Бир хил иш тартиби зериктирдими? Стол тенниси ўйнанг
– Кундалик бир хил иш тартиби, компьютер ва мобил қурилмалар қаршисида узоқ вақт ўтириш бизни бироз толиқтирган эди. Турнир эса кайфиятимизни кўтарди, ўзаро яқинлашишимизга ва янги куч билан ишга қайтишимизга туртки берди, – дейди “Алоқабанк” АТ Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва ривожлантириш маркази менежери Севинч Нуриддинова.
Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ташаббуси билан соҳа вакиллари ўртасида стол теннис мусобақаси ўтказилди. Унда 20 га яқин ташкилотдан 1000 га яқин иштирокчи қатнашиб, саралаш босқичларидан сўнг 40 нафар энг кучли спортчи Тошкент шаҳридаги финалда беллашди.
Мусобақа 7 апрель — Бутунжаҳон саломатлик кунига бағишланиб, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёшларни спортга жалб этиш ва мазмунли ҳордиқ чиқаришни мақсад қилди. Кунни асосан компьютер қаршисида ўтказадиган мутахассислар учун турнир мулоқот ва тажриба алмашиш майдонига айланди.
Стол тенниси жисмоний ва руҳий саломатликни мустаҳкамлаб, диққат ва тезкор фикрлашни ривожлантиради. Шу сабабли ушбу мусобақа ёш мутахассисларнинг иш самарадорлигини ошириш, уларни спортга кенг жалб этиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантиришга хизмат қилади.
Якунларга кўра, эркаклар ўртасида Рустам Бобомуродов, аёллар ўртасида Ҳалида Раҳимова ғолиб бўлди. Ғолиб ва иштирокчилар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Диёра Равшанова
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0