Бекободлик ўқитувчининг мурожаати ижобий ҳал этилди
Бекобод шаҳар ихтисослашган мактабида фаолият юритувчи Зайтуна Маматқулова дарс соатлари тақсимоти юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти кенгашидан ҳуқуқий ёрдам сўради.

– Ўз мутахассислигим бўйича ишласам-да, менга атиги 8 соат дарс берилган. Мутахассислиги мос келмайдиган ҳамкасбимга эса , 30 соат дарс ажратилган. Ўзим ёлғиз онаман, олаётган иш ҳақим фарзандим таъминоти учун етарли эмас. Дарс соатлари тақсимотини холисона ўрганиб, белгиланган тартибда педагогик юклама олишимга ҳуқуқий ёрдам беришингизни сўрайман, – дейди у.
Масала Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Тошкент вилояти бирлашган қўмитаси раиси Р. Тожибоев, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти кенгаши меҳнат-ҳуқуқ инспектори М. Мирзаев ҳамда вилоят ихтисослашган мактаби мутахассислари иштирокида ўрганилди. Натижада Зайтуна Маматқулованинг муаммоси ижобий ҳал этилди.
– Масалам қисқа вақт ичида ўрганилиб, ижобий ҳал қилинганидан хурсандман. Барча масъулларга миннатдорлик билдираман, – дейди у.
Рисолат Абдуллаева,
Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Тошкент вилояти бирлашган қўмитаси мутахассиси.







