Тиланчилик: XXI асрнинг ривожланиб бораётган касблари
Бу мақолани ёзишимга ижтимоий тармоқлар учун видеолавҳа суратга олаётган пайтимизда содир бўлган бир воқеа сабаб бўлди. Ёнимизга 30–40 ёшлар атрофидаги бир киши келиб, сўзимизга қулоқ тута бошлади. Унинг ширакайф экани сезилиб турарди. Биз суратга олишни тўхтатганимизни кўриб, “5000 сўм берсангиз”, деб сўрашга ўтди. Пул йўқлигини айтсак, яна бошқа “усул”га ўтди:
— Блогер экансизлар, менга ёрдам қилинглар. Картамни бераман, мениям видеога олинглар. Етти нафар қизим бор, қийналганман. Гапириб бераман...
Қаранг, маст инсон ҳам “сценарий” нима эканини, уни қандай тақдим этишни яхши билади. Бу эса тиланчиликнинг муайян тоифалар орасида “ижтимоий-креатив касб”га айланганини кўрсатади.
Ҳозирги кунда пойтахтимиз кўчалари, метро бекатлари, чорраҳалар ва жамоат жойлари бундай шахслар билан тўлиб кетган. Улар орасида:
Китоб ёки салфетка сотиб юрган болалар,
Қўлида “Менга ёрдам керак” деб ёзилган қоғоз билан юрганлар,
Соқов бўлиб кўринган катталар,
Чақалоқ кўтариб машиналар ўртасида юриб тиланчилик қилувчи аёллар ҳам бор.
Бугун улар шунчаки олдингидай "қўл узатиш" билан чекланмайди. Янгиланган формат: банк карталари, драматургия элементлари, видеога чиқиш таклифлари, ва энг ачинарлиси — одамларнинг қалб туйғуларини маркетинг қуролига айлантириш.
Ижтимоий тармоқлардаги сохта саҳналар
Маълумотларга қараганда, баъзи блогерлар тиланчилар билан шартнома тузади. Йиғилган хайрия пулининг маълум қисми блогерда қолади. Бундан ташқари, айрим фирибгарлар ҳақиқий ёрдамга муҳтож одамларнинг суратларини олиб, турли сохта саҳифалар очиб, қайта-қайта ёрдам сўраб пул тўплашади.
Одамларнинг кўнглидаги меҳр ҳисси шундай сохта акциялар орқали суистеъмол қилиниб, ҳақиқий эҳтиёжмандларга ишончни йўқотмоқда.
Соғлом йигит метро вагонларида қоғоз кўтариб, пул сўрайди. Ёши катта аёллар “доктор ташхиси”ни кўрсатиб, арзимас товарни икки-уч бараварига сотишади. Сиз эса уларнинг юз-кўзига қараб, ундаги қалбакими ё ҳақиқий дардми — фарқлай олмайсиз. Ёрдам қилмасликни ўзингизга хиёнат деб биласиз.
Аммо одамзот бор-ки, бу кўзларга қараб йўқ дея олмайди. Афсуски, булар шундан ҳам фойдаланиш пайига ўтишган. Оёғинг тагидан кетмайди. Бермагунингча қўймайди. Ёнингдаги инсонлардан уялганингдан ҳам сўраганини бериб юборасан киши. Уларнинг нишонида кўпинча қизлар ва ёш-ёш жуфтликлар. Биламизки қизларнинг қалби ўғил болаларникига қараганда анча юмшоқ бўлади, уларни ишонтириш улар учун осонроқ, ёши катталардан кўра, жуфтликларга келадиган бўлсак, ўғил боланинг ғурурини қитиқлайди, қарабсизки ёнидаги қиздан уялганидан ҳам беришга мажбур бўлади.
Қаранг, булар борган сари қай даражада тубанлашиб боришмоқда. Ваҳоланки,сиз энди буларга шунчаки йўқ жавобини бериб қутула олмайсиз. Телефонингизда чиқиб келаётган ўша бечораларни шунчаки ўтказиб юбора олмайсиз. Сабаби улар инсонларнинг туйғуларига қандай зарба беришни ўрганиб улгуришди.
Лекин улар бир нарсани унутиб унутиб қўйишган. Дин томондан олиб қараганда ҳам “тиланчилик йўлини танлаганларга хорлик эшикларини очамиз” дейилганидек, улар топаётган пуллари баракасиз, карталарига тушаётган пуллар файзсиз эканини тушуниб етишмаяпди.
Биз блогерларни айблашимиз мумкин. Ҳамма нарсани оммага олиб чиқмоқдасан дея, лекин ўша карталарни пул билан тўлдираётган ўзимиз эмасми? Уларнинг сохта кўз ёшларига ишониб сўраганини ўз қўлимиз билан бераётган ким? Ҳақиқий беморларни номидан фойдаланаётганлар ҳам аслида сиз-у биздек инсонлар эмасми? Тиланчилар ёнидан шунчаки ўтиб кетганларни ғийбат қилиб, уларни ёмон отлиққа чиқараётганлар, қурумсоқ деб ном қўяётганлар ҳам биз эмасми?
Минг афсуслар бўлсинки, барча саволларга, муаммоларга жавоб бу инсонлар. Жамият, халқ, биз. Блогерларимиз кимдир ёрдам сўраб чиқса шу заҳоти интернетдан қўйишдан олдин бориб ишонч ҳосил қилса, бу каби хабарларни кўраётганлар пул ташлашга шайланишдан олдин бу хабар фейк эмаслигини текшириб кўрсак, кўчадаги тиланчилар аслида ёрдамга муҳтож эмаслигини сезиб пул бермай ўтаётган киши орқадаги кимса ўзини яхши кўрсатиш учун унга пул беришни тўхтатса, шунча йиллардан бери уларни даромад билан таъминлаб турган карвонни тўхтатсак, уларнинг томирига болта урган бўламиз.
Саид Жамол, ЎзЖОКУ талабаси
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0