Бобомерос касбини улуғлаб, эъзоз топган боғбон: «Дарахт ҳам бола кабидир»
Зокир ака Турсуновга яқинда Касаба уюшмалари куни арафасида таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан санаторийда дам олиши учун бепул йўлланма тақдим этилди. Тадбирда бу инсоннинг Абу Али ибн Сино номидаги табиий фанларга ихтисослашган мактабда боғбон бўлиб ишлаши, ўз ишини севиб бажариши ва мактаб ҳовлисидаги дарахтларни сўнгги уч йил ичида 2100 тадан 3200 тага етказгани алоҳида таъкидланди. Буни эшитиб, Зокир аканинг фаолияти билан танишишга қизиқдим.
Қолаверса, экология ва табиатга бўлган муносабатимиз намунали бўлмаган бир пайтда, у кишининг таълим масканида олиб бораётган боғбончилик фаолияти сирлари, ёшларга дарахтларни ўстириш, парваришлаш борасида бераётган илми ва тажрибасини бошқаларга ҳам бўлишгимиз келди. Шундай қилиб, бугунги қаҳрамонимиз отаси Ёқубхўжа ота, қолаверса 85 ёшида ҳам кетмон чопган бобоси Турсунхўжа оталарнинг касбини улуғлаб, меҳнат қилиб келаётган боғбон – Зокиржон Турсунов.
– Отам ҳайдовчи бўлган, аммо пойтахтнинг Файзиобод деган ҳудудида 2,5 гектарлик ерни узоқ йилга ижарага олиб, шу ерда деҳқончилик билан ҳам шуғулланган. Оиладаги 6 фарзанднинг каттаси бўлганим учун табиийки, мен отамга боғдорчилик ва деҳқончиликда энг биринчи ёрдамчи бўлганман. Шу билан бирга уларнинг ёнларида юриб, кўп нарса ўрганганман, – дейди қаҳрамонимиз. – Дарахт экиш энг савобли иш, бу ҳақда Ҳадиси шарифларимизда ҳам келтирилган.
Масалан, ҳаммамизга маълум бир Ҳадисда агар қиёмат қойим бўлиши аниқ бўлса ҳам, кўчат экиб қолинг, мазмунида кўрсатма берилади. Бунинг сабаби шуки, биз эккан ҳар бир кўчат, у гулми, дарахтми, нариги дунёда ўша одамнинг ҳаққига саловат айтиб тураркан. Яратгандан гуноҳларимизни кечиришини сўраркан. Қолаверса, дарахт ҳам бола кабидир – меҳр талаб қилади. Меҳр бериб парваришласангизгина, ҳосил оласиз.
Зокиржон ота, Миробод туман сув таъминоти тизимида ишчи бўлиб ишлаш қаторида, отаси билан бирга ва улардан кейин ҳам 25 йил Файзиободдаги боғларида меҳнат қилди. У ерда мевали дарахтлардан тортиб, помидор, бодринг, булғор қалампири, умуман рўзғорга керакли барча сабзавот ва меваларни етиштирди. Касби коридан барака топиб, ҳосили доим мўл бўлар, шу боис маҳалласидаги кам таъминланган оилаларга тарқатиб туришни канда қилмасди. Кейинчалик эса у ерлар қурилиш учун ажратиб берилди. Шу тариқа Зокиржон ота уч йил олдин Абу Али ибн Сино номидаги табиий фанларга ихтисослашган мактабга боғбон бўлиб келди.
– Келганимда мактаб атрофини яхшилаб кўздан кечириб чиқдим. Дарахтлар қаралмаган, тартибсиз ўсган экан. Шу боис икки-уч ой давомида ишни дарахтларнинг тартибсиз шохларини кесиб, уларга шакл беришдан бошладим. Янги жойлар очиб, кўчатлар экдим. Мактаб ҳовлисининг бўш ётган бир чеккасига 30 “Камаз” тупроқ тўктириб, олма, нок, ўрик, бодом каби 400 туп мевали дарахтлар экдим, – дея эслайди боғбон икки-уч йил олдинги ҳолатни.
– Дарахтларни парваришлашнинг ўз технологияси бор. Келинг, гапни кўчат сотиб олишдан бошлайлик. Кўчат танлаётганда, битта ўзак томири ва атрофида 3-4 та кичик томирчалари боридан кўра, томирлари сочга ўхшаб атрофга тарвақайлаб кетгани, яъни, майда томирлари кўп бўлган кўчатни сотиб олган маъқул. Унинг ерга жойлашиб, ўсиб кетиши яхши бўлади. Бири бўлмаса, иккинчи томири илдиз отади.
