Аҳоли кўпайса-да, никоҳлар камаймоқда: сабаб ва оқибатлар
Узоқ йиллар давомида Ўзбекистон демографияси шиддат билан ўсиб келди. Шу ўринда янги оилалар сони, турмуш қуришлар миқдори бунга мос бўлади. Лекин яқинда Миллий статистика қўмитаси эълон қилган рақамлар кўпчиликни ўйлантириб қўйди. Гарчи аҳолимиз ошаётган бўлса ҳам, лекин турмуш қуриш камайиб бормоқда. Бу хавотирли, бир томондан қўрқинчли.
Никоҳлар сони кетма-кет тўртинчи йилдирки, камаймоқда. Жумладан, Ўзбекистонда 2025 йилда 267 мингдан ортиқ никоҳ қайд этилган. Бу 2021 йилдагига нисбатан анча кам. 2021 йилда 305,2 мингта, 2022 йилда 296,7 мингта, 2023 йилда 283,8 мингта, 2024 йилда 271,8 мингта никоҳ ҳолатлари қайд этилган...
Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолиси сони 38,29 млн. кишидан ҳам ошиб кетди. Мамлакат нуфузи 40 млн. кишидан ошишига ҳеч қанча вақт қолмади. Аммо биз аҳоли сони кўплиги билан мақтаниб турганимизда, аста-секин “кўз тега бошлади”. Никоҳлар камайди, туғилиш ҳам пастлади, ёмон томони ажрашишлар сони эса ошиб кетмоқда. Бу оила институтига жиддий чақириқ саналади. Қуйида никоҳлар камайиши сабабини оддий мисолларда кўриб чиқамиз.
Битта факт: 2021 йил ҳолатига аҳолимиз 34,5 млн. киши бўлган. Бугун эса 38,3 млн. кишига етдик. Бу орада нуфусимиз 7-8 фоизга ошгани ҳолда, никоҳлар сони тахминан 10 фоизга камайиб кетган. Демак никоҳлар 17-18 фоизга пасайган. Бу ҳақида фақат субъектларимизни билдира оламиз. Чунки янги тадқиқотлар билан танишмадик, статистик маълумотлар қуруқ рақамлардан иборат, масъул ташкилотлар эса ҳозирча хавотир билдиришмади.
Хўш, никоҳлар камайишига нималар сабаб бўлмоқда?
1. Ёш фактори
Энг аввало, турмуш қуриш ёш ошиб бораётгани ва аҳоли таркибида аёллар сони камаяётганини мисол қилиб келтириш мумкин. Турмуш ёши (айниқса, йигитлар орасида) ошиб бормоқда. Ҳозир 30-32 ёшда уйланиш, қизларга 25-27 ёшда эрга тегиш оддий ҳолга айланди. Аёллар ва эркаклар сони ўртасидаги мувозанатнинг аста-секин бузилиб бориши, йигитларга ўзига муносиб жуфт топиш ва оила қуриш эҳтимолини пасайтириб юбормоқда. Бундай олиб қараганда, ҳозирча демографик бўшлиқ унчалик катта эмас. Аёллар сони – 18 979,0 минг киши (49,6%), эркаклар сони – 19 257,7 минг киши (50,4%)ни ташкил этган. Ҳозирнинг ўзида салкам 300 минг кишилик бўшлиқ вужудга келган. Бу тенденция давом этишини ҳисобга олсак, яқин келажакда эркаклар сони аёллардан ярим миллион кишига кўпайиб кетиши, бу ҳам турмуш қуриш бўйича жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Бунинг мисолини Хитой ёки Ҳиндистонда кўрсак бўлади: бу давлатларда эркаклар аёллардан бир неча ўн миллион кишига кўпроқ.
Яна бир гап: бугун йигитлар 30 га кириб уйланса биров ажабланмай қўйди. Жамият бу нарсани нормал қабул қила бошлади. Гарчи қизларнинг эрта турмуши чиқиши ҳақида кўп гапирилса ҳам, статистикада кўпчилик аёллар 30 ёшгача турмушга чиқаётгани маълум бўлган.
Қайд этилган никоҳларда аёлларнинг ёш гуруҳлари бўйича тақсимланиши қуйидагича: 20 ёшгача – 65 078 нафар (36,8 %), 20-30 ёш – 94 765 нафар (53,5 %), 31-40 ёш – 13 137 нафар (7,4 %), 41 ёш ва ундан катталар – 4 037 нафар (2,3 %). Кўриниб турибдики, аёлларнинг 60 фоиздан ошиғи 20 ёшдан ўтиб оила қурмоқда, ҳатто 10 фоизи 30 ёшдан ошиб катта ҳаётга қадам қўймоқда. Демак, ёшларнинг уйланишга шошмаслиги, иқтисодий жиҳатдан ўйловлар ҳам никоҳлар сонига таъсир қилмоқда.
2. Иқтисодий ҳадик
Яна бир субъектив сабаблардан бири, жамиятдаги ўзгаришлар, иқтисодий қийинчиликлар ва қўрқув. Яъни, уйланиш энди шунчаки “уч сўм ва бир калла қанд” билан ҳал бўладиган масалага айланмай қолди. Кўпчилик йигитлар ўзи мустақил меҳнат қилиб, уйланмоқда. Аввалгидек, бир ҳовлида 3-4 та оила бир яшаши, бир хонада тўрт-беш киши бемалол туриши ўтмишга айланган. Турмуш қуриш учун алоҳида уй, хона зарур бўлади. Уй ичини зарур жиҳозлар билан тўлдириш, шароитларни яратиш, тўй базми каби харажатлар йигитларнинг йиллаб умрини ўғирламоқда. Бир сўз билан айтганда, оила қуришлар сонининг камайишига иқтисодий босимлар ҳам сабаб бўлмоқда. Бу нарсанинг энг чўққига чиққан шаклини Япония, Корея ва бошқа ривожланган давлатларда кўриш мумкин, у ерда оила учун ижара тўлови, бола катта қилиш харажатлари ва бошқалар жуда қиммат. Ҳали Ўзбекистон бу даражага етмаган бўлса ҳам, шунга ўхшаш муаммолар Тошкент ва бошқа йирик шаҳарларда аста-секин бўй кўрсатишни бошлади.
