Боплади лекин...
– Майда пулга ўқийманми, чиқаринг йирикроғини, ҳа-а, икки юз минг сўм бўлади.
Кейин у кутилмаганда пулимга туфлади ва бармоғини игна билан тешиб, қонини теккизди, пулни буклаб, ўртасидан озроқ йиртди-да: «Бу сизнинг ғамингиз, буни қабристонга кўмиш керак», деди. Нима қилишни билмай қолдим, туфланган, қон суртилган, йиртилган пулни олиш керакми-йўқми?
Дўстим газетада ишлайсиз-ку, бир воқеани ёзсангиз-чи, фақат кимлигимни айтмайсиз. Савдомдан барака қочиб, бошимга тушган ташвишлардан хабарингиз бор. Уни аритиш учун нажот истаб, Нурота зиёратгоҳига оилам билан бордим. Йўл-йўлакай фарзандларимга тайинладим: «Кўнгилларингда неки бўлса, ният қилинглар, албатта, ушалади, бу ҳақда кўп эшитганман».
Тошкентдан бир неча юз километр йўл босиб, манзилга етиб боргач, зиёрат қилдик. Кейин ёлғиз айлана бошладим. Бир маҳал қаршимдан чиққан лўли: «Бошингизга ташвиш тушибди, улардан фориғ бўлишни хоҳлайсизми?» деди. Фол очмоқчи, деган хаёлда ундан узоқлаша бошладим. У бўлса, қўлидаги бир шода тасбеҳдан бирини олиб, «20 минг сўмга сотиб олинг», деди. Чарчаганим учун тезроқ қутулай, дедим-да, пулни узатдим. Кейин лўли мени «сеҳрлади»:
– Шу пулингизга барака ўқиб қўяйми, ишингиз яна ривож топади.
Иримчилигимга бордим: «Ўқинг».
– Майда пулга ўқийманми, чиқаринг йирикроғини, ҳа-а, икки юз минг сўм бўлади.
Кейин у кутилмаганда пулимга туфлади ва бармоғини игна билан тешиб, қонини теккизди, пулни буклаб, ўртасидан озроқ йиртди-да: «Бу сизнинг ғамингиз, буни қабристонга кўмиш керак», деди. Нима қилишни билмай қолдим, туфланган, қон суртилган, йиртилган пулни олиш керакми-йўқми?
Уни ҳақорат қилишдан ўзимни зўрға тийдим, тилимга келгани «Бор-э» деган сўз бўлди. Алам қилгани, бошқа бир тиланчи айни шу йўл билан аёлимдан ҳам юз минг сўм олибди. Шуни ёзинг, бошқалар алданмасин. Аммо бу ҳақда танишларга гапириб юрманг, устимдан кулишади. Бировга айтмаслигингизни билганим учун сизга ёрилдим. Лўли боплади, лекин...
Алижон Абдусатторов,
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0