Янги экилган кўчатнинг ям-яшил барглари бўлса ҳам яхши жойлашиб кетиши қийин кечади. Сабаби яшил баргли дарахт ҳали уйғоқ бўлади. Уйқудаги, барглари тўкилиб бўлган кўчатни экиш лозим. Чунки бу даврда кўчат илдизи ерга мослашиб, куч йиғиб туради ва дарахт уйғонганда ерга мослашган илдиз таъсирида яхши кўкариб кетади. Кўчат экиш учун энг яхши вақт – баҳор. Февралнинг 20 санасидан бошлаб, апрелнинг охиригача эккан маъқул. Аммо сўнгги йилларда кузда ҳам кўчат экилаяпти. Агар кузда кўчат экмоқчи бўлсангиз, қулай вақт деб ноябрнинг иккинчи ярми ва декабрнинг 5 саналаригача бўлган пайтни айтаман. Чунки бу пайтда дарахтлар уйқуга кира бошлайди. Декабрнинг 5 -санасидан кейин эса кунлар совуб қолади ва илдиз учун ер совуқлик қилади.
Янги экилган кўчатни то 2-3 ёш бўлгунча ўзининг тагини чопиб-юмшатиб туриш керак. Катта бўлгандан кейин эса бутун атрофи билан қўшиб ағдариш лозим. Ўғитлардан бериб туриш зарур. Аввало, ерни чопишдан мақсад шуки, ёш дарахтнинг илдизига қуёш етиб бориши керак. Чопиб-ағдарилган ерда дарахтнинг илдизларига қуёш нури тезроқ тегади. Сўнг илдизлар ўсиб, ерга маҳкамроқ жойлашади. Қолаверса, ҳар хил мавсумда уруғлайдиган қурт-қумурсқалар ҳам қуёш нурида нобуд бўлади. Шу боис дарахтларнинг тагини мартнинг охирида, апрелнинг бошида ва ноябрь ойларида чопиб ағдараман. Қиш чилласида яхоб сув бериб, музлатиб оламан. Бу пайтда дарахт уйқуда бўлгани учун яхоб сув унга зарар келтирмайди. Қайтанга қурт-қумурсқалар ўлади. Кейин дарахт ҳосил берганида мевалари силлиқ, чиройли бўлади.
Уч ёш бўлган дарахтларга шакл беришни бошлайман. Шакл бериш – кузда ва баҳорда амалга оширилиб, унда дарахтнинг умумий баландлигини меъёрига келтираман. Ўртасидан тепага чиққан узун йўғон шохини кесиб ташлайман. Чунки ўртадан чиқувчи йўғон шох дарахтда ҳаво яхши айланишига, бошқа шохларга ҳам қуёш нури тегишига халақит беради. Шу боис тепага қараб кетаётган бу марказий шохни кесиб туриш керак. Шохлар қанча қуюқ бўлса, дарахтнинг нафас олиши қийинлашиб, унга шира тушиши ва бошқа касалликлар кузатилади. Буташ жараёнида эса нотўғри ва ичига қараб ўсган новдалар олиб ташланади.
Зокир отанинг олдига ўқувчилар тез-тез чиқиб туришади. Мактаб Республика миқёсидаги таълим даргоҳи бўлгани боис, унинг ётоқхонаси ҳам мавжуд. У ерда 300 нафар ўқувчи туради. Айрим дарслар амалий машғулот бўлгани туфайли, айрим пайтлари эса ўқувчилар бўш пайтларида шунчаки қизиқиб, отага ёрдамлашади, ўрганади.
– Менинг ёрдамчиларим кўп, – дейди боғбон. – Уларга дарахтга ишлов бериш, уларнинг қачон уйқуга кетиши, шакл бериш ва буташ жараёнида қайси новдани олишу қайсини қолдиришни ўргатаман. Шунда улар дарахт тилини астойдил тушуниб, мен билан шуғулланишга қизиқиб қолишади. Ҳар бирларининг ўз дарахтлари бор. Қайси дарахтга кимнинг исми шарифи ёзилган бўлса, ўша бола ўша дарахтни парваришлайди. Мақсадимиз, уларни табиатга ошно қилиш. Қоалверса, мактаб табиий фанларга ихтисослашган бўлиб, бу уларнинг ўрганаётган назарий билимларини амалий ўрганиши учун ҳам шароит яратади.
Зокир ота билан суҳбатлашиб, у кишининг боғбонлик сирларини ҳам билиб олдик. Маълумки, дарахтлар ҳам касалликка чалинади. Айниқса, уларга темир моддаси жуда зарур бўларкан. Темир моддаси етарли бўлганда дарахтнинг касалланиши камдан кам кузатиларкан.
Мактабдан қайтар эканмиз, таълим даргоҳида чиройли боғ яратиб, билим ва тажрибасини ёшларга ўргатишдан эринмаётган, масканда яшилликни кўпайтириб, барчанинг саломатлигига қайғураётган Зокир отага узоқ умр ва мустаҳкам соғлиқ тилаб хайрлашдик.
Зебо НАМОЗОВА,
«Ishonch.uz»
Расмлар муалифи Эъзоза УМУРЗОҚОВА
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0