Айтмасак бўлмайди: жавоб беролмасангиз, қайта-қайта қўнғироқ қилаверадиган танишларингиз борми?
Бу ҳақда аввал деярли гапирилмаган. Чунки у пайтлар телефонлар фақар катта идоралар ва хизматчиларнинг уйларида бўларди. Бугун замон ўзгарди, натижада янги-янги қоидалар учун ҳам эҳтиёжлар юзага келмоқда. Телефон орқали суҳбатлашиш энг қулай, энг арзон воситага айланиб бўлди. Аммо баъзи кишиларнинг ажабтовур феъл-атворларига борки, телефонда суҳбатлашиш одоблари ҳақида бироз қоғоз қоралашни зарурат деб ўйладик.
Кўп кузатгансиз, бир тоифа бор – қўнғироқ қилади, нимадир сабаб билан кўтара олмасанг, узлуксиз қилаверади, қилаверади. Шу одам банддир, мажлисдадир, шифохона ёки жанозададир, иш вақтида телефонини овозсиз режимга ўтказиб топшириқлар бажараётгандир, намоз ўқиётгандир, машина ҳайдаб кетаётгандир, қўпол бўлса-да, ҳожатхонададир, деган фикр хаёлига ҳам келмайди. Улар кўпинча ўз ташвиши ва иши битишини ўйлайди, сизнинг ҳолатингиз ҳақида бош қотириш ёки мулоҳаза юритиш учун вақтлари йўқ.
Бир куни бир киши телефонимга уч дақиқада етти марта қўнғироқ қилди. Ишни тугатганимдан сўнг қўнғироғига жавоб бериб, “Ҳа ака, қаер ёняпти?” — десам, савол мазмунига ҳам фаросати етмай: “Нимага унақа дейсиз?” — деб сўради. Тушунтирганимдан кейин ҳам “Кўтармаганингиздан кейин қилдим-да?” — дейди яна. Энг алам қиларлиси, шунча марта қўнғироқ қилишига сабаб бўлган масаласи жуда арзимас бўлади.
Янада қизиғи, баъзида ким биландир гаплашаётган бўлсангиз иккинчи линиядан қўнғироқ келаверади, келаверади... Ақлли инсон телефондан кутиш режими овозини эшитгандан бирдан ўчиради ва камида 5-10 дақиқадан кейингина қайтиб қўнғироқ қилади. Айримлар қўнғироқ қилади, нимадир сабаб билан жавоб бера олмасанг, кейинчалик боғланганингда “Нега телефонни кўтармайсан?!” — дея иддао ҳам қилади. Шу ўринда бир савол туғилади: телефон меникими, сеникими? Агар у сеники бўлса, ўзинг бемалол гаплашавер, агар у меники бўлса, мен уни ўзим хоҳлагандай, ўзим хоҳлаган пайтда ишлатишимга монелик қилма!
Адашмасам, динимиз одобида бир эшикни тақиллатсанг-у очишмаса, икки ракаат намоз ўқилгунча кейинги тақиллатишга сабр қил, деган жойи бор. Телефонда ҳам шу одоб амал қилиши керак.
Шу ўринда ўринли мулоҳаза сифатида бир қатор зарурий одоблари бир жойга йиғиб чиқдик.
Аввало қўнғироқ қилаётганда, вақтга эътибор бериш керак. Ўта шошилинч ва зарур бўлмаса суҳбатни эрталабки соат 9:00 дан кечки соат 20:00 гача амалга оширган маъқул. Кўпчилик эрталабки 7-8 лардан нонушта қилаётган, ишга жўнаётган ёки жамоат транспортида бўлади. Метро ва автобуслардаги тиқилинч барчамизга аён. Бундай ҳолатда телефонда суҳбатлашишни тасаввур ҳам этиб бўлмайди. Туш вақти эса суҳбат учун қулай фурсатлардан деса бўлади. Иккинчидан, суҳбатдошингиз гўшакни кўтаргач, унинг зарур ишлари бор-йўқлиги ҳақида сўранг, агар шошиб турган бўлса вазиятни тезроқ ойдинлаштирган маъқул. Шунингдек, идорада хизмат қилиб турган ишчи ёки хизматчини ҳам ишдан қолдирган ҳолда гапириб ўтириш ярамайди.
Қўнғироқ қилганингизда гўшакни узоқ кутманг. Агар 3–4 та чақирувдан (гудокдан) кейин жавоб бўлмаса, телефонни қўйинг. Эҳтимол, инсон ҳозир гаплаша олмайдиган ҳолатдадир. Тўхтовсиз қайта-қайта қилинган қўнғироқлар суҳбатдошда фақат асабийлик ва босим уйғотади.
