Асримизнинг энг хавфли касаллигини биласизми?
Айрим ота-оналар уй юмушлари билан машғул бўлганда ҳали тили чиқмаган гўдакларга мультфильм ёки видеолар қўйиб беради, бунинг келажакдаги салбий оқибатлари ҳақида эса ўйлаб ҳам кўрмайди.
Номофобия — қандай касаллик?
Номофобия – ХХI аср эпидемияси дея таърифланувчи ушбу касаллик телефонга қарамлик, ундан айрилиб қолишдан қўрқув ҳисси пайдо бўлиши билан кечади ва ҳозирда кўпроқ болалар ва ўсмирларда учрамоқда.
Сир эмаски, бугун ҳаётимизни гаджетларсиз тасаввур қила олмаймиз. Турли вазиятларда энг яқин кўмакчимизга айлангани ҳам рост. Зарур маҳсулотни харид қилиш дейсизми, банкка бормасдан банк хизматларини бажариш дейсизми, барчасини бир неча амаллар билан телефоннинг ўзидаёқ ишни битириш мумкин. Бироқ, ҳар нарсанинг меъёри бўлгани каби гаджетлардан фойдаланишда ҳам маълум меъёрлар бўлиши керак. Зеро, виртуал оламга қаттиқ боғланиб қолиш инсоннинг физиологик ва руҳий саломатлигида жиддий муаммоларни юзага келтириши мумкин. Бу борада аллақачон илмий ишлар бошланиб, олимлар бунинг зарарлари ҳақида хулоса бермоқда. Мобил қурилмага боғланиб қолишнинг зарарини афсуски жиддий қабул қилаётганлар кам. Ҳатто, боғча ёшидаги болаларга ҳам телефонсиз ҳаёт йўқ.
Айрим ота-оналар уй юмушлари билан машғул бўлганда ҳали тили чиқмаган гўдакларга мультфильм ёки видеолар қўйиб беради, бунинг келажакдаги салбий оқибатлари ҳақида эса ўйлаб ҳам кўрмайди.
Мутахассислар унинг зарари ҳақида нима дейди?
Ушбу фобиядан азият чекадиган инсон асабий, диққатини жамлай олмайдиган бўлиб қолади, шунингдек, бу ҳолат қўлида телефон бўла туриб, ундан фойдаланиш учун имкон (уяли тармоқ сигнали ёки wи-fi) бўлмаслиги сабабидан ҳам юзага келади.
Энг ёмони, телефондан узоқ вақт давомида бетартиб фойдаланиш инсоннинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий саломатлигига жиддий таъсир кўрсатади. Гаджетлар қаршисида кўп вақт ўтказиш болада умуртқа поғонаси, бўйин билан боғлиқ турли хасталиклар ривожланиши хавфини ҳам туғдиради.
Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда 5-16 ёшдаги болалар кунига 3 соатдан 8 соатгача вақтини телефон қаршисида ўтказади. Бунинг натижасида уларда телефонга қарамлик, ундан айрилиб қолишдан қўрқув ҳисси пайдо бўлади.
Афсуски, номофобия болалар орасида энг кўп тарқалган психологик касалликлардан бирига айланишга улгурди. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, гаджетларга бўлган тобелик даражаси, айниқса, у кичик ёшдан шаклланиб келган бўлса, ҳатто, наркоқарамликдан ҳам кучлироқ бўлиши мумкин экан.
Кўзга кўринмас таъсири
Телефон инсон саломатлиги учун хавфли бўлган электромагнит тўлқинлар чиқаради. Тўлқинлардан нурланишнинг зарари кичик ёшдаги болалар учун янада кучлироқ бўлиб, бу уларда кейинчалик иммунитетнинг пасайиши, асаб тизимида муаммолар пайдо бўлишига сабаб бўлади.
Гаджетлардан узоқ вақт давомида фойдаланишдан азият чекадиган асосий органлардан бири – бу кўзлар. Болалар бир дақиқада ўртача 18-20 марта мижжа қоқади. Бу кўзларни намлантириб, улар зўриқишининг олдини олади.
Аксарият ҳолларда болалар телефон экранига яқин масофадан тикилиб ўйин ўйнайди, видео кўради. Бунда улар мижжа қоқишни унутади ва натижада кўз зўриқишни бошлайди. Бу эса кўз олмасининг ўсиб кетиши, кўриш қобилиятининг пасайиши, узоқни яхши кўра олмаслик (миопия), ғилайлик, кўзнинг сурункали ёшланиши ёки қизариши, кўз қуриб қолиш синдроми каби муаммоларга олиб келиши мумкин.
Ота-оналар ва болалар буни дарров пайқашмайди. Кўпинча гаджетлардан узоқ вақт давомида фойдаланиш оқибатида келиб чиққан кўз касалликлари болалар мактабга чиқиши, айрим ҳолларда эса ҳатто ўсмирлик даврида, масалан ҳарбий хизматга жўнашдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш жараёнида аниқланади.