрни синдиргани учун ҳам ҳимоя қилиниши керак.
Инобат Аҳатова, журналист:
— Битта ўқитувчини эмас, бутун таълимни тизимсизлик, ҳокимлар аралашувидан қутқариш керак. Жамоатчилик ҳамма эътиборни ким ҳақ, ким ноҳақлигини баҳслашишга, мактаб директорининг ўтмишдаги хатолари ҳақидаги масалаларни ҳал қилишга, вазирнинг телефон қилиб ҳол сўраганига суюниб, ҳокимнинг ҳолатига куюнишга сарфламасин. Бу кейсда энг хавфли ҳолат – педагог ҳокимнинг бир ишораси билан қамалиши, вазирнинг аралашуви билан озод қилиниши. Ҳоким ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш вақти келди. Ҳоким ҳам, вазир ҳам ижро одами, судья эмас. Ҳокимларни истаган одамни қамата оладиган суперваколатдан тийиш, барчасига дарс бериш вақти келди, назаримда.
Муҳаммад Темур Аъзам, журналист:
—Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарованинг Сурхондарёда қамалиб чиққан мактаб директори билан телефонда гаплашгани видеосини кўрдим. Вазир айтяпти: “Сизнинг ортингизда давлатимиз раҳбари турибди”. Муаммо ана шунда, ўртоқлар. Ҳар бир фуқарони қонунлар ҳимоя қилиши керак. Бу нарса шахсларга боғлангани – мусибатимиз. Вазир юртимизда қонунлар ишлайди, ўша қонунларга кўра, улар сизни ишдан бўшатишга ҳақли эмас, қаматвориши ҳам ўша қонунлар бўйича хато демаяпти, давлат ва давлат раҳбари деяпти. Қачонгача шахсларга таяниб яшаймиз? Конституцияда белгиланган “ҳуқуқий” деган қисм қачондан ишлай бошлайди?
Ўзбекистон ҳуқуқий давлатми, энди ўша қисмини ишлатинглар. Президент дейишни бас қилинглар. Қонунлар ишласин, ишламаса, жамоатчилик назоратини ишга солинг.
Бектош Ҳотамов, жамоатчи фаол:
—Сурхондарёда мактаб директори вилоят ҳокими ўтказган йиғилишда ҳоким билан даҳанаки жанг қилди. Кейин ҳокимнинг буйруғи билан директор опани ташқарига олиб чиқиб кетишди. Яна маълум бўлишича, директор аёлни маъмурий қамоқ жазоси билан сийлаб, қамаб қўйишган. Сўнгра вазият мактабгача ва мактаб таълими вазирининг назоратига олинган ва директор опа озодликка чиқарилган.
Менда битта савол: директор опани қамаган судья ҳозир борми, тирикми, у мустақилми? У ҳоким айтса, қамаса, вазир айтса, озодликка чиқарса, у ўзи судьями? Ёки опа ҳеч қандай судсиз қамалдимикан? Унақа десам, ҳозир феодализм эмас, биз ҳуқуқий-демократик давлатда яшаяпмиз. Хуллас, шу жойида “ишлам калламаяпти”.
Таълим эксперти Комил Жалилов директорларни ишдан бўшатиш ҳокимларнинг ваколат доирасига кирмаслигини эслатди. “Таълим тўғрисида”ги қонунда маҳаллий ҳокимликларнинг таълим соҳасидаги ваколатлари аниқ белгиланган (улар орасида мактаб директорини ишдан олиш ваколати йўқ, Президентнинг 2023 йил 26 майдаги 79-сонли фармонида ҳам мактаб директорларини ишга олиш ва демакки, ишдан бўшатиш ваколати ҳокимларга берилмаган. Таълим эксперти постида яна ҳокимнинг бу хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо берилиши шартлигини ёзди.
Вазият ҳозир ҳам чигал. Бу воқеа мисолида кўпчилик жойларда ҳокимларнинг ваколати ҳали ҳам чексиз эканини англаб етди. Айниқса, суд-ҳуқуқ тизими мустақил эмаслиги, қонунлар ошкора бузилаётгани кўпчиликда тушкун кайфият уйғотди.
Қонун – устувор ва барчага баробар. Агар шу тамойилга амал қилинганда эди, жамиятда тенгсизлик ва адолатсизликдан ном-нишон қолмасди. Биз эса воқеалар ривожини кузатамиз.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0