- Ҳазил ўрнида: мақола ёзилаётган пайтда лаҳм гўшт 170 минг сўм бўлибди...
3. Ҳуқуқ ва ҳуқуқлар
Учинчидан, гендер тенглик инъикоси. Албатта, давлатимиз томонидан аёлларга катта эътибор берилаётгани, ҳуқуқлари ҳимоя қилинаётгани жуда катта ютуқ. Аммо айрим йигитлар бу ислоҳотлар фонида уйланишга чўчиб қолмоқда. Чунки аёл, бу энди ҳар қандай гапга индамай кўниб кетадиган шахс эмас. Уйланиш асносида эркак хотинининг ҳуқуқларини таъминлаб қўйиши, мол-мулкини у билан бўлишиши, кези келганда унга босим ўтказишдан тийилиши керак. Бир сўз айтганда, оила масъулияти ошиб бормоқда. Оила ажрашганда, аёл ҳуқуқлари таъминланмоқда, айрим аёллар ажримни афзал билмоқда. Алимент ундириш бўйича кучли механизмлар ишлаб чиқилди. Бир сўз билан айтганда, гендер тенглик принципи ишламоқда. Бу эса йигитларни ўйлаб қадам босишга мажбурлаяпти, айримлар оила юкини елкага ортишдан чўчиб қолди.
4. 2000-йиллар таъсири
Мавзуни ўрганаётганда қуйидаги рақамларга кўзимиз тушди: 2000-йиллардаги демографик бўшлиқ. Яъни Ўзбекистонда 2000-йиллар бошида туғилишлар анчагина пасайган. Мисол учун 1991 йил – 723,4 минг киши; 1995 йил – 678 минг киши; 2000 йил – 527,6 минг киши; 2005 йил – 533,5 минг киши; 2010 йил – 634,8 минг киши; 2015 йил – 734,1 минг киши; 2020 йил – 841,8 минг киши; 2024 йил – 926,4 минг киши туғилган. Кузатган бўлсангиз, аср бошида туғилиш энг қуйи даражага тушган. Ҳозирда 24-28 ёшли фуқароларимиз асосий оила қурувчилар саналади. Оила қурадиган ёшларнинг камлиги ўз навбатида никоҳлар сонига ҳам жиддий таъсир қилади.
5. “Уйланмасам ҳам бўлаверади”
Ва ниҳоят, оила қуришга таъсир қилаётган омиллар сафига ҳаёт завқини чўзиш, ота-она таъсири пасайиши, оммавий маданият таъсирини ҳам қўшиш мумкин. Бугун миллионлаб фуқароларимиз (асосан эркаклар) хорижда ишламоқда ва ўқимоқда. Улар йиллар давомида Ўзбекистонга қайтмаяпти ва ўз навбатида уйланиш масаласи ҳам очиқ қолмоқда.
Интернет ва ижтимоий тармоқлар таъсирида ҳозирги реал чегаралар таъсири йўқолди, бир жамият маданиятини иккинчисига экспорт қилиш осонлашди. Афсуски, бизнинг ёшлар орасида ҳам хориждаги каби фуқаровий никоҳ, тўй қилмасдан яшаб кўриш (оз миқдорда бўлса ҳам) ва бошқа нарсалар тарқалмоқда. Юқорида айтганимиздек, бугун ўттизга кириб оила қуриш ҳайратланарли воқеа эмас, оддий жараёнга айланди.
6. Ажримларнинг ўзи қўрқитяпти
Яна бир хавотирли тенденция кучаймоқда, яъни никоҳлар камайиши фонида оилавий ажримлар кўпайган. Жумладан, 2025 йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан ажрашиш билан боғлиқ 70 535 та иш кўрилиб, 37 544 таси қаноатлантирилди. Бу турдаги ишлар сони 2024 йилга нисбатан 6 692 тага, қаноатлантирилган даъво талаблари эса 5327 тага кўпайди. Яхлит олиб қараганда, қурилаётган оилаларнинг ҳар бештасидан бири ажрим ёқасига келиб қолмоқда.
Хулоса ўрнида, яна бир фактни келтириб ўтмасак бўлмайди
Демография фанига кўра, аҳоли нуфуси турли фазаларга бўлинади. Бунда дастлаб аҳоли шиддат билан кўпаяди, сўнгра бу секинлашади, охир-оқибатда ҳатто демографик инқироз ҳам вужудга келади. Масалан, Ғарб давлатлари бу жараёндан ўтмоқда. Европа ва Шимолий Америка аҳолиси 1940-60 йилларда кескин ўсганди. Йигирманчи аср охирига келиб эса боши берк кўчага кирди. Олимларга кўра, вақт ўтиши билан ҳозир туғилиш юқори бўлган Осиё ва Африкада ҳам жараён секинлашиши мумкин. Яъни бизда кузатилаётган туғилиш ва оила қуришнинг бироз пасайиши мана шу демографик фазаларнинг бир қисми бўлиши ҳам мумкин.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0