Айримлар рақами ўзгарса ёки суҳбатдоши овозини танимай қолса, ўзини танитмай чўзади ёки астойдил хафа бўлади. Ишонинг, ҳамма ҳам смартфондан келаётган овоз эгасини биттада ажратиб олиш қобилиятига эга эмас. Суҳбатдош сизга жудаям яқин одам бўлмаса, уни ҳижолат қилмасдан ўзингизни тўлиқ таништиринг ва мақсадни очиқланг. Учинчидан, суҳбатни албатта салом бериш билан бошланг, шошмасдан гапиринг. Биринчи бўлиб салом бериш нариги томон олдида даражангизни кўтаради, албатта.
Тўртинчидан, кўчада, кафеда ёки дўконда бўлсангиз, қисқаси атрофингизда бегоналар кўп бўлса, телефондаги микрофонни ёқиб олманг, паст овозда, шошмасдан гаплашинг. Шошиб, асабийлашиб, бақириб ёки ҳис-ҳаяжон билан гапириш атрофдагиларнинг ғашига тегиши мумкин. Қолаверса, жамоат транспортида, йиғилишларда, умуман кўпчилик орасида бемалол баланд овоз билан шахсий масалаларини гаплашаверадиганлар, телефонидаги видеолавҳалару қўшиқларни варанглатиб қўйиб оладиганлар ҳам борки, (сизга ёқадиган видео, рилслар, сиз мухлис бўлган вайнерларнинг овози бошқаларнинг асабини эговлаши мумкин) уларни кузата туриб, мобил алоқа маданиятимизни салбий баҳо билан кўриб чиқадиган вақт аллақачон келганини англаб етамиз.
Бешинчидан, сабрли бўлинг. Шеригингизни оғзига уриб, гапни илиб кетиш ҳам хунук вазият саналади. Агар суҳбатдош овқатланаётган,чой ичаётган ёки оила даврасида бирон масалани муҳокама қилаётган бўлса, телефонни тезда ўчиринг ундан бемалол бўлганда қўнғироқ қилишини илтимос қилинг. Агар сиз шовқин жойда бўлсангиз (кучли шамол эсаётганда, кўча, бозор), суҳбатни бошлашдан олдин бу ҳақда огоҳлантиринг: “Мен ҳозир кўчадаман, агар овоз яхши эшитилмаса, узр сўрайман”. Шунда суҳбатдошингиз тушунарсиз овозлардан хижолат бўлмайди
Шу вақтга қадар телефонда суҳбатлашиш бўйича одоблар ҳақида гапирдик. Бугун мессенжерлар ҳам оммалашиб кетди. Ҳатто кўпчилик фақат зарур ҳолатларда қўнғироқлашиб, бошқа вақтда Телеграм ва шунга ўхшаш иловаларда гаплашиб олмоқда. Бу қулай, шунингдек, бир пайтнинг ўзида бир неча ишни битказиб олишингиз ҳам мумкин.
Аммо мессенжерлар борасида ҳам баъзи одобларни гапирмасак бўлмайди. Энг аввало, овозли хабар жўнатишни севувчиларга мурожаат қиламиз. Кўпчилик ёзишга эриниб, ҳатто 2-3 дақиқалик хабар юборишади. Кўпинча унинг бир дақиқаси кириш сўзи билан ўтиб кетади. Сизга овозли хабар юбориш осон бўлгани билан, суҳбатдошингиз уни эшитишга қийналиши мумкин. У масалан автобусда, тумонат одам ичида сизнинг овозингизни тинглай олмайди. Албатта, замонавий мессенжерларда овозли хабар қабул қилишни чеклаб қўйиш имконияти ҳам мавжуд.
Мессенжер иловалари орқали қўнғироқ қилиш-ку, алоҳида масала. Баъзилар ижтимоий тармоқда дўстликка қўшиш биланоқ қўнғироқ қилишга тушади. Шахсийда саломлашиб, қўнғироқ қилишга изн сўрашни эса тасаввурга сиғдирмайди. Видеоқўнғироқ орқали боғланишдан олдин доимо хабар ёзиб сўранг: “Видеода гаплашсак бўладими?”. Инсон уй кийимида ёки ноқулай вазиятда бўлиши мумкин. Видеода гаплашаётганда эса кўз билан контакт қилиш (камерага қараш) жуда муҳим. Шу ўринда яна бир гап: шахсийда ёзишаётганда, катта-катта ҳарфлар билан, ҳар бир сўз орасига нуқта қўйиб, кўзни толиқтирадиган қилиб ёзманг. Интернетда имло хатоларини тузатиб берадиган қатор бепул иловалар бор. Бехато, тушунарли ва равон ёзиш суҳбатдошнинг ҳурмати ва эътиборига сазовор қиладиган омилдир.
Бугун ҳар биримизда уяли алоқа воситаси бор, усиз энди ҳаётимизни тасаввур қила олмас даражага етдик. Шундай экан ҳаётимизнинг бир қисмига айланган бу воситадан фойдаланишда ўзимизга ташқаридан баҳо беришимиз шарт